“Эй, иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир.”
Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик ва бошқалар киради.
«Эй, иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг».
Ояти каримада ботил йўл билан бировнинг молини ейишдан «Магар ўзаро розилик ила бўлган тижорат бўлса, майли», деб истисно қилинмоқда. Албатта, ҳалол ризқ топишнинг йўли фақат тижорат эмас. Аммо бу мақомда тижоратнинг зикр қилинишига сабаб – ботил йўл билан мол ейишнинг баъзи турларида тижоратга ўхшашлик бор. Мисол учун, Арабистон ярим оролида рибохўрлик авж олган эди. Аллоҳ таоло бу ишни ҳаром қилганида, мушриклар, рибо ҳам тижоратга ўхшаш, деган даъвони илгари сурдилар. Шунга ўхшаш тушунмовчиликлар ёки ноўрин даъволарнинг бўлмаслиги учун, ўзаро розилик билан бўлган тижорат истисно қилинмокда. Чунки, тижорат – ҳалол меҳнат. Тожир меҳнат қилиб, молу пулини ишга солиб, ишлаб чиқарувчи ва харидор орасида восита бўлади. Бу вазифани бажариш учун орада анчагина хизматларни адо этади. Унинг келажакда фойда кўриш-кўрмаслиги, фойданинг оз ёки кўп бўлиши гумон бўлади. У касод бўлиш, синиб, молсиз-пулсиз қолиш эҳтимолларини ҳам бўйнига олиб, бу ишга қўл уради. Энг муҳим омиллардан бири – тижорат икки тарафнинг розилиги билан бўлади. Харидор рози бўлмаса бошқа томонга кетаверади, чунки у олиш-олмасликда ҳур.
Оятнинг давомида Аллоҳ таоло мўмин бандаларига хитоб қилиб: «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг!» демоқда.
Сиртдан қараган одам, бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш ва ўзини ўзи ўлдириш орасида нима алоқа бор, дейиши мумкин. Лекин чуқурроқ ўйлаб кўрилса, ҳаётий тажрибага назар солинса, ҳақиқатда бу икки нарса ўртасида бевосита алоқа борлиги кўрилади. Бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш одати бор жамиятлар ўзини ўзи ҳалокатга олиб боражагини ва бораётганини кўрамиз. Умуман, Аллоҳнинг айтганидан чиқиш, унга маъсият қилиш ҳалокатга элтиши аниқ эканлигида шубҳа йўқ. Жумладан, мазкур ботил йўл билан мол емоқ ҳам катта маъсият/гуноҳ сифатида ҳалокатга сабаб бўлади. Бу ишни қилганлар ўзини ўзи ўлдирган бўлади.
«Албатта, Аллоҳ сизларга раҳимлидир».
У мўмин-мусулмонларга раҳм қилгани учун ҳам, ҳалокатга олиб борувчи ишлардан, жумладан, бир-биримизни молимизни ботил йўл билан ейишдан қайтармоқда. Бизни нажотга сабаб бўлувчи ишларга буюрмоқда. Бу ҳол Аллоҳнинг раҳматидир. Агар у раҳм қилиб, тўғри йўлни кўрсатиб бермаганида, нотўғрисидан қайтармаганида, катта машаққатда қолган бўлар эдик.
Манба: “Тафсири ҳилол”