“Сизларга хотинларингиз қолдирган нарсанинг – агар уларнинг боласи бўлмаса – ярми тегади. Агар уларнинг боласи бўлса, сизга улар қолдирган нарсанинг чораги тегади. Улар қилган васиятни ёки қарзларини адо этгандан сўнг. Уларга сиз қолдирган нарсанинг – агар болангиз бўлмаса – чораги тегади. Агар болангиз бўлса, уларга сиз қолдирган нарсанинг саккиздан бири тегади. Сиз қилган васиятни ёки қарзингизни адо этгандан сўнг. Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса, унинг биродари ёки синглиси бўлса, улардан ҳар бирига олтидан бир тегур. Агар улар бундан кўп бўлсалар, учдан бирига шерикдирлар. Зарар қилмайдиган васиятни ёки қарзни адо этгандан сўнг. Булар Аллоҳнинг васиятидир. Ва Аллоҳ билувчи ҳамда ҳалийм Зотдир”.
Ушбу ояти каримадаги мерос тақсими инсон ақлини лол қолдирадиган даражада аниқлик билан келган. Буни Исломда мерос масаласини ўрганган ажнабий олимлар ҳам алоҳида таъкидлаганлар.
«Сизларга хотинларингиз қолдирган нарсанинг – агар уларнинг боласи бўлмаса – ярми тегади. Агар уларнинг боласи бўлса, сизга улар қолдирган нарсанинг чораги тегади. Улар қилган васиятни ёки қарзларини адо этгандан сўнг».
Бефарзанд хотин ўлиб, ортидан эри қолса, мероснинг ярмини олади. Аммо, у хотиннинг ўғлими, қизими нечта бўлса ҳам шунингдек, аввалги эридан ҳам, боласи бўлса, эрга мероснинг чораги тегади. Албатта, аввалги оятда келганидек, бу мерос ҳам вафот этган хотин қилган васиятни ёки олган қарзини адо этгандан сўнг тақсимланади.
«Уларга сиз қолдирган нарсанинг – агар болангиз бўлмаса – чораги тегади. Агар болангиз бўлса, уларга сиз қолдирган нарсанинг саккиздан бири тегади. Сиз қилган васиятни ёки қарзингизни адо этгандан сўнг».
Агар бефарзанд эр ўлиб, ортидан хотини қолса, мероснинг чорагини олади. Аммо, ўлган эрнинг ўғилми, қизми, ўзми-ўгайми, яъни бошқа хотиниданми, кўпми, озми фарзанди бўлса, хотинга мероснинг саккиздан бири тегади. Бу хам васиятни ёки олинган қарзни адо этгандан кейин бўладиган тақсим. Меросхўр хотин битта бўлса, мазкур чорак ёки саккиздан бир улушни ўзи олади. Агар вафот этганнинг хотини иккита, учта ёки тўртта бўлсалар, ўша чорак ёки саккиздан бирда (барчалари) шерик бўладилар. Ояти каримадаги:
«Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса», жумласини, хусусан, «калола» сўзини бир оз шарҳлашга тўғри келади. Бу ҳақда уламоларимиз ҳам анча баҳс юритганлар. Бизнинг тилимизда «калола» сўзининг маъносини айнан ифода этадиган ибора йўқ. Шунингдек, араб тилида ҳам бу сўзнинг муродифи йўқ. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан одамлар «калола» ҳақида сўрашганида: «У тўғрисида ўз фикримни айтаман, тўғри бўлса, Аллоҳдан, хато бўлса, мендан ва шайтондан, яъни, Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг бунга алоқалари йўқ. Калола – зурриёди ва аждоди йўқ одамдир», дедилар. Яъни, ўлган пайтида бола-чақаси, набира-чеваралари ҳам, ота-онаси, бобо-момоси ҳам йўқ, бўлган одам, демакдир.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам ўз халифалик вақтларида: «Абу Бакрнинг фикрига хилоф қилишдан уяламан», деганлар. Турт мазҳаб соҳиблари ҳам, аввал ўтган, кейин келган уламолар хам шу фикрга қўшилганлар.
«Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса, унинг биродари ёки синглиси бўлса, улардан ҳар бирига олтидан бир тегур. Агар улар бундан кўп бўлсалар, учдан бирига (барчалари) шерикдирлар».
Бу жумлада она бир ака-ука ва опа-сингиллар ҳақида сўз кетмоқда.*
Демак, оятнинг ҳукмига кўра, «калола» ҳолида вафот этган одамнинг ортидан она бир биродари (акаси ёки укаси) ва синглиси қолса, уларнинг ҳар бирига мероснинг олтидан бири тегади. Агар она бир биродар ва сингиллар бундан кўп бўлсалар, мероснинг учдан бирида шерик бўладилар. Эркак-аёл тенг насиба олишади. Бунда ҳам ўша калола ҳолида мерос қолдирган эркак ёки аёлнинг қилган васияти ва олган қарзи адо этилганидан сўнг тақсимланади. Васият эса, зарар қилмайдиган бўлиши керак. Бу ҳукм мерос бобидаги ҳамма васиятларга тегишлидир. Чунки, Аллоҳ таоло оятда:
«Зарар қилмайдиган васиятни ёки қарзни адо этгандан сўнг», демоқда.
Зарар қилмайдиган васият дегани нимани билдиради? Унинг адолатли, меросхўрлардан бирортасига зарар келтирмайдиган бўлишини билдиради. Мисол учун, баъзи меросхўрларни меросдан маҳрум қилмаслик ёки меросдан ҳақини камайтирмаслик керак. Умуман, Аллоҳ таоло кўрсатган миқдорларни ўзгартирмаслиги лозим. Ким ўз хоҳишича тақсимлайдиган бўлса, Аллоҳнинг ҳукмига, шариатга қарши чиққан бўлади. Ибн Аби Ҳотим Абдуллох ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«Зарарли васият килиш гуноҳи кабиралардандир», деганлар.
Бу оятнинг охирида ҳам аввалги оятга ўхшаш қаттиқ таъкидлар келади:
«Булар Аллоҳнинг васиятидир».
Яъни, меросни юқорида айтилгандек тақсимлаш, ишларда ҳалол-пок бўлиш Аллоҳнинг васияти (кўрсатмаси)дир. Бошқаники эмас. Ҳаводан ҳам олингани йўқ. Бир гуруҳ одам тўпланиб олиб, маслаҳатлашиб қарор қилганлари хам йук.
«Ва Аллоҳ билувчи ва ҳалийм Зотдир».
Ким нима билан машғул, ким меросни тўғри тақсим қилмокда-ю, ким нотўғри тақсим қилмоқда Аллоҳ кўриб/билиб туради.
Мусулмон инсон ўзининг ҳар бир иши, ҳаракати ва фаолияти Аллоҳнинг шариатига мувофиқ бўлиши лозим. Шу жумладан, мерос масаласида ҳам. Ҳар бир иш Аллоҳнинг ҳукми билан бўлиши асосий исломий таълимот бўлганидан, Қуръони Каримда бу маъно қайта-қайта таъкидланади.
* меросдаги ака-ука ва опа-сингилларнинг улуши юзасидан ушбу суранинг 176 оятида ҳам сўз боради.
Манба: “Тафсири ҳилол”