“11. Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр этади. Агар улар иккитадан кўп (аёл) бўлсалар, уларга у (ота) қолдирганнинг учдан иккиси. Агар қиз битта бўлса, унга ярми. Агар у(маййит)нинг боласи бўлса, у тарк қилган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмаса ва ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир. У қилган васият ёки қарзини адо этгандан сўнг. Оталарингиз ва болаларингиздан қайси бирлари сизга манфаатлирок эканини билмассизлар. Бу, Аллох жорий қилган фарздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир.”
Ал-Авфий Ибн Аббосдан қуйидагиларни ривоят қилади: «Аллоҳ таоло ўғил-қизларга ва ота-оналарга мерос бобида фарз қилган ҳукмлар ҳақида оятлар туширганда, баъзи одамларга ёқмади. Улар «хотинга тўртдан бир ёки саккиздан бир, қизга ярим… кичкина болага ҳам бериладими? Ахир, улардан бирортаси ҳам урушда қатнашмайдилар-ку! Ўлжа ҳам олмайдилар-ку! Бу гап тўғрисида индамай туринглар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёдларидан чиқиб қолса, ажаб эмас ёки у кишига айтамиз, буни ўзгартирадилар», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули! Қиз болага отасининг меросидан ярми бериладими? Ахир, у от миниб, душманга қарши урушмайди-ку! Қўлидан ҳеч нарса келмайдиган гўдакка ҳам мерос бериладими?» дейишди. Улар жоҳилият вақтида душманга қарши уруш қилганларгагина мерос беришар, катта ёшлардан бошлаб беришар эди. Уларнинг бу тутимларига жавобан Аллоҳ таоло:
«Аллоҳ, сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр қилади», деб бошланувчи ояти каримани нозил қилди.
Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики, мол-у мулк борасида ўрганиб қолинган одатни тарк этиш қийин. Мерос ҳақидаги аввал тушган ҳукмлар нафақат Исломга кирмаган шахсларга, балки баъзи мусулмонларга ҳам унчалик ёқмаган, ҳатто буни ўзгартиришни талаб қилмоқчи ҳам бўлишган. Уларнинг фикрича, бунақада баъзилар тайёрига айёр бўлиб, мўмайгина мол эгаси бўлиб қолишади. Шуниси уларга маъқул келмаган.
Минг афсуслар бўлсинки, йигирма биринчи аср жоҳилиятида мусулмонликни даъво қилиб юрганларнинг ичида ҳам худди шу фикрдагилар кўп. Уларга айтиладиган гап шуки, аввало, меросхўр мерос қолдирувчининг узвий давомчисидир. Қолаверса, фаразан, мерос қолдирувчи ҳаёт пайтида муҳтож ҳолга тушиб қолса, айнан шу меросхўрлар унга кафил бўлар эдилар. Яна қолаверса, мерос қолдирувчилар меросхўрларга фақат мол-у дунёнигина мерос қолдирмайдилар, балки табиатларини, истеъдодларини, биологик хусусиятларини ва ҳаттоки ташқи кўриниш (гўзаллик ва хунуклик)ларини ҳам мерос қолдирадилар. Шубҳасиз, бу мерослар меросхўрнинг ҳаётига катта таъсир ўтказади. Шундай бўлгач, ундан қолаётган меросга ана шу фарзандлар ва яқин қариндошлар ҳақли бўлмай, бошқа ким ҳақли бўлсин?! Бу ишда Аллоҳ, таолонинг айтганини қилингандагина адолат бўлади. Бошқача йўл ҳалокатга элтади. Бунга кечаги ва бугунги кунимиздан истаганча мисол топса бўлади. Бошқа масалалар каби меросда ҳам исломий ҳукм юритилмаётгани учун қанчадан-қанча оилалар мерос талашиб барбод бўляпти, қариндошлар юз кўрмас бўлиб кетишяпти. Бу жуда катта ижтимоий масаладир. Токи бу адолатли ҳал этилмас экан, жамиятда хотиржамлик бўлмайди. Шу боисдан хам, Ислом шариати меросни тўғри тақсим қилишга катта аҳамият беради. Бунга боғлиқ ишни ва илмни «фароиз» деб аталади. Ушбу ояти карима ва кейинги оят ҳамда ушбу суранинг охирида келадиган оятлар бу мавзудаги ҳадислар билан бирга фароиз илми асосини ташкил этади.
Исломда фароиз илмининг аҳамияти катта. Имом Абу Довуд ва Ибн Можалар Абдуллоҳ, ибн Амрдан қилган ривоятда айтилади: «Илм учтадир. Улардан бошқаси фазлдир. Муҳкам оят, қоим суннат ва адолатли фароиз».
Имом Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. У илмнинг ярмидир. У менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган (яъни унутиладиган) нарсадир», деганлар.
Қуръон илмлари бўйича мутахассис олимлар оятларнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақидаги баҳсларида «Бир оятнинг нозил бўлишига бир неча сабаб бўлиши мумкин», дейдилар. Бир неча сабаб билан нозил бўлган ўшандай оятлардан бири биз ўрганаётган ушбу ояти каримадир. Унинг нозил бўлиш сабабларидан бирини юқорида зикр этдик. Яна иккита сабаби бор, улар билан қуйида танишамиз:
Имом Бухорий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда, у киши:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр розияллоҳу анҳу икковлари мени кўргани Бани Салама қабиласига пиёда келдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзимни билмай ётганимни кўриб, сув сўраб таҳорат қилибдилар, ўша сувдан менга сочганларида ўзимга келдим ва: «Эй, Аллоҳнинг Расули, молимни нима қилишимни амр қиласиз?» дедим. Шунда «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр этади…» оятини туширди», дейдилар.
Имом Термизий Жобир розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда куйидагилар айтилади:
«Саъд ибн Робеънинг хотини Расулуллоҳ соллаллоху алайхи васаллам ҳузурларига келиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, анави иккови Саъд ибн Робеънинг қизлари. Оталари сиз билан Уҳуд жангида қатнашиб, шаҳид бўлди. Амакилари эримдан қолган молларни олволиб, қизларимга ҳеч нарса бермаяпти. Агар моли бўлмаса, буларга ҳеч ким уйланмайди», деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ҳақда Аллоҳ Ўзи хукм чиқаради», дедилар. Бир оздан сўнг Мерос ояти нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларига одам юбордилар ва: «Саъднинг икки қизига учдан иккисини бер, оналарига саккиздан бирини бер, қолгани сенга», дедилар.
Келтирилган ривоятлардан кўриниб турибдики, вазият ноқулай бўлиб, Аллоҳ таолонинг Ўзи очиқ-ойдин баёнот билан аралашишини тақозо қилиб қолган эди. Шунинг учун ҳам, ҳар бир меросхўрнинг ҳаққини аниқ кўрсатиб оят туширди.
«Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият қилиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр этади».
Бизда васият сўзини ўлаётган одам айтган гап маъносида тушуниб келинади. Аслида эса, бу сўз кенг маъноли бўлиб, насиҳат, қарор ва таъкидланган тавсия каби маъноларни ҳам англатади. Ушбу оятда хам «Аллоҳ… васият қилиб», деб келмокда.
Бу оятда жоҳилиятнинг ҳукми ботил қилиниб, қизларга мерос бермаслик одати бекор этилиб, адолат қарор топтирилмокда, қизларга ҳам меросдан ҳақлари кўрсатилмокда. Бу ҳукмга ўша пайтда Ислом душманлари тугул, ҳатто баъзи мусулмонлар ҳам қарши чиқишганини ва уларга бериладиган жавобни сал олдинроқ зикр қилиб ўтдик.
Душманлик, мутаассиблик ёмон нарса экан. Таажжубланарли холга қарангки, аввалда: «Нега қўлидан от миниш, уруш қилиш келмайдиган қиз болаларга ҳам мерос берилади? Бу адолатсиз ҳукм!» деб дод-вой солган ислом душманлари (ҳатто баъзи ўзини мусулмон деб юрганлар ҳам) ҳозирга келиб: «Бу қандай адолатсизлик?! Қиз бола одам эмасми?! Нима учун унга ўғил болага бериладиган миқдорнинг ярми берилади?!» дейишмоқда. Уларнинг бу ноҳақ эътирозлари Исломга душман бўлганлари учун ва ўзларининг жоҳилий тасаввурларидандир. Агар улар Ислом динида аёл кишига берилган эътибордан заррача хабардор бўлганларида, мазкур гапни айтишдан уялар эдилар. Агар уларда уятнинг ўзи бўлса, албатта!
Исломда аёл киши дунёга келганидан то умрининг охиригача моддий жиҳатдан таъминлангандир. У қиз бўлса, моддий таъминотига отаси жавобгар. Сингил бўлса, ака-укаси, хотин бўлса, эри, она бўлса, ўғли масъул. Яъни, хотин киши ўзи касб қилиб мол-у мулк топишга эҳтиёжи ҳам, шаръий бурчи ҳам йўқ. Бинобарин, меросга оладиган молни ўз эҳтиёжидан ортиқча нарса сифатида қабул қилиб олади. Бунинг аксича, эркак киши доимо моддий масъулият остида юради. Ўғил сифатида ота-онасининг, ота сифатида фарзандларининг, ака ёки ука сифатида опа-сингиллари ва ака-укаларининг, эр сифатида хотинининг моддий таъминотига жавобгар ҳисобланади. Уйланаётганда ҳам келинга маҳр беради, тўй ва рўзғор анжомларини тайёрлайди. Бошқача қилиб айтганда, у қанча мол топса хам ўрни бор. Шулар эътиборга олинса, икки қиз насибасича миқдорда меросга эга бўлиши айни адолат ҳисобланади!
«Агар улар иккитадан кўп (аёл) бўлсалар, уларга у (ота) қолдирганининг учдан иккиси».
Яъни, ўлган одамнинг ўғли бўлмаса, иккитадан ортиқ қиз фарзандлари бўлса, улар мероснинг учдан иккисини бўлиб олишади. Уламолар «Ўғил фарзанд бўлмай, фақат иккита қиз бўлса ҳам, учдан икки қисм меросни олишларига шу оят далилдир» дейишади. Бу фикрни қувватловчи бошқа далиллар ҳам бор. Ушбу суранинг охиридаги оятда иккита сингилга мероснинг учдан иккиси тегиши очиқ айтилган. Иккита сингилга берилган бу улуш иккита қизга берилиши аълороқ. Юқорида келтирилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Робеънинг икки қизига учдан иккини беришга амр қилдилар. Демак, оятдаги ушбу жумланинг маъноси: «Агар икки ва ундан ортиқ аёллар бўлса», деб тушунилади.
«Агар қиз битта бўлса, унга ярми».
Қолгани бошқа қариндошларга шариат ҳукми асосида бўлиб берилади.
«Агар у(маййит)нинг боласи бўлса, ота онасининг ҳар бирига олтидан бир».
Мерос қолдирувчининг ортидан ўғилми, қизми, биттами, кўпми бола қолса ва, айни чоғда, ота-онаси ҳам тирик бўлишса, ота-онанинг ҳар бири олтидан бир қисм меросга ҳақли бўлади. Қолган меросни фарзандлар шариат ҳукми асосида бўлиб оладилар. Агар фарзанд фақат битта ўғил бўлса, қолганининг ҳаммасини олади. Лекин битта қиз бўлса, ярмини олади. Ортиб қолган олтидан бирни хам яқин эркак қариндошлик эътибори ила отага берилади.
«Агар унинг боласи бўлмаса ва ота-онаси меросхўр бўлсалар, онасига учдан бир».
Учдан иккиси отасига. Бу ҳолат ота-онадан ўзга меросхўр йўқ, яъни, ўлганнинг ортидан фарзанд ҳам, эр ҳам ёки хотин ҳам қолмаган ҳолатдир.
«Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир».
Бу ҳолда, ўлган кишининг ортидан ота-онасию ака-укаси қолган бўлади. Унда, ака-укалар ўзлари мерос олмасалар ҳам, оналарининг улуши учдан бир улушдан олтидан бирга камайишига сабаб бўладилар. Ота бор жойда ака-укалар мерос ололмайдилар. Агар фақат битта ака ёки ука қолса, онанинг улушини камайтира олмайди. У холда она учдан бирини олади. Ўлганнинг биродарлари оналарининг улушини қисқартиришлари ҳикматида уламолар: «Оталари уларга нафақа беради, уларни уйлантиради, шунинг учун оналари- дан улуш қисқартирилиб, оталарига қўшилган», дейдилар.
Мазкур мерос тақсимлашлардан аввал қилиниши лозим бўлган муҳим иш бор. Ана ўша иш адо этилгандан сўнггина, бу тақсимлашларга имкон бўлади. Мазкур ишни оятнинг қуйидаги жумлалари баён этаётир:
«У қилган васиятни ёки қарзини адо этгандан сўнг».
Оятда қарз васиятдан кейин зикр қилинган бўлса ҳам, амалда ундан олдинга қўйилади. Оятнинг маъносига чуқур назар солган уламолар бу ҳақиқатни англаганлар. Аввал ўтган ва кейин келган уламоларнинг ҳаммалари қарз васиятдан устун туришини таъкидлаганлар.
Имом Термизий қилган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарзни васиятдан олдин қўйганларини айтганлар. Бу тушунарли. Чунки, қарз бошқа бандаларнинг ҳаққидир. Аллоҳ таоло ҳам Ўз ҳаққини кечади-ю, банданинг хаққини кечишда ихтиёрни ўзига қўяди. Ислом динида қарз қаттиқ олинади. Чунки, бусиз ҳаётдаги муомалаларда ишонч қолмайди. Одамлар орасида хотиржамлик йўқолади. Шунинг учун ҳам, қарздор ўлганидан кейин ҳам қарзнинг масъулиятидан қутула олмайди. Шу боисдан, вафот этган шахснинг жанозасини ўқишдан олдин унинг қарзи борми-йўқлиги ҳақида сўралади.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, бир одам: «Эй, Аллоҳнинг Расули, мен Аллоҳнинг йўлида қатл бўлсам, гуноҳларим ювиладими?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар сен сабр ила, савоб умидида, қочмасдан, олға интилиб туриб қатл этилсанг, ювилади», дедилар. Сўнгра:
«Нима дединг?» деб қайта сўрадилар. Ҳалиги одам айтганларини такрорлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ха, ювилади, фақат қарзинг бўлмаса. Менга бунинг хабарини Жаброил айтди», дедилар.
Яна Қатода розияллоҳу анҳудан қилинган бошқа бир ривоятда айтилишича:
«Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига жаноза намозини ўқиш учун бир кишининг ўлигини олиб келдилар. У зот:
«Биродарларингизнинг жанозасини ўзингиз ўқийверинглар,унинг қарзи бор экан», дедилар. Шунда мен (яъни, Қатода розияллоҳу анҳу): «Эй, Аллоҳнинг Расули, унинг қарзи менинг бўйнимга», дедим.
У киши соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Вафоси биланми?» деб сўрадилар. Мен:
«Вафоси билан», дедим. Ана шундан сўнг унинг намозини ўқидилар».
Демак, бир одам вафот этса, ундан қолган меросдан, аввало, қарзи чикариб берилади. Қарздан ортиб қолганини васиятига биноан ишлатилади ва меросхўрларга бўлинади.
Васиятга эътибор бериш мерос қолдирувчининг иродасини, ўлимидан олдинги истагини ҳурматлаш маъносидадир. Аммо унинг васияти ўзи қолдираётган мероснинг учдан бир қисмидан ортиққа ўтмайди. Мисол учун, бир одам: «Ўлганимдан кейин ҳамма молимни Аллоҳнинг йўлида садақа қилиб юборинглар ёки масжид қуринглар», деса, мазкур ишларга мероснинг учдан бири сарфланади холос.
«Оталарингиз ва болаларингиздан қайси бирлари сизга манфаатлироқ эканини билмассизлар».
Инсон кўпинча инсонгарчилигига бориб, турли ҳолатларда мулоҳазалари турлича бўлади. Айниқса, бемор бўлган чорда ёки ўлаётганда яқинларига кўпроқ яхшилик қилгиси келади. Баъзан оталик меҳри устун келиб, болаларини кўпроқ ўйлаб, уларни бошқалардан юқори қўяди. Жумладан, мерос ҳам фақат уларга бўлса эди, деб уларни бу масалада ота-онасидан баланд қўйиб юборади. Бошқа бирлари эса, одоб-ахлоқ, урф-одат ҳиссидан келиб чиқиб, ота-онасини юқори қўймоқчи бўлади.
Ушбу жумла бу нозик ҳолатнинг муолажасини қилмоқда. Мерос масаласида бунақа мулоҳазаларга бориб хижолат чекиб юрилмасин, хотиржам бўлинсин, деб даъват қилинмоқда. Ота-она ёки болалардан кай бирлари манфаатлироқ эканини одам барибир идрок эта олмайди. Қолаверса, мерос масаласи «Бу, Аллоҳ жорий қилган фарздир».
Унга инсоннинг ҳеч алоқаси йўқ. Ҳеч ким меросни ўзича тақсимлай олмайди. Уни Аллоҳ таолонинг Ўзи бўлиб (тақсимлаб) қўйган. Кимга қанча бериш У зотнинг Ўзининг иши. Шунинг учун ҳам, мерос қолдирувчининг турли андишаларга боришига ҳожат йўқ.
«Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир».
Жумладан, меросни қандай тақсим қилишни ҳам яхши билади. Унинг тақсими эса, албатта, ҳикматлидир.
Манба: «Тафсири Ҳилол»
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ