Мушорака қуйидаги ҳолатларда якунланган ҳисобланади:
- Ҳар қайси шерик мушоракани бошқа шерикларни бу ҳақда огоҳлантирган ҳолда тугатиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолатда, агар шерикларнинг мулки пул кўринишида бўлса унда шу пул маблағлари уларнинг мушорака доирасида киритган самоясига мутаносиб равишда тақсимланади. Аммо агар мулк сотилмаган бўлса, у ҳолда томонлар мулкни сотишга ёки ўртада бўлиб олишга келишиб олишлари мумкин. Агар бунда бирор томон шу мулкни сотиб, тушган пулни бўлиб олиш, бошқа томон эса мулкни ўзини ўртада бўлиб / тақсимлаб олиш тарафдори бўлса, бу ҳолда тақсимлаб олиш тарафдори бўлган томоннинг хоҳиши инобатга олинади. Лекин агар ўртада автомашина каби бўлиб бўлмайдиган мулк бўлса у ҳолда бу мулк сотилиб, тушган пул ўртада тақсимланиши керак бўлади.
- Агар шериклардан бирортаси мушорака давомида вафот этса, у ҳолда мушорака якунланган ҳисобланади. Бундай вазияда, вафот этган шерикнинг меросхўрлари у киритган улушни чиқариб олишлари ёки мушорака шартномасини қолган шериклар билан давом эттиришлари мумкин.
- Агар томонлардан бири ақлдан озса ёки бошқа сабаб туфайли савдо/тижорат амалиётларини бажаролмайдиган ҳолатга тушиб қолса ҳам (яъни ўз хатти-ҳаракатларига жавоб беролмайдиган ёки савдо/тижорат/тадбиркорлик битимларини бажаролмайдиган бўлиб қолса) мушорака якунланган ҳисобланади.
Бизнесни ёпмаган (тугалламаган) ҳолда мушоракани якунлаш
Агар шериклардан бири мушоракани якунламоқчи бўлса-ю, бошқа шериклар бизнесни давом эттиришни хоҳлашса бу масалани ўзаро келишув асосида амалга ошириш мумкин. Бунда бизнесни давом эттиришни хоҳловчи шериклар бизнесни якунламоқчи бўлган шерикларининг улушини сотиб олишлари мумкин, чунки битта шерикнинг мушоракадан чиқиши, бошқаларининг бир-бири билан шерикчилиги якунланганлигини англатмайди.
Агар мушоракадан чиқаётган шерикнинг улушининг баҳоси масаласида томонлар ўртасида ихтилоф чиқса, у ҳолда мушоракани тарк этаётган шерик бошқа шериклардан бизнесни тугатишни ёки мавжуд мол-мулкни ўзаро тақсимлаб олишларини талаб қилиши мумкинми?
Келинг бу саволни янада тўлиқроқ қилиб шакллантирайлик: шериклар мушорака шартномаси тузиш пайтида бизнесни якунлаш ёки ўзаро тақсимлаш барча шериклар ёки уларнинг кўпчилиги истамагунча амалга оширилмаслиги, шунингдек мушоракадан чиқмоқчи бўлган ягона шерик ўз улушини қолган шерикларга сотиши кераклиги ва улардан бизнесни тугатиш (ёпиш) ёки ўзаро бўлиб олиш талабини қўйиши мумкин эмаслиги ҳақида келишиб олишлари мумкинми?
Ислом фиқҳи бўйича анъанавий китобларнинг аксариятида ушбу масала ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Аммо шариат нуқтаи назаридан, агар шериклар мушорака бошланишида шунга келишишса, у ҳолда бунга ҳеч қандай тўсқинлик йўқ.
Шунингдек бундай шарт айниқса бугунги кунда жуда ҳам ўзини оқлайди, чунки замонавий шарт-шароитларда бизнеснинг муваффаққияти кўп ҳолларда унинг изчиллигига боғлиқ. Битта шерикнинг хоҳиши/истаги билан бизнеснинг тугатилиши бошқа шерикларга турли жиҳатдан салбий таъсир қилиши мумкин.
Тасаввур қилайлик, агар муайян бир узоқ муддатли бизнес лойиҳа катта миқдорда маблағ киритилган ҳолда бошланди, аммо шериклардан бири лойиҳа бошидаёқ бизнесни тугатиш талаби билан чиқди, албатта бу барча бизнес лойиҳа иштирокчилари манфаатларига тамомила зид ва бу улар учун катта моддий ва маънавий муаммо туғдириши аниқ. Унинг устига бу жамият манфаатлига ҳам зид, чунки бундай талаб туфайли иқтисодиётга нафи тегиши мумкин бўлган лойиҳа амалга ошмайди. Шунинг учун шериклар мушорака шартномаси тузиш пайтида мушоракадан чиқмоқчи бўлган шерик бошқалардан бизнесни тугатиш (ёпиш) талабини қўйиши мумкин эмаслиги ҳақида келишиб олишлари тўғри бўлади.
Шу ерда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ҳадисларини ёдга олишимиз керак, чунки бу ҳадис биз кўриб чиқаётган масалани тушунишга ва тартибга солишга ёрдам беради:
المسلمون على شروطهم إلا شرطا أحل حراما أو حرم حلالا
“Мусулмонлар ўртасида тузилган барча шартлар, агар улар ҳалолни тақиқламаса ва аксинча ҳаромга рухсат бермаса, бажарилиши керак”.
2 comments
Assalomu alayku. Tushunarli, aniq va foydali maqola bo’ibdi. Alloh rozi bo’lsin. O’zbekistonda ham Islom moliyasining rivojlanishi biz uchun juda quvonarli holat!
Ассалому алайкум. Агар мушоракадан 1 шерик чикиб кетса, лекин унинг хиссасини бермасдан чузиб юрилса, бу холатда нима килинади?