“Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган афийфалар ҳам, агар иффатли бўлган ҳолингизда, зинокор бўлмай ва ўйнаш тутмай маҳрларини берсангиз, сизга ҳалолдир. Ким иймонни инкор қилса, унинг амали бехуда кетади ва охиратда у зиён кўрувчилардан бўладир.”
Бу ояти кариманинг аввалида:
«Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди», деб юқорида зикр қилиб ўтилган олий мақом маъно яна бир бор таъкидланмокда. Кейин эса, ҳалол-ҳаром масаласида ғайридин миллатлар билан ҳам ўзига хос муомалалар, кенгчиликлар борлиги эслатилиб, бу ҳақда баъзи ҳукмлар баён қилинмокда:
“Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир”.
Ислом мусулмонларга номусулмонлар билан бирга тинч-омон яшашга рухсат берган. Лекин шунинг ўзи етарли эмас. Модомики, мусулмонлар жамиятда бошқа дин вакиллари билан биргаликда яшар эканлар, табиийки, ўртада турли шаклда яқин алоқалар булиши, узаро борди-келди қилишлари мумкин. Шундан келиб чиқиб, мусулмонларга аҳли китобларнинг сўйган сўйишлари ҳалол қилинган. Бу оятда «таом» сўзи қўлланган, аммо ундан аҳли китобларнинг барча таомлари, жумладан, чўчқа ёки бошқа ҳаром ҳайвонларнинг гўшти, ароққа ўхшаш ичимликлари ҳам ҳалол экан-да, деб тушунилмаслиги керак. Бу нарсаларнинг ҳаромлиги ўз-ўзидан ҳаммага маълум. Асли ўзи ҳалол бўлган бошқа нарсалар ҳақида ҳам аввал айтиб ўтилди. Демак, бу ерда гап гўшти асли ҳалол бўлган ҳайвонлар аҳли китобларнинг динлари асосида сўйилган бўлса, ҳалол бўлишлиги ҳақида кетмокда.
Баъзи кишилар: «Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир», дейишлик нима учун керак бўлди экан? Улар Қуръон ҳукмига амал қилишмайди-ку? Ҳалол-ҳаромнинг фарқига ҳам боришмайди-ку, дейишлари мумкин. Уламоларимиз бунга жавобан: «Мазкур хитоб мўминларга қаратилган, сизлар ҳам уларга ўз таомингиздан берсангиз бўлаверади, деганидир», — дейдилар.
Бошқа дин вакилларига нисбатан Исломдаги бағрикенглик ушбу хукм билан чегаралиниб колмайди. Балки яна ҳам чуқурроқ, яна ҳам нозикрок масалада – никоҳ масаласида ҳам кўрилади:
«Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган афийфалар ҳам, агар иффатли бўлган ҳолингизда, зинокор бўлмай ва ўйнаш тутмай маҳрларини берсангиз, сизга ҳалолдир».
Мусулмон эр кишига муслима, афийфага (покиза аёлга) иффатли бўлиб, зинокор бўлмай ва ўйнаш тутмай, маҳрини бериб уйланиши шарт бўлганидек, аҳли китобдан бўлган афийфага – покиза аёлларга уйланишида ҳам мазкур нарсалар шарт қилинди.
Аввал айтиб ўтганимиздек, бир жамиятда яшаётган икки диндаги шахс ўртасида уйланиш масаласи ҳам кўтарилиши мумкин.
Шунинг эътиборидан Исломда мусулмон эркакнинг аҳли китоб аёлга уйланишига рухсат берилган. Бундай никоҳда хотин ўз истагига биноан динини ушлаб қолиши мумкин. У ўз дини кўрсатмаларига амал қилаверади. Ислом дини унинг ҳамма ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя килади. Бундай бағрикенглик жамики инсониятнинг бахтига кафолат берувчи мукаммал дин бўлмиш Исломга хос, холос. Бу ҳукмнинг накадар инсонпарвар эканлигини англаб етиш учун бошқа динларга бир назар солишнинг ўзи кифоя.
Масалан, насороларнинг динида католик мазҳабидаги эркак ҳатто православ мазҳабидаги аёлга уйлана олмайди. Шунингдек, протестант ёки моруний мазҳабидаги аёлга ҳам уйланолмайди.
Ушбу ўта аҳамиятли ҳукмларнинг сўнггида шиддатли таҳдид келяпти:
“Ким иймонни инкор қилса, унинг амали беҳуда кетади ва охиратда у зиён кўрувчилардан бўладир”.
Мазкур ҳукмларга оғишмай амал қилиш иймондандир, бошқача қилиб айтганда, иймон белгисидир. Кимки ушбу ҳукмлардан юз ўгирса, иймонни инкор қилган, ундан юз ўгирган бўлади. Иймондан юз ўгирган, иймонни инкор қилган одамнинг эса, аввал қилган ҳамма амаллари беҳуда кетади. Бу маъно Қуръон матнида «ҳабата» сўзи билан ифодаланган. Бирор ҳайвон заҳарли ўсимлик еб, қорни шишиб ўлса, ҳабата кетди, дейилади. Ботил амал ҳам заҳарли ўсимликка ухшайди, уни килган кимсага офат келтиради. Энг ёмони – охиратда у зиёнкорлардан бўлади.
Манба: “Тафсири ҳилол” китобидан