۞ وَكُلُوا۟ وَٱشْرَبُوا۟ وَلَا تُسْرِفُوٓا۟ ۚ إِنَّهُۥ لَا يُحِبُّ ٱلْمُسْرِفِينَ
“Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас” (Аъроф, 31).
Kun.uz нинг хабар беришича[1] жорий йилнинг 6 ойи мобайнида “103” хизматига 1752 та ёлғон чақириқ келиб тушган. Энг кўп ёлғон чақириқ Тошкент, Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.
Шу хабарни ўқиб ҳайрон қолдим, наҳотки шу ношукрлик ва исрофгарчилик, аксарият аҳолиси мусулмон ҳисобланувчи халқ томонидан содир бўлди деб.
Кўпчилик билмаслиги мумкин, лекин дунё мамлакатлари ичида биринчи иқтисодиёт деб аталувчи АҚШда тез ёрдам, ёнғин хизмати ва полиция хизматларини ўзида бирлаштирувчи 911 хизмати бор. Тиббий суғуртаси бўлган АҚШ аҳолиси учун фавқулодда ҳолатларда тез тиббий ёрдам чақириш суғурта ҳисобидан қопланади. Аммо тиббий суғуртаси бўлмаган аҳоли ёки ушбу мамлакатда меҳмон бўлиб турган инсонлар фавқулодда ҳолатларда тез тиббий ёрдам чақиришса, ўзбекчасига айтганда хонавайрон бўлишлари мумкин. Яқинда АҚШга Green card асосида кўчиб кетган бир ўзбек танишларимиз АҚШда тез тиббий ёрдам чақиришга мажбур бўлишган. Тез тиббий ёрдам келиб, беморни касалхонага олиб кетган, у ерда мутахассис унинг қон босимини ўлчаган ва уйга қайтариб олиб келиб қўйган, яъни беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилмаган, мураккаб ташхислар амалга оширилмаган. Эртаси куни, тез тиббий ёрдам чақиришга мажбур бўлиб қолган хонадонга 3500 АҚШ доллари миқдоридаги(!) тўлов қоғози (чек) келган. Биздаги ношукр исрофгарлар эса, аҳолимиз учун ҳам, меҳмонлар учун ҳам бирдек бепул бўлган тез ёрдам хизматини суиистеъмол қилиб, тез тиббий ёрдамга муҳтож бўлиб турган бошқа беморларни ҳаётини хавф остига қўйиб (“Тез ёрдам” автомашиналари бемор олдига кечикиб боришига кўпинча шундай ёлғон чақириқлар сабаб бўлар экан), жамият аъзоларининг ҳақларига хиёнат қилиб ёлғондан тез тиббий ёрдам чақиришган. Агар шундай ҳолатларни инобатга олиб ҳукумат тез ёрдам хизматини пуллик (ва қиммат) қилиб қўйса, биринчи навбатда молиявий ҳолати яхши бўлмаган аҳоли бундан азият чекади ва бунинг гуноҳи мана шундай ёлғончи исрофгарлар зиммасида бўлади.
Ҳаким Термизий “Наводирул усул”да ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Оиша, Аллоҳнинг неъматларига яхши муносабатда бўлгин! Агар у неъматлар бирон қавмдан олиб қўйилса, камдан-кам ҳолларда қайтиб келади”, деб марҳамат қилганлар.
Биз Аллоҳ севмайдиган халқлардан
бўлиб қолмасликни, Аллоҳ Ўзи берган неъматларини олиб қўймаслигини истасак, исрофдан
сақланишимиз керак экан, Аллоҳ таоло берган ҳар бир неъматни қадрига етсак
Аллоҳ таоло неъматларини янада зиёда қилиб беради, акс ҳолда эса…
[1] https://kun.uz/news/2023/07/25/6-oyda-103-xizmatiga-1752-ta-yolgon-chaqiriq-kelib-tushgani-malum-qilindi