“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг. Эҳромдан чиқиб ҳалол бўлсангиз, ов қилсангиз, майли. Масжидул Ҳаромдан тўсгани учун бир қавмни ёмон кўришингиз уларга тажовузкор бўлишингизга олиб бормасин. Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли Зотдир”.
Ушбу ояти каримада зикр этилган «Аллоҳнинг дини аломатлари» жумласидан ҳаж ва умрада жорий қилинган вақтинчалик ҳаром ишлар, шунингдек, ўша ибодатлар бажариладиган муқаддас маконларга хос ҳаром этилган ишлар кўзда тутилган. Биз «аломатлар» деб таржима этган сўз арабчада «шаъоир» деб келган. У эса, «шиор»нинг кўплигидир. Бундан, Аллоҳнинг динига шиор – аломат бўлиб қолган нарсаларга тегманг, деган маъно чиқади. Демак, мўмин-мусулмонлар ҳаром этилган нарсаларга тўла риоя қилишлари лозим. Уларни ўзларича ҳалол ҳисоблашга ҳақлари йўқ. (Ҳаж ва умрада, муқаддас жойларда нималарни қилиш ҳаромлиги ўз ўрнида баён қилинган.)
Оятдаги «ҳаром ой»дан мурод Ражаб, Зулқаъда, Зулхижжа ва Муҳаррам ойларидир. Бу ойларда уруш қилишни Аллоҳ таоло ҳаром қилган. Мазкур тўрт ойда уруш қилиш, Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартириб, ҳаром нарсани ҳалол ҳисоблаш бўлади. Бинобарин, бу катта гуноҳдир.
«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг».
Моида сурасининг 2-оятидаги ушбу мўъжазгина жумла ислом оламидаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида бўлиб ҳисобланади. Муфассир уламолар бу оятни жуда кенг маънолар билан тафсир қилганлар. Шулар жумласидан, ҳар бир киши ўзидаги бор нарса, бор имконият билан бошқаларга яхшиликни улашсин, ёрдам берсин. Олим илми билан, бой моли билан ва ҳакозо.
Исломдан аввалги даврда ҳамкорлик қоидаси уруғчилик, қабилачилик ва бошқа шунга ўхшаш ўлчовлар асосида бўлар эди. Ўзига яқин бўлган шахс, тоифа, қабила, давлат ёки халқ нима қилса, унга ҳамкор бўлиш зарур эди. Жумладан, зулм ва душманлик ишларида ҳам.
Исломда эса, ҳамкорликнинг бош шарти яхшилик ва тақводир. Агар шу шарт вужудга келса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади. Аммо, қаерда гуноҳ ва ёмонлик бўлса, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамкорлик қилинмайди.
Демак, шариатимизда буюрилган амалларни бажариш ва қайтарилган ишларни тарк қилиш борасида ўзаро ҳамкорлик қилишимиз ҳамда гуноҳ ва адоватга сабаб бўладиган ишларда бошқаларга ёрдам бермасдан, балки уни тўғри йўлга бошлашимиз – динимиз талабидир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда бундай дейдилар: «“Биродарингизга золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам беринг”. Бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Мазлум бўлса-ку, ёрдам бераман, лекин қандай қилиб золим бўлса ҳам ёрдам бераман?” – деб сўради. Айтдилар: “Уни зулмдан тўсасиз – мана шу унга ёрдам қилишдир”» (Муттафақун алайҳ).
Бошқа бир ҳадисда: “Яхшиликка йўлловчи киши ўша яхшиликни қилувчи кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Набий алайҳиссалом бировнинг омонатини сақлаб, сўралган вақтда адо қилган, яхшиликка вакил қилинган кишига ҳам ўша яхшиликни қилган кишидек савоб бўлишини баён қилиб шундай дейдилар: “Буюрилган нарсани бажарувчи ишончли мусулмон хазинабон омонатни буюрилган жойга тўла-тўкис ҳолда чин кўнгилдан топширса, садақа қилувчилардан бирига айланади” (Муттафақун алайҳ).
Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолога боғлиқ. Мазкур ишларни амалга оширишда, албатта, тақво шарт. Шунинг учун хам,
“Аллоҳга тақво қилинг!”-деб алоҳида таъкидланмокда.
Инсон Аллоҳдан қўрққанидагина Аллоҳни рози қиладиган ҳамкорликларни амалга оширади. Инсон Аллоҳга тақво қилгандагина, ундан яхшилик кутиш мумкин. Кимки яхшилик қилса, ўзигадир. Ёмонлик қилса ҳам, ўзигадир. Аллоҳдан қўрқмаган, унинг амрида юрмаганлар билиб қўйсинларки:
“Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли Зотдир”.
Манба: “Тафсири ҳилол” китобидан