“Батаҳқиқ, Аллоҳ Бани Исроилдан аҳднома олди. Улардан ўн иккитасини нақиб қилиб юбордик. Ва Аллоҳ: «Албатта, Мен сизлар биланман. Агар намозни қоим қилсангиз, закотни берсангиз, Пайғамбарларимга иймон келтирсангиз, уларни қўлласангиз ва Аллоҳга яхши қарз берсангиз, албатта, сизнинг хатоларингизни кечираман ҳамда сизни остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритаман. Бас, бундан кейин ҳам сиздан ким куфр келтирса, батаҳқиқ, тўғри йўлдан адашган бўладир», деди.”
Ушбу оятдан кўриниб турибдики, бандалардан мийсоқ – таъкидланган аҳдномани Аллоҳ фақат мусулмонлардан эмас, балки бошқа умматлардан, жумладан, Бани Исроилдан ҳам олган экан.
«Батаҳқиқ, Аллоҳ Бани Исроилдан аҳднома олди».
Бани Исроил – яҳудийлардир. Исроил – Яъқуб алайҳиссаломнинг иккинчи исмлари. Маълумки, у кишининг ўн иккита ўғиллари бўлган. Ушбу ўн икки ўғилдан тарқалган зурриётлар Бани Исроилни ташкил этади. Аллоҳ таоло аҳдни ўша ўн икки уруғнинг (асботнинг) ўн икки нақиби – вакилидан олган.
«Улардан ўн иккитасини нақиб қилиб юбордик», дейилиши шундан.
Аллоҳ билан Бани Исроил орасидаги аҳднома нима ҳақда бўлганини оятнинг давомидан биламиз:
«Ва Аллоҳ: «Албатта, Мен сизлар биланман», деди.
Аммо Аллоҳнинг Бани Исроил билан бирга бўлиш ҳақидаги аҳди бекордан-бекорга эмас. Шарти бор. Ўша шартларга Бани Исроил амал қилгандагина аҳд кучга кириши керак. Хўш, улар қайси шартлар экан?
Биринчиси:
«Агар намозни қоим қилсангиз».
Намознинг фарзлигини тан олиш ёки ўқиш эмас, балки намозни қоим қилишлик. Яъни, унинг аслини мустаҳкам қилиб, Парвардигори Олам билан банда орасидаги ҳақиқий алоқага айлантириш лозим эди. Бу дегани – намозни Аллоҳ, ирода қилгандек адо этиб, ундан кутилган натижаларни, жумладан, тарбиявий, ахлоқий, ижтимоий натижаларни фаҳш ва мункар ишлардан қайтарадиган даражада манфаатли ҳолга эриштириш лозим эди.
Иккинчиси:
«Закотни берсангиз».
Бу борада ҳам худди намоз тўғрисида айтилган гапларни айтиш мумкин. Закотни Аллоҳ, хоҳлагандек қилиб адо этиш лозим. Ундан кўзланган барча ҳикмат ва фойдалар юзага чикиши, закот орқали иқтисодий ҳаёт илоҳий қоидалар асосида борадиган бўлиши керак.
Учинчиси:
«Пайғамбарларимга иймон келтирсангиз ва уларни қўлласангиз».
Бу ҳам жуда муҳим иш. Аллоҳ, юборган Пайғамбарларнинг барчасига хеч бирларини айирмасдан иймон келтириш, уларнинг ҳаммаси Аллоҳ томонидан юборилган Пайғамбарлар, деб эътиқод қилиш лозим. Улардан бирорталарига куфр келтириш Аллоҳ таолога куфр келтиришдир. Аллоҳнинг Пайғамбарларига иймон келтиришнинг ўзи етарли эмас. Балки, иймонни амалга ўгириш (татбиқ қилиш) ҳам керак. Пайғамбар алайҳиссаломларни қўллаш ҳам керак. У зотлар ўз ҳаётларини бағишлаган ҳайрли ишга уларга иймон келтирганлар ҳам ўз хаётларини ва бутун вужудларини бағишламоқлари зарур.
Тўртинчиси:
«Ва Аллоҳга яхши қарз берсангиз».
Исломий ва, хусусан, Қуръоний истилоҳда «яхши қарз» деб хайр-эҳсонга айтилади. Хусусан, Аллоҳга яхши қарз бериш айнан шу маънони англатади. Оддий ҳолларда эса, рибосиз, ёрдам учун (холис) берилган қарзга айтилади. Бундан Аллоҳнинг йўлида молу пул сарфлаш, хайр-эҳсон қилиш тушунилади. Хоссатан, Пайғамбарларни қўллаш, Ислом динига хизмат қилишда мол-мулк сарфлаш ҳам зарурий амаллардан ҳисобланади.
Шу шартларни бажо қилганларидагина, Аллоҳ таоло Ўз аҳдига биноан Бани Исроил билан бирга бўлади. Ва яна бошқа яхшиликларга ҳам эришадилар.
«…албатта, сизнинг хатоларингизни кечираман».
Намоз ўқиш, закот бериш, Пайғамбарларга иймон келтириш ва Аллоҳга яхши қарз бериш Бани Исроилнинг хатоларининг кечирилишига ҳам сабаб бўлади. Бу улуғ амалларнинг мукофоти шу билан тугаб қолмайди. Асосий мукофот эса:
«…ҳамда сизни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритаман».
Бу олий мукофотдир. Ушбу мукофотга эришиш учун ҳар қанча амал, ҳар қанча ҳаракат қилинса, уринилса, арзийди. Ушбу баёнотларни эшитган ҳар бир инсон, албатта, Аллоҳ таолога иймон келтириб, у қўйган шартларни бажаришга ўтади. Мантиқ шуни тақозо қилади. Агар бундай бўлмаса:
«Бас, бундан кейин хам сиздан кимки куфр келтирса, батаҳқиқ, тўғри йўлдан адашган бўладир». Аллоҳ таоло билан Бани Исроил орасидаги аҳднома ана шундан иборат эди.
Манба: “Тафсири ҳилол” китобидан