“Эй, иймон келтирганлар! Аҳдномаларга вафо қилинг! Сизга, кейин тиловат қилинадиганларидан бошқа, чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди, эҳромдалик вақтингизда овни ҳалол санамаган ҳолингизда. Албатта, Аллоҳ нимани ирода этса, шуни ҳукм қиладир”.
Ояти каримадаги «аҳдномалар» сўзидан фақат икки томон ўзаро келишиб тузадиган ва имзолаб тасдиқлайдиган ҳозирги урфдаги аҳдномаларни тушунмаслик керак. Бу ерда кенг маънодаги аҳдномалар назарда тутилган. Аввало, бу аҳдномалар инсоннинг банда сифатида Аллох таоло ҳузуридаги аҳдномаларидир. Буни иймон аҳдномаси дейилади ва у ўз ичига Аллоҳнинг ягона илоҳлигини, Робблигини ва Ҳокимлигини эътироф этишни, Унга банда бўлиш, итоат қилиш ва таслим бўлишни олади. Бу ахдномани Аллох таоло биринчи инсон Одам атодан бошлаб ола бошлаган. Яна, аҳднома Одам Атонинг зурриётидан ҳам олингандир. Бундай умумий аҳдномаларга инсон ўзи ўзига қилган шахсий аҳдлари ҳам киради. Назр атаганми, бирор ишни Аллоҳ йўлида қилишга аҳд этганми ёки бошқа аҳдларими – ҳаммаси киради. Шунингдек, инсоннинг дўстми- душманми бошқа шахслар билан, турли жамоат ҳамда гуруҳлар билан тузган аҳдномалари ҳам, савдо- сотиқми, қарзми, вакилликми, кафилликми – шуларга ўхшаш ишлар ҳам ушбу тушунча остига киради.
Албатта, бошқа давлатлар ва халклар билан тузилган шартномалар ҳам ушбу оятда зикр этилган аҳдномаларга киради. Аллох таоло мўмин бандаларига хитоб этиб, барча аҳдларига вафо килишни буюрмоқда. Зотан, аҳдга вафо исломдаги энг улкан хислатлардандир. Шунингдек, аҳдга бевафолик катта гуноҳдир.
Аллоҳга берилган иймон аҳдида ҳалол ва ҳаромнинг ҳукмини фақат Аллох таолонинг Ўзидан олиш шарти ҳам мавжуд. Ўша аҳдга мувофиқ Аллох таоло нима ҳалолу нима ҳаромлигини Ўзи белгиламоқда.
“Сизга, кейин тиловат қилинадиганлардан бошқа, чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди”.
Биз «чорва ҳайвонлари» деб таржима қилган сўз Қуръони Карим матнида «ал-анъом» деб келган. Бу сўз араб тилида туя, қорамол ва кўй-эчкиларга нисбатан ишлатилади. Бунда хонакилари ҳам, ёввойилари ҳам баробардир. Демак, мазкур ҳайвонлар, аслида, ҳалолдир. Аммо баъзи мустасно ҳолларда ҳаром бўлиши ҳам мумкин. Ундай ҳоллар оз бўлгани учун уларни алоҳида кўрсатилмоқда. Ўша истисно ҳоллардан биринчиси:
“Эҳромдалик вақтингизда, овни ҳалол санамаган ҳолингизда”
Маълумки, ҳаж ёки умра ниятида эҳромга кириш бу дунёнинг ишларини ҳаром қилиб, бутун борлиғи билан Аллоҳга ажралиб чиқишни билдиради. Ҳаж ёки умра қилаётган шахс ўзига ҳатто одатдаги кийимларини ҳам ҳаром қилиб, ният ила Масжидул Ҳаром томон йўл олган инсондир. Шунинг учун, у жонзотларга ҳам озор беришдан қўлини тиймоғи лозим. Бу кўрсатма табиатни муҳофаза қилишнинг ўзига хос дарси ҳамдир. Эҳромдаги одам ҳеч қандай хайвонни ов килмайди, чўчитмайди, овчига кўрсатиб бермайди, дарахтлар ва ўсимликларни кесмайди, синдирмайди. Шу йўл билан бу вақтинчалик дарсда, у ҳаёт мазмунини, ҳамма тирик жониворга ҳаёт берган Аллох таолога алоқадорлигини англаб етади. Узи ўрганиб қолган моғорли фикр ва одатлардан юқори кўтарилиб, руҳий чўққиларга чиқади.
“Албатта, Аллоҳ нимани ирода этса, шуни ҳукм қиладир”.
Унинг иродасининг чеки йўқ. У мутлоқ иродали Зот. Нимани хоҳласа, шуни ҳукм қилади. Унинг ҳукми ҳамма ёкда жорий.
Манба: “Тафсири ҳилол” китобидан