Шариатнинг асосий мақсади инсонларнинг бу дунёда ва охиратдаги саодатини таъминлаш ва машаққатларини енгиллатишдан иборатдир. Инсонлар тақво қилишга буюрилдилар, аммо унинг маъноси бу дунё гўзалликларидан воз кечиш эмас, балки саодатга етакловчи исломий меъёрлар доирасида дунёнинг барча гўзаллик ва қулайликларидан фойдаланишга рухсат этилгандир.
Анъанвий иқтисодиёт назариясига кўра яшаш ва тирикчилик воситалари, халқлар бойлиги ва иқтисодий ўсиш инсон ҳаётининг асосий мақсадидир. Ислом иқтисодиётига кўра, юқоридагилар зарур ва ҳаётнинг ажралмас қисмидир, аммо улар инсон ҳаётининг ягона ва асл мақсади эмас; охират ҳаёти ҳақдир ва бу омилни ҳисобга олиш лозим. Аллоҳ моддий дунёда мавжуд бўлган барча нарсанинг мутлақ эгасидир ва ўз мулкини ўз хоҳиши ва ҳикмати билан тасарруф этади. Фақат У одамларга ризқ ва мулкни ато этади ва тақсимлайди. Инсон эса Унинг ердаги вакилидир ва бу дунё ва охиратда саодатга эришиш учун Унинг буйруқларига амал қилиши лозим.
Шариатнинг мақсадлари (мақосид аш-шариаъ) ислом ҳуқуқининг муҳим мавзуларидан бири бўлиб, шариатнинг бирламчи мақсадлари қуйидагиларни ҳимоя қилиш ва сақлаб қолишдир:
1. Дин
2. Ҳаёт
3. Насл
4. Ақл
5. Мулк
Буларни сақлаш инсониятнинг саодати ва яшаб қолиши учун энг муҳим омиллар бўлиб, уларга зарар етиши кишилик жамиятини издан чиқариши мумкин. Дин ва имон кучли жамиятнинг муҳим бўлаги ҳисобланади ва шариат уни ҳимоя қилишни талаб этади, ибодат амаллари учун зарур шарт-шароитларни яратиш лозим деб ҳисоблайди.
Инсон ҳаётини ҳимоя қилиш Қуръон ва Суннатнинг кўп ўринларида таъкидланади, шариат инсон ҳаётини дахлсиз деб эълон қилган, хусусан суиқасд қилишни тақиқлайди, бировни ўлдирганлик учун қаттиқ жазо жорий қилади.
Инсониятнинг давом этишини таъминлаш, наслни сақлаш учун ислом дини оила қуришни тарғиб этади, силаи раҳм ва фарзандлар тарбиясини муҳим деб ҳисоблайди.
Ақлни сақлаш мақсади илм олиш орқали яхши ва ёмонни ажратиш, жамиятнинг ривожи йўлида хизмат қилишни билдиради. Зеро усиз саодат ва адолатли жамият қуришнинг имкони йўқдир. Бунинг учун шариат маст қилувчи ичимликлар ва бошқа заҳарловчи моддаларни истеъмол қилишни тақиқлайди.
Мулк ва бойликларни сақлаш шариатнинг асосий мақсадларидан бири бўлиши инсонларнинг яхши яшаши ва адолатли жамият қуришда улар нақадар аҳамиятлилигини кўрсатади. Ҳалол йўл билан мол-мулк топиш, бой ва камбағаллар орасида катта тафовут пайдо бўлиши, бойликларни бир қанча кишилар қўлида тўпланиб қолишини олдини олишга асосий эътибор қаратилади.
Шариатнинг бирор бир қоидасига қарасангиз, турли тақиқ ёки буйруқлар ҳаётнинг юқорида кўрсатилган жиҳатларини сақлашга йўналтирилганини кўришингиз мумкин. Ислом молиясида шаклланган қоидалар ҳам шу мақсадларни кўзлайди ва ҳозир эътиборингизга умумий қоидаларни ҳавола этдик. Тез кунда мол-мулк мавзуси бўйича батафсил маълумот берамиз.