Шахсий мол-мулкка эга бўлиш бу инсонга хос бўлган эҳтиёжлардан биридир. Ҳар бир инсоннинг ўз мол-мулки бор ва у шу мол-мулкни ҳимоя қилиш, яъни хавфсизлигини таъминлашни истайди. Ислом дини бошқаларнинг мол-мулкини қонуний асоссиз ва розиликсиз олишини (ўзлаштиришни) таъқиқлайди.
Муомала (яъни, инсонларнинг бир бири билан турли хил, шу жумладан иқтисодий-молиявий муносабатлари) билан боғлиқ масалаларда шариатнинг барча қоидалари асосий мақсад – инсонларни адолат, тўғрилик, ҳалоллик, ҳамжиҳатлик (ўзаро розилик), ҳамда ижтимоий масъулият каби тамойилларга асосланган ҳолда тарбиялашга йўналтирилган.
Қуръон ирқ, миллат, қабила ёки динга боғлиқ бўлмаган адолатни таъминлашга чақиради. Мўмин кишидан ҳар қандай ҳолатда, яъни шахсий ҳаётда ҳам, жамиятда ҳам, гап-сўзда ҳам, хулқ-атворда ҳам, барчага, шу жумладан душманга ҳам, ғайридинга ҳам, бирдек адолатли бўлиши талаб этилади.
Биз аввалги мақолада шариатнинг мақсадларини қисқача баён қилган эдик. Шариатнинг бешинчи мақсади мол-мулкни сақлашга оид бўлиб, ислом динида молияга алоқадор ғояларни ўз ичига олади. Ушбу ва кейинги мақолаларимизда бешинчи мақсадни батафсил муҳокама қиламиз.
Молиявий шартномалар ва операциялар шариатнинг қуйидаги мақсадларини ўз ичига олади:
– моддий бойликларнинг жамиятнинг ичида айланиши;
– сармоя киритилишининг узлуксизлиги;
– одамларнинг асосий эҳиёжларини қондириш орқали бутун жамиятнинг иқтисодий фаровонлигини таъминлаш;
– низоларнинг олдини олиш мақсадида молиявий фаолиятнинг шаффофлигини таъминлаш;
– хусусий мулк ва давлат (жамият) мулки бўлиши имкониятининг мавжудлиги.
Бойликларнинг жамиятда айланиши
Бу молиявий операцияларнинг транзакциявий хусусиятини сақлаб қолишга қаратилган бўлиб, бунда аҳолининг катта қисми пул айланмаларига алоқадорлиги таъминланади ва бойликларнинг кичик бир гуруҳ қўлидагина айланиб, секин аста тўпланиб монополияга олиб боришини олдини олади. Бу эса албатта, бутун жамиятга фаровонлик олиб келади дейиш мумкин.