Луғатда куфрнинг “ёпмоқ, беркитмоқ, инкор этмоқ” маъносини англатувчи ўзагидан бўлган каффорат сўзи қурбонлик, садақа, рўза тутиш каби гуноҳ ва хатоларни беркитувчи ва унинг қазосини тўлдирувчи хатти-ҳаракатларга ишора қилади. Араб тилидан таржима қилинганда “Каффорат” (الكفارة) сўзи “қилинган гуноҳ амалнинг ўрнини қоплаш ёки уни бартараф этиш учун жазо” деган маънони англатади. Сифатига келсак, у вожиб бўлиш жиҳатидан жазо ва адо этилиш жиҳатидан ибодатдир. Демак, каффорат исломда тақиқланган баъзи ишларни қилиш ёки баъзи фарзларни тарк этиш ёки шу фарз амалларни бажариш вақтида ман қилинган ишни қилганлик учун инсонга бериладиган жазо дейиш мумкин.
Ҳанафий уламоларининг фикрича, каффорат – бу ибодат ва жазо (уқубат) жиҳатлари мавжуд бўлган, лекин ибодат хусусияти устунроқ бўлган фарз амал ҳисобланади.
Каффорат фарз ҳисобланган Рамазон рўзасини ҳеч қандай мажбурлашсиз, шаръий, жиддий сабабларсиз қасддан бузган, яъни рўза тутгани эсида бўла туриб еган, ичган, жинсий алоқа қилган ёки рўзани бузилишига сабаб бўладиган бошқа амалларни қилган (ва бу билан Рамазон ойи ҳурматини оёқости қилган) одамга нисбатан ҳам қўлланилади. Ушбу ҳолатда, мусулмон одам қасддан бузиб юборган рўзасини бир кунига бир кун қазо тутиши ҳамда ҳар бир кун учун каффоратни қуйидаги усулларда амалга ошириши керак бўлади:
- Муттасил равишда (яъни узлуксиз/кетма-кет) 60 кун рўза тутиш. Агар каффорат рўзасини тутаётган киши олтмиш кун ичида бирор кунни қолдирса каффорат бузилади ва рўза тутишни бошидан бошлайди*. Лекин, каффорат рўзасини тутаётган аёл киши орада ҳайз кўриб қолса, каффоратни қайтадан бошламайди, балки узри кетгач давом эттираверади;
ёки - 60 та мискин/муҳтожга таом бериш/тўйдириш. Бунда бир кунлик бузилган рўза каффоратини тўлаш учун бир кишининг бир кунлик таомининг** ўртача нархини 60 га кўпайтирилади.
Қулдорлик тузуми амалда бўлган даврларда каффорат сифатида бир қулни озод қилиш ҳам мумкин бўлган.
Рамазоннинг қазоси ва/ёки каффоратини тутаётган киши субҳи содиқ кирмасидан аввал мана шу рўзаларни тутишни ният қилиши шарт. Шунинг учун саҳарликка туролмай қолишидан қўрққан киши кечаси эртанги куннинг қазо ёки каффорат рўзасини тутишни ният қилиб олиши керак (“Фатавои Оламгирия”).
“Раддул муҳтор” китобида: “Ким қасддан жинсий яқинлик (алоқа) қилса, озуқа ёки даво бўладиган нарсани еса ёҳуд ичса унинг зиммасига қазо ва каффорот лозим бўлади. Унда, аввало, бир қул озод қилади. Тополмаса, икки ой кетма-кет рўза тутиб беради. Унга ҳам қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйдиради”. Демак, зиммасига каффорат лозим бўлган киши рўза тутишга қодир бўлса рўза тутиши керак экан. 60 та камбағални таомлантириб каффоратни адо қилиб қўяман, осон эканку, деб ўйламаслиги керак. Чунки бунда Рамазонни асл моҳиятини тушунмаган бой одам, Рамазон иссиқ ёз кунларига тўғри келган пайтларда, каффоратни адо этсам ҳам бўлар экан-ку, деган фикрга бориб рўзасини бемалол бузиб юбориши мумкин.
Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларни бузишда каффорат йўқ.
Мақоламиз сўнгида яна бир нарсани айтиб ўтмоқчимиз, Рамазон рўзасини фарз эканини инкор қилиб, уни тутишдан бош тортган инсон диндан чиққан ҳисобланади. Агар унинг фарз эканини била туриб, дангасалик туфайли тутмаса катта гуноҳ қилган бўлади. Қазосини тутиб бериши шарт. Бундай одамга каффорат лозим бўлмайди, чунки бу оғир гуноҳ ҳисобланиб, ундай одамга каффорат эмас, балки тавба-тазарру лозим бўлади. Валлоҳу аълам!
Манба: https://islom.uz ва https://fiqh.uz берилган мақолалар асосида тайёрланди.
Изоҳ: 1)Ушбу олтмиш кун кетма-кет тутиладиган рўза шариатда рўза тутиш мумкин бўлмаган кунлар яъни, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари ва Қурбон ҳайити кунидан кейин уч кун, жами беш кунга тўғри келиб қолмаслиги керак. Шунингдек, каффорат рўзаси кейинги йил Рамазон рўзасига ҳам тўғри келиб қолмаслиги керак бўлади, чунки каффорат рўзасини бир куни бўлса ҳам Рамазон ойига тўғри келиб қолса, аввал кириб келган (жорий) Рамазон рўзаси тутилади ва Рамазон ҳайити ўтгандан кейин каффорат рўзасини яна бошидан бошлашга тўғри келади. Шунинг учун, бу кунларни аввалдан ҳисоб-китоб қилиб аниқлаб олиш керак бўлади;
2) “Кифоя”да бу 1843 граммга тенг миқдордаги таом дейилган. Тушунишга осонроқ бўлиши учун биз Мовароуннаҳр фиқҳ академияси сайтида (https://fiqh.uz) “мазкур ўлчов каффорат берувчи ўз аҳлига берадиган бир кунлик ўртача таом миқдорига тенг бўлади”, деган фикрни ҳам беришни лозим деб билдик.