Барча ислом банкларида жамғарма ҳисобварақлари мавжуд бўлиб, уларни бошқаришда бир қанча фарқли усуллар мавжуд. Масалан, Малайзия Ислом банкида жамғарма депозитларига қуйидагича изоҳ берилади:
Банк ўз маблағларини ишончли сақланишини хоҳловчи мижозлардан жамғарма (депозит)ларини қабул қилиб олади ҳамда ушбу маблағларни Вадиъа тамойилига асосан бошқаришни таклиф этади. Яъни банк ушбу маблағлардан вақтинча фойдаланишга рухсат сўрайди. Бунда омонатчилар истаган вақтларида ўз маблағларини қайтариб олишлари мумкин бўлади ва банк маблағлар қайтарилишини кафолатлайди. Бундай маблағлардан фойдаланиш натижасида банк томонидан олинган барча фойда банкка тегишли бўлади. Шу билан бирга, банк жорий ҳисобрақамлардан фарқли ўлароқ, ўз хоҳишига кўра вақти-вақти билан мижозларнинг маблағларидан фойдаланиш натижасида ҳосил бўлган даромаднинг бир қисмини уларга мукофот тариқасида бериши ва шу орқали мижозларни рағбатлантириб, уларни қандайдир даражада банкка боғлаб туришлари мумкин.
Шу ерда бир нарсани айтиб ўтиш лозим. Агарда мижозларнинг пули қайтиши банк томонидан кафолатланса, демак мижозлар ўз маблағларини бирор-бир бизнес лойиҳага ундаги хатарларни зиммаларига олган ҳолда қатнашмаётган бўладилар ва табиийки лойиҳадан олинган фойдага даъвогарлик қилолмайдилар. Зеро, ислом молиясининг асосий тамойилларидан бири шуки, унга кўра хатарни зиммасига олмаган томон фойдага даъвогарлик қилолмайди.
Шуни инобатга олган ҳолда, жамғарма ҳисобварақларига пул қўйган омонатчилар ислом молияси қоидаларига кўра, олдиндан келишилган фойдани талаб қилиш/олиш ҳуқуқига эга эмасликларини уларга аниқ тушунтириб бериш керак. Агар ислом банки жамғарма депозитларидан фойдаланиш натижасида олинган даромаднинг бир қисмини омонатчиларга берса, бу банкнинг ихтиёридаги нарса эканлиги ва бундай даромадларга ҳиба, яъни совға сифатида қаралиши кераклигини банк мижозлари яхши тушуниб олишлари керак бўлади.
Ушбу усул Малайзия Ислом банки томонидан қабул қилингандир.
Эрон Ислом банклари “Қарз ҳасан ҳисобварақлари” жамғарма ҳисобварақларини ҳам ўз ичига олади ва улар “Қарз ҳасан” депозитлари/омонатлари деб аталади. Ушбу ҳисобварақларнинг ишлаш тамойили анъанавий банк тизимидаги омонат ҳисобварағига ўхшайди, чунки омонат ҳисобварағи дафтарчаси орқали пулни ҳисобвараққа қўйиш ва олиш мумкин. Гарчи ҳеч қандай мукофот (дивиденд)лар тўланмаса ҳам, Қарз ҳасан омонатларига мижозлар маблағларини жалб қилиш ва бошқариш учун Эрон банклари турли тарғибот (реклама) усулларини қўллайдилар. Бундай усуллар сирасига омонатчиларга қуйидаги имтиёзлар бериш кабилар киради:
- олдиндан келишилмаган бонус/ мукофотлар бериш;
- турли хил комиссиялар / хизмат ҳақлари тўлашдан уларни озод қилиш ёки чегирмалар бериш;
- банк молия воситалари ва хизматларидан фойдаланишда мижозларга устунлик/имтиёзлар бериш.
Иордания Ислом банки эса жамғарма ҳисобварақларини бошқариш учун бошқа бир усулни қўллаган: жамғарма депозитлари/омонатлари инвестиция жамғармаси (investment pool)да иштирок этишини таъминлаш орқали жалб этилади ва бундай ҳисобварақлар қўшма инвестиция ҳисобварақлари (joint investment accounts) деб номланади.
Хулоса қилиб айтганда, ислом банклари жамғарма ҳисобварақларини юритишда қуйидаги амалиётлардан бирини ёки бир нечтасини қўллайдилар:
1. Жамғарма депозитларини Вадиъа (ишонч) тамойили асосида қабул қилиш, омонатчилардан ушбу маблағлардан фойдаланиш учун рухсат сўраш ва вужудга келадиган хавф-хатарларни ўз зиммасига олиш, депозитларнинг тўлиқ қайтарилишини кафолатлаш ва маълум миқдордаги фойдани ихтиёрий равишда тақсимлаш;
2. Муайян қолдиқ сақланадиган давр учун келишилган тартибда жамғармаларни сармоя қилиш ва олинган фойдани бўлишиш ҳуқуқи билан жамғарма депозитларини қабул қилиш;
3. Жамғарма омонатлари/депозитларни Қарз ҳасан сифатида омонатчилардан банк ихтиёрига ўтказиш ва омонатчиларга моддий ёки номоддий кўринишларда мукофот (бонус)лар тақдим этиш;
4. Жамғарма депозитлари/омонатларини инвестиция жамғармаси (investment pool)нинг бир қисми сифатида қабул қилиш ва уларни инвестиция депозити сифатида тасарруф этиш.
Манба: “Case Studies in Islamic Banking and Finance” – Brian Kettell