«Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бирйўла ёзиб ҳам юборма. Яна, маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин.»
Ушбу суранинг 26 ва 27 оятларида исрофгарчилик ҳақида сўз борган эди. Бу оятда эса пулу мол сарфи аслида қандай бўлиши кераклиги баён қилинмоқда.
«Қўлингни бўйнингга боғлаб олма».
Яъни бахил бўлма. Оятда бахиллик жуда ҳам ажойиб бир тамсил ила васф қилинмоқда. Қўлини бўйнига боғлаб олган одам ҳеч қачон хамёнига қўл сола олмайди ва ундан пул олиб, бировга нафақа бера билмайди. Демак, бахил одам «Кутилмаганда ҳамёнимга қўл солиб, бировга пул бериб юбормай», деб қўлини бўйнига боғлаб олган кишига ўхшатилмоқда.
«Уни бирйўла ёзиб ҳам юборма».
Яъни қўлингни бирйўла ёзиб, бор-йўғингни бошқаларга бериб тугатиб ҳам қўйма.
«Яна, маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин».
Ўйламасдан борини беҳуда сарфлаб, сариқ чақасиз қолган одам маломатга учрайди. Уни ҳамма маломат қилади. Нотўғри ва ноўрин тасарруфини қоралайди. Шунингдек, вақт ўтгандан кейин унинг ўзи ҳам қилган ишига пушаймон бўлиб, ҳасрат-надомат чекади. Исломда ҳар бир нарсани меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ёки, аксинча, жуда йўқ даражага хам тушириб қўйилмайди. Балки ўртача меъёрида адо этилади.
Манба: «Тафсири ҳилол»