“Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва йўл ўғлига ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма.”
Қуръони Карим ота-онанинг фарзанддаги ҳаққини баён қилибгина қолмай, қариндошларнинг ҳам бир-бирларида ҳаққи борлигини билдирмоқда. Имкони бор, ўзига тўқ кишида ночор, ёрдамга муҳтож қариндошларнинг ҳаққи бор.
Бу ҳақ уларга Аллоҳ томонидан берилган. Бой-бадавлат киши ўз қариндошларига ёрдам берганида, миннат ёки фазлини кўрсатиш учун эмас, балки Аллоҳ амрини адо этиш, Аллоҳ белгилаган хақни бериш учун иш қилган бўлади. Шунингдек, ночор қариндош ўзининг бой-бадавлат қариндошидан бирор нарса олганда, унинг олдида хору зор бўлиб эмас, Аллоҳ унга белгилаган ҳақни олаётганини тушуниб, ўзини эркин тутиб олади. Шунингдек:
«Мискинга ва йўл ўғли (мусофир)га ҳам» ҳаққини адо эт.
«Мискин» – ҳаёт ўтказишда моддий жиҳатдан қийналиб қолган камбағал одам.
«Йул ўғли (мусофир)» – юртида бой-бадавлат бўлса ҳам, сафарда турли сабабларга кўра ночор иқтисодий ҳолга тушиб қолган шахс. Мана шу тоифадаги кишиларнинг ҳам бой-бадавлат мусулмоннинг молу мулкида Аллоҳ тайин қилган ҳаққи бор. Қуръони Карим бой-бадавлат кишиларга ота-она, қариндош, мискин ва кўчада қолганларга қўлларидаги молу мулкдан сарфлашни амр қилиш билан бирга:
«Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма», демоқда.
Ислом нуқтаи назарида, исрофгарчилик ноҳақ, ҳаром-хариш йўлларга мол-дунё сарфлашдир. Агар инсон бору йўғини ҳақ йўлда сарф қилиб битирса ҳам, исрофга йўл қўйган ҳисобланмайди. Аммо ноҳак ишга, ҳаром-харишга арзимаган пул сарфласа ҳам, исрофгарчиликка йўл қўйган бўлади.
“Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса Роббига ўта ношукр бўлгандир.”
Исрофчилар неъматнинг қадрига етмайди, унга шукр этмайди. Агар шукр этса, ўшани исроф қилмасди, неъмат берувчи Зотнинг розилиги йўлида сарф этган бўларди. Исрофчилар ношукр бўлганидан ўзларига берилган неъматни ботилга, ноҳаққа, ҳаром-харишга, маъсият ва ёмонликка сарф қилади. Улар бу борада шайтонга биродар бўлади. Шайтон эса ношукрликда донғи кетгандир. Албатта, шайтонга биродар бўлган исрофчиларнинг бошига ҳам ўз биродарлари шайтони лаъиннинг бошига тушган бало-офатлар тушиши турган гап.
Манба: “Тафсири ҳилол”