Агар ижара олувчи битимнинг қайсидир шартларини бузса, ижара берувчи ижара шартномасини бир тарафлама узиш (бекор қилиш / тугатиш) ҳуқуқига эга. Аммо битим шартлари бузилмаган бўлса, у ҳолда шартнома фақат томонларнинг икки томонлама розилиги (келишуви) асосидагина узилиши / бекор қилиниши мумкин. Баъзи молиявий лизинг шартомаларида ижара берувчига шартномани унинг хоҳишига кўра ҳар қандай пайтда бузиш ҳуқуқи берилган бўлади, аммо битимда бундай шартнинг кўзда тутилиши шариатга хилоф.
Ижарага берилган мулкнинг ижара берувчига қайтарилиши ижара шартномаси тугашининг мантиқий якунидир. Бунда ижара олувчи шартнома тугашигача бўлган муддат учун, яъни, фақат ижарадаги мулкдан фойдаланган даври учун ижара ҳақини тўлаши керак холос. Агар ижарадаги мулк нотўғри тасарруф қилингани ёки ижарачининг лоқайдлиги сабабли мулкка зарар етганлиги туфайли шартнома бекор қилинган бўлса, у ҳолда ижарачи мулкка етган зарарни қоплаб бериши керак, аммо ундан қолган муддат (яъни шартномада ўрнатилган ижара муддати тугагунга қадар бўлган давр) учун ижара ҳақи тўлашини талаб қилиш мумкин эмас.
Суғурталаш
Ижара амалиёти ислом молияси талаблари доирасида амалга оширилаётган бўлса ва ижарага берилаётган мулк суғурталаниши лозим бўлса, у ҳолда бунинг икки шарти бор:
- суғурталаш, ислом суғурта тизими – “такафул” орқали амалга оширилиши керак
- суғурта бўйича харажатлар ижара берувчи томонидан қопланиши лозим[*].
[*] маълумки, ҳозирги молиявий лизинг шартномаларида суғурталаш харажатлари ижарачи томонидан қопланади