Бугунги кунда инглиз тилида лизинг* деб аталувчи ижара битими ҳам дастлаб Муробаҳа сингари молиялаштириш усули сифатида ишлатилмаган. Бу шунчаки бир шахснинг мулкини бошқа бир шахсга келишилган муддатга, муайян тўлов асосида фойдаланиш ҳуқуқини бериш битими бўлган. Бироқ кейинчалик баъзи молиявий муассасалар фоизга асосланган узоқ муддатли кредит бериш ўрнига лизингдан молиялаштириш усули сифатида фойдалана бошлашган. Ижаранинг бир тури борки, у “молиявий лизинг” деб аталади ва бунда амалий (ҳақиқий) ижаранинг бир қанча асосий хусусиятлари йўқ.
Фоизсиз ишлайдиган молия муассасалари фаолият бошлаган пайтга келиб лизинг бутун дунёда молиялаштириш усули сифатида танилиб бўлган эди. Тез орада ислом молия муассасалари ҳам ижарадан фоизсиз молиялаштириш учун фойдаланиш мумкинлигини ва бу шариатга зид эмаслигини англашган. Шундай қилиб, лизинг исломий молия муассасалари томонидан қабул қилинган, аммо уларнинг кўпчилиги “молиявий лизинг”ни амалий (ҳақиқий) ижарадан кўра кўпроқ фоизли молия амалиётига ўхшаш томонлари борлигига эътибор қаратишмаган. Шу сабабли улар анъанавий молия муассасалари фойдаланадиган лизинг шартномалари намуналаридан ҳеч қандай ўзгаришларсиз фойдалана бошлашган, ҳолбуки уларнинг бир қатор шартлари шариатга мос эмас эди.
Юқорида айтиб ўтилганидек, дастлаб лизинг молиялаштириш усули / маҳсулоти бўлмаган. Бироқ, ижара битими маълум шартларга риоя қилинган ҳолда молиялаштириш учун ишлатилиши мумкин. Албатта бунда “фоиз” сўзини “ижара”га “ипотека” (яъни кўчмас мулкни гаровга қўйиш эвазига олинган кредит)ни “ижарага олинган мулк”га ўзгартириб қўйиш билан иш битмайди. Лизинг ва фоизли кредит ўртасида жиддий фарқлар борки, ислом дини талабларига жавоб бера оладиган ижара шартномаси тузиш учун ижарага бағишланган мақоламизнинг биринчи қисмида эслатиб ўтилган лизинга алоқадор барча шарт ва қоидаларга риоя қилиш зарур бўлади. Қуйида замонавий молиявий лизинг ва исломда рухсат этилган ижара ўртасидаги асосий фарқларни кўрсатиб ўтамиз.
*Лизингнинг луғавий маъноси бирор бир мулкни шартнома асосида ва муайян тўлов эвазига вақтинча фойдаланишга беришдир. Бугунги кунда асосан корхоналарга бирор-бир ускуна ва дастгоҳларни кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага беришга айтилади. Рус тилида эса лизингнинг маъноси “аренда с правом выкупа” бўлади.
Ижаранинг кучга кириши/бошланиши
Савдо битимидан фарқли ўлароқ, ижара шартномаси келажакдаги бирор муайян санадан бошланиш шарти билан тузилиши ҳам мумкин (масалан ижара шартномаси 2020 йил 1 январ куни тузилади, лекин 2020 йил 3 февралдан бошлаб кучга киради ва ижара ҳам 3 февралдан бошланади).
Демак, шариатда бирор нимани олдиндан сотиш таъқиқланган бўлсада, ижарада бунга рухсат берилади, албатта бунда ижара ҳақи тўлаш ҳам ижарага берилаётган мулк ижара олувчига етказилгандан (тақдим этилгандан) кейин бошланади.
“Молиявий лизинг”нинг аксарият кўринишларида лизинг берувчи молия муассасаси лизингга берилаётган мулкни лизинг олувчининг ўзи орқали сотиб олади. Бунда лизинг олувчи мулкни лизинг берувчи номидан сотиб олади, лизинг берувчи эса мулк нархини сотувчига (яъни мол етказиб берувчига) тўғридан-тўғри ёки лизинг олувчи орқали ўтказади.
Баъзи лизинг шартномалари, лизинг берувчи тўловни амалга оширган кундан бошлаб кучга киришини кўзда тутади, бунда лизинг олувчи мулкни қабул қилиб олган ёки олмаганлиги эътиборга олинмайди. Бу эса, лизинг олувчининг (лизинг бўйича) жавобгарлиги (маъсулияти) лизингга олинаётган мулкни қабул қилиб олишидан олдин бошланишини англатади. Аммо шариъатда бунга йўл қўйилмайди, чунки бу ҳудди мижозга берилган пул учун ижара ҳақи олишдек гап, яъни бу айни фоиз (рибо)нинг ўзи.
Шариъатга кўра тўғри йўл қуйидагича: ижара ҳақи бўйича тўловларни амалга ошириш лизинг олувчи мулкни қабул қилиб олганидан кейин бошланади, лизингга олинаётган мулк учун тўлов амалга оширилгандан кундан эмас. Агар мол етказиб берувчи тўловни тўлиқ равишда қабул қилиб олгандан кейин молни етказиб беришни кечиктирса, лизинг олувчи бу давр учун жавобгар бўлмайди.