Ижара бу муайян манфаатдан маълум муддат давомида бирор нарса эвазига фойдаланишни ўзида ифода этадиган битим ҳисобланади. Ижара битими шартнома предметига кўра 2 йирик гуруҳга бўлинади:
1) Моддий активлар манфаатига асосланган ижара.
Мазкур ижара гуруҳи яна 3 қисмга бўлинади:
а) кўчмас мулк ижараси (ҳовли ёки ер ижараси каби)
б) маҳсулотлар ижараси (кийим-кечак, идиш ёки шу каби нарсалар ижараси)
c) ҳайвонлар ижараси.
2) Меҳнат/хизматга асосланган ижара.
Бу турдаги ижарада ёлланаётган томон ажир деб номланади. Масалан, тикувчини ёллаш, бирор ходимни ишга олиш хизматлар ижарасига мисол бўла олади (агар тикувчига кийим тикиш учун буюртма берганингизда матони ўзингиз берсангиз, бу ижара битими ҳисобланади, борди-ю мато ва бошқа кийим тикиш учун зарур бўлган материаллар тикувчи ҳисобидан бўлса, мазкур битим истисна битими бўлади).
Қандай нарсаларнинг ижараси жоиз бўлиши борасидаги умумий қоида шуки, савдоси жоиз бўлган нарсаларнинг ижараси ҳам жоиз бўлади. Чунки ижара манфаатлар савдосидир. Фақат манфаатни тўла-тўкис олишда айн, яъни ижара объектини ишлатиб/сарфлаб юбормаслик шарт қилинади. Шу жиҳатдан таомни ижарага бериб бўлмайди. Чунки таомдан манфаат олиниши учун уни истеъмол қилиш талаб этилади. Бундан ташқари, савдоси жоиз бўлмаган баъзи нарсаларнинг ҳам ижараси дуруст бўлади. Буларга ҳур одам ва вақф мулклари ижараси мисол бўла олади. (давоми бор)