Ҳиба деб бир шахснинг бошқа бир шахсга муайян мол-мулкни ўз хоҳиш иродаси билан эвазсиз мулк қилиб бериши (ҳадя қилиши)га айтилади.
Агар ҳадя Аллоҳ розилигини топиш мақсадида бирор тақводор инсон, мискин ёки қариндошга қилинса, у ҳолда бу таҳсинга лойиқ/ маъқул амаллардан ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ Таоло Қуръони каримда: “Юзларингизни машриқ ва мағриб томонга буришингиз (яъни ибодат қилишингизни ўзи тўла) яхшилик эмас. Балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчи (мусофир)ларга, тиланчиларга, қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закот тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг (шиддат) пайтида сабр қилувчилар яхшилик (аҳли)дир. Ана ўшалар (иймонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар”, деб марҳамат қилади. (Бақара сураси, 177 оят).
Шунингдек, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, “Ўзаро ҳадя қилишинглар, муҳаббатли бўласизлар”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Насоий ривоятлари).
Мақтаниш, ўзини кўрсатиш учун қилинган ҳадя эса маломатга лойиқ бўлган ишлардандир.
Ҳибанинг шартлари:
- Ҳиба қилувчи вояга етган, оқил, озод, ҳамда ҳибани амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган шахс бўлиши керак;
- Ҳибани амалга оширувчи уни ўз хоҳиш иродаси билан қилиши керак, яъни у бунга мажбур қилинмаётган бўлиши керак;
- Ҳиба шариат савдо қилишга изн берган мол-мулк тоифасида бўлиши керак, яъни маст қилувчи ичимлик ёки чўчқа каби ислом динида ҳаром қилинган нарсалардан бўлмаслиги лозим;
- Ҳибани қабул қилувчи бунга рози бўлиши керак, чунки бу битим ҳам таклиф ва қабул асосида амалга ошириладиган ва мулкка эгалик қилишга алоқадор битимлар сирасига киради;
- Ҳиба битими дарҳол кучга киради ва доимий кучга эга бўлади, яъни муайян муддатга ҳиба қилиб бўлмайди. Масалан, мана шу нарсани сенга бир ой муддатга ҳиба қиламан дейиш мумкин эмас. Бундай шарт билан ҳиба қилиб бўлмайди;
- Ҳиба эвазсиз қилинади ва ихтиёрий иш саналади;
- Ҳиба қайтариб олинмайди, шу жумладан эр-хотиннинг бир-бирларига қилган совғалари ҳам, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ҳибасини қайтариб олувчи одам қусқисини (қусганини) қайтариб олувчи одам кабидир”, деганлар. (Бешовлари ривоят қилишган). Фақатгина ота-она ўз фарзандига қилган ҳадя/совғасини қайтариб олиши мумкин. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадиси асос бўлади: “Ҳадя/совға қилиб сўнгра қайтариб олиш ҳеч кимга мумкин эмас, илло ота-она ўз фарзандига қилган совғасини қайтариб олишига рухсат берилади” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Можа ривоят қилганлар);
- Ота ўз фарзандларига тенг равишда ҳадя/совға-салом улашиши керак, агар инсон ўз фарзандларидан бирига ёки баъзиларига ҳадя берса-ю, аммо баъзиларига бермаса ва бу фарзандлар ўртасида норозилик келтириб чиқарса, у ҳолда бундай хатти-ҳаракат ҳуқуқий жихатдан кучга эга бўлмайди. Агар ҳадя олмаган фарзандлар отанинг бундай қарорига рози бўлишса у ҳолда бунда муаммо йўқ. Бунга асос сифатида қуйидаги ҳолат ва унга доир ҳадис келтирилади: Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Отам бир куни менга ҳадя берди. Кейин онам Амра бинти Равоҳа отамга: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб, бунга у зотни гувоҳ қил”, деди. Кейин отам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, у зотга бу ишни зикр қилди. У зот алайҳиссалом: “Сенинг ундан бошқа ҳам фарзандларинг борми?”, дедилар. Отам: “Ҳа, бор”, деб жавоб берди. Набий алайҳиссалом: “Сен уларнинг ҳар бирига Нўъмонга берганинг каби ҳадя бердингми?”, дедилар. Отам: “Йўқ”, дея жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ортингга қайтгин! Албатта, мен зулмга гувоҳлик бермайман”, дедилар” (Муттафақун алайҳ);
- Ўлим тўшагида ётган ота ўз фарзандларидан бирига васиятнома орқали ёки бевосита бирор ҳадя қилиши жоиз эмас, лекин бошқа меросхўрлар бунга розилик беришса жоиз;
- Ҳадя қилиш учун бирор нимани шарт қилиш мумкин. Масалан: “Агар бугун ёмғир ёғса, мен сенга фалон нарса совға қиламан”, дейиш;
- Қарз берган киши қарздордан берган қарзини кечиб юбориш орқали ҳам совға қилиши мумкин;
- Берилган совғани қайтариб бериш тўғри эмас, хаттоки ўша нарса совға олувчига кичкина ёки тор бўлса ҳам;
- Ҳадяга ҳадя билан жавоб қайтариш Пайғамбаримиз (САВ) суннатларидандир. Ойша (р.а): “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам совға/ҳадя қабул қилар эдилар ва эвазига бирор нима берердилар”, деганлар (Имом Бухорий ривояти);
- 7 ёшга кирмаган ёш болаларга бегона кишилар томонидан берилган совға уларнинг оталари ёки васийлари (агар бола етим бўлса) томонидан қабул қилиб олинади. 7 ёшга кирган болалар совғани ўзлари қабул қилиб олишлари мумкин, фақат бунда уларнинг оталари иштирок этиши керак бўлади. Албатта бу болаларни турли ҳийла-найранг ва қаллобликлардан ҳимоя қилиш учундир.