“Тақдири азал”ни нотўғри тушуниш жуда хавфли, чунки бу инсонни ҳар қандай рағбатини (мотивацияси) ўлдиради. Хўш, агар ҳамма нарса бизнинг тақдиримизда ёзилган бўлса, унда нега безовталанамиз? Нима учун тер тўкиб ишлашимиз, тиришиб ўқишимиз, астойдил ҳаракат қиламиз, нима учун турмуш қуришга уринамиз?
Қазои қадар, танлов ихтиёри, ирода ва шу мавзуга алоқадор масалаларда тортишиш, диний мунозараларга киришиш ният йўқ. Аммо, шу билан бирга қуйидаги учта фикр бизни назаримизда бу масалани бошқа нуқтаи назардан тушунишингизга ёрдам беради:
- Биз мусулмон сифатида, Аллоҳ ўтмишни, ҳозирни ва келажакни кўришига, шунингдек, коинотда ҳеч нарса Унинг амрисиз бўлмаслигига қатъий ишонамиз.
- Биз Аллоҳ инсонга ҳаётдаги кундалик хатти-ҳаракатларини, ўз ҳаёт йўлини танлашда ихтиёр берганига ишонамиз. Аллоҳ таоло бу дунёни ана шу танлов ихтиёри натижалари асосида ким муваффақиятга, ким эса муваффақиятсизликка эришганлигини кўрсатувчи синов майдони сифатида яратди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “У, ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингизга амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратди. У азиз ва ўта мағфиратлидир” (57:2).
- Аллоҳ бизга эркин танлов ихтиёри берган бўлсада, У бизни ёлғиз ташлаб қўймади. Аксинча, Аллоҳ таоло ўз марҳамати билан бизга тўғри йўлни кўрсатишлари учун Ўз Пайғамбарларини юбориб, Китобларини нозил қилиб турди.
Хўп, бу учта фикр/нуқтаи назар қандай қилиб бизга тақдирни тўғри тушунишга ва уни сиз учун самарали бўлишига ёрдам беради?
Биринчидан, сизнинг кундалик қарорларингиз сизни (қандай қилиб) солиҳ ҳаёт сари етаклашини англаб етишингиз керак. Иккинчидан, агар сиз самарали фуқаро ва Аллоҳнинг солиҳ қули бўлишни истасангиз, у ҳолда сизнинг хоҳишингиз Яратганнинг иродасига мос келиши керак. Ана шунда, катта эҳтимол билан, Аллоҳ таолонинг Ўзи сизни мурод мақсадингизга етишингизда кўмакдош бўлади. Учинчидан, қадарга ишониш мағлубият учун дастак/асос бўлиши керак эмас, яъни “барчаси бефойда, чунки ҳаммаси тақдири азалда битилган” каби. Бунинг ўрнига биз: “Агар менинг танловим Аллоҳнинг хоҳиш/иродасига мос келса, у ҳолда мен ҳаётда ва охиратда муваффақиятга эришаман”, дейишимиз керак. Бунинг далили Қуръонда келтирилган: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир.” (14:7) Шунингдек, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз.” (16:97)
Сўнгги мулоҳаза, тақдир бизнинг самарадорлигимизга халал берадиган қийинчиликларни ҳам ўз ичига олади (масалан, касаллик ёки бошқа турли фалокатлар сизни ёки яқинларингизни чеклаши/фалаж қилиши мумкин). Шундай вазиятларда инсон осонгина таслим бўлиб, ўзининг бахтсизлиги ҳақида Аллоҳга арз қилиб ва ҳатто ўз иймонига шубҳа билдириб ўтириши мумкин. Лекин айнан шундай ҳолатларда чиройли сабр қилиш керак бўлади, зеро шундагина бу ҳолатдан ажр олган, самарали натижага эришган ҳолда чиқиш мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Албатта, Биз сизларни бир оз хавф ва очлик, молу-жон ва мевалар (ҳосили)га нуқсон етказиш билан синаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга ҳушхабар беринг (эй Муҳаммад). Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтгувчимиз”, дерлар. Ана ўшаларга Роббилари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан ўшалар ҳидоят топувчилардир.” (2:155-157).
Барчамиз динимизни чуқурроқ англашимиз ва яхшироқ тушунишимиз, яъни ислом дини бизни ҳаётнинг барча жабҳаларида самарали бўлишга ундашини билишимиз керак. Онгимизга сингиб кетган турли нотўғри тушунчалардан халос бўлишимиз лозим. Аллоҳ бизга бунда мадад берсин. Омин.
Таржимон: Мирзоҳид Низамиддинов
Муҳаррир: Жаҳонгир Имамназаров