Ғарарнинг ҳаддан ортиқ бўлиши, унинг шартномада жиддий тортишув ва келишмовчиликларга сабаб бўладиган даражада катта бўлиши ва шу сабабли шартноманинг бузилишига олиб келишидир.
Буни қуйидаги мисолларда кўрамиз:
1. эгалик ҳуқуқи бўлмаган мол савдоси;
2. ҳуқуқий ёки ҳақиқий эгалиги бўлмаган (яъни савдогарнинг тасарруфида / назоратида бўлмаган) мол савдоси;
3. (савдо пайтида) мавжуд бўлмаган ёки келажакда мавжуд бўлишига кафолат йўқ бўлган маҳсулот савдоси;
4. харидорга молни кўриш ёки уни (яъни молни) тўлиқ тавсифини олиш имкониятини тақдим қилмасдан савдо қилиш, жумладан:
- жинси;
- тури;
- хусусиятлари;
- белгилари (серия рақами, русуми, синфи ва ҳ.к.з.);
- ўзига хос жиҳатлари.
5. миқдори аниқ бўлмаган маҳсулот савдоси;
6. маҳсулот нархи, ҳажми, пул бирлиги (яъни савдо қайси пул бирлигида амалга оширилиши) ва ҳ.к.з. аниқ бўлмаган савдо;
7. тўлов шартлари аниқ бўлмаган савдо;
8. амал қилиш муддати кўрсатилмаган савдо шартномаси;
9. маҳсулотни етказиб беришнинг аниқ ёки эҳтимолий имкони йўқлиги.
Шартномаларда ҳаддан ортиқ ғарарнинг кўринишлари (صيغة العقد)
Бу турдаги ғарарнинг амалдаги кўриниши қуйидагилардан иборат.
Икки савдони бир савдода жамлаш;
Икки савдони бир савдога бирлаштириш шартномани бекор қилади.
Бунинг мисоли: шартномада икки хил тўлов шартидан бирини аниқ белгиламай, “нақд пулга бир миллион сўм, ёки насияга икки миллион сўм”, деб нарх кўрсатиш. Бундай шартноманинг тақиқланишининг сабаби – бу нархнинг мавҳумлиги сабаб юзага келган ғарор, чунки харидор шартнома бўйича қайси нархда тўлов амалга оширилиши кераклигини аниқ билмайди.
Битта шартномада икки хил савдони, масалан шартнома тузаётган томонлар ўртасида олди-сотди ва ижара битимларини бирлаштириш ҳам ғарар ҳисобланади.
Шу билан бирга, бир шартномани иккинчи шартномага мажбуран тобе қилмаган ҳолда биттадан ортиқ шартномани бирлаштирса бўлади (қарз (кредит) ва савдони бирлаштириш бундан мустасно, чунки бу бўйича махсус таъқиқ мавжуд). Икки шартномани бирлаштиришда, уларнинг ҳар бири алоҳида ҳолатда ҳам жоиз бўлиши шарт. Яъни, масалан ижара шартномасини бажармаслик, савдо шартномасини бекор бўлишига олиб келмасагина бундай шартномаларни бирлаштириш мумкин бўлади.
Тақиқланган сотув ва ижара шартномасига қуйидаги шартнома мисол бўла олади: кимдир ўз уйини бозор нархидан арзон нархда сотади ва бунинг эвазига у ўзи вафот этгунига қадар ўша ўзи сотган уйда рамзий ижара ҳақи тўлаб туриш шартини қўяди. Бу ҳолатда, уйни сотиб олган харидор ўша одам вафот этмагунча уйдан ўзи хоҳлагандек фойдалана олмайди.
Бундай олди-сотди яроқсиз ҳисобланади, чунки иккита келишув битта шартномада акс этган: савдо ва ижара. Бу ҳолатда савдо шартномаси қачон тугаши номаълум бўлган ижара шартномасига боғлиқ бўлиб қолган, бу эса ғарар ва жаҳолатдир, чунки инсоннинг ҳаёти қачон тугашини Aллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Хуллас бундай шарт қўйиш мумкин эмас ва шу сабабли савдо бекор бўлади.
Шартли савдо
Мазкур савдода сотув шартли бўлади, яъни бир нарсанинг савдосини бошқа бир ноаниқ воқеага, агарда, қачонки каби сўзлар воситасида боғлаб шартли қилиб қўйилади.
Масалан, агар кимдир: “Мендан маҳсулот сотиб ол ва агар зарар кўрсанг, мен қоплаб бераман” деса, бундай шарт нотўғри (ва шу сабабли кучга эга эмас), аммо савдо жоиз бўлади. Бунинг сабаби шундаки, шартнома тузилиб, тўлов амалга оширилгач, сотилган мол харидорга ўтади ва у маҳсулот бўйича тўлиқ ҳуқуқларга эга бўлади. Бунда, харидор фойда кўрса ҳам зарар кўрса ҳам ўзи учун бўлади ва сотувчининг бунда ҳеч қандай манфаати йўқ. Шундай қилиб, бундай шарт қўйиш ва қоплаб бериш ваъдаси мазмунсиз, аммо савдо жоиз ва самарали бўлиши мумкин.
Ёки сотувчи: “агар у менга уйини сотса, мен сизга ўз уйимни сотаман” деса ва харидор розилик билдирса. Ҳуқуқшуносларнинг кўпчилиги бу савдони унда ғарар борлиги учун жоиз эмас деб ҳисоблашади. Ҳар иккала томон ҳам қўйилган шартнинг амалга ошиши ёки ошмаслигини билишмайди, яъни савдо тугалланадими ёки йўқми номаълум.
Бироқ, ҳамма шартли савдо ҳам тақиқланмаган. Шариат талабларидан бирортасига зид бўлган, томонларнинг бирортасига зарар етказадиган ёки битим талаблари бажарилишини оғирлаштирадиган ҳар қандай талаб ёки шарт тақиқлангандир. Шунга ўхшаш, ҳар қандай одатий амалиёт, агар у Қуръон ёки Суннатга зид бўлмаса, тақиқланмагандир.
Масалан, сотувчи маҳсулотга 2 йиллик кафолат ва бир йиллик бепул хизмат тақдим қилиши ҳақидаги шарт ботил эмас (яъни таъқиқланмаган), шунингдек нуқсонли маҳсулотларга кафолат берилиши ҳам муаммо эмас.
(Албатта, юқоридаги рухсат этилган ва тақиқланган шартномалар рўйхати тўлиқ эмас. Шариатга мувофиқ ва номувофиқ шартномалар, ҳамда уларнинг тақиқланган жиҳатларини кейинчалик батафсил ёритамиз. Келтирилган мисоллар олди-сотди шартномаларида ғарар масаласини яхшироқ тушуниб олишингиз учунгина берилди).