«Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар.»
Араб тилида “инфоқ” — “нафақа” иборалари мол-пул сарфлаш маъносини англатади. Бизда бировга садақа қилиш, эҳсон қилиш маъносида ишлатиш одат тусига кириб қолганлиги оятни нотўғри тушунишга, хайр-эҳсон, садақа қилганда мўътадил бўлиши керагу, бошқа вақтларда нима қилса, ўзи билади, деган хаёлга олиб келмаслиги лозим.
Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Ҳеч қачон молу дунёни исроф ҳам қилмаслиги керак ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош тортмаслиги хам керак.
Исломда шахсий мулкчиликка кенг йўл очиб қўйилган. Шу билан бирга, кишиларга шахсий мулкини ҳавойи нафсига биноан тасарруф қилишга ҳам йўл қўйилмайди. Аввало, бу мулкни гуноҳ ишларга, ҳаром-ҳаришга ишлатиш ман қилинган.
Шунингдек, молу мулкни беҳуда сарфлашга “исроф” номини бериб, мусулмонларни исрофдан қайтарилган. Молу мулкини беҳуда, ноўрин сарфлайдиган одамни “сафийҳ” — эси паст, дейилади. Илгари ким сафийҳ бўлса, маҳкама (қози)нинг ҳукми ила унинг молу мулки тасарруфи тўхтатиб қўйилган. Керакли бўлганида, маълум миқдори бериб, қолгани сақлаб турилган.
Шу билан бирга, ўта хасис одамга қарши ҳам чора кўрилган. Бола-чақасидан, нафақасидагилардан қисиб, уларга ҳақлари даражасида сарф қилмаса, маҳкама ҳақларини олиб берган.
Исрофгарчилик ва хасисликни танқид этиб қораловчи кўплаб ҳадислар келган.