Бугунги кунда жамиятимизда урчиб кетаётган иллатлардан бири бу фирибгарлик дейиш мумкин. Ваҳоланки фирибгарлик динимизда катта гуноҳ ҳисобланади. Чунки фирибгарлик ўзгаларнинг молини норози қилиб, ҳалол бўлмаган йўллар билан олишдир. Бу ҳақда Қуръони каримнинг Нисо сурасида шундай дейилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ
Яъни: “Эй, имон келтирганлар ўзаро молларингни ботил йўллар билан еманглар, фақат сизлардан розилик билан бўлган тижорат бўлса майли” (29-оят).
Фирибгарлик билан топилган пул албатта ўз “эгасига” кулфатдан бошқа нарса келтирмайди. Фирибгарга охиратни эслатсанг, аксар ҳолатда таъсир қилмайди, лекин ҳаёт шуни кўрсатяптики фирибгарлар бу дунёни ўзида хор бўлишади (уларнинг ота-она ўз фарзандидан қочадиган қиёмат кунидаги ҳолатини эса тасаввур қилиш ҳам шарт эмас бўлса керак).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“مَنْ أَخَذَ أَمْوَالَ النَّاسِ يُرِيدُ أَدَاءَهَا أَدَّى اللَّهُ عَنْهُ وَمَنْ أَخَذَها يُرِيدُ إِتْلَافَهَا أَتْلَفَهُ اللَّهُ”
яъни: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талафот етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзига талафот етказади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳадис матнига эътибор берадиган бўлсак, “Аллоҳ унинг молига эмас, ўзига талафот етказади дейилмоқда. Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасида марҳамат қилганидек:
وَمَكَرُواْ وَمَكَرَ اللّهُ وَاللّهُ خَيْرُ الْمَاكِرِينَ.
“Макр қилдилар. Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳ макр қилувчиларнинг «зўри»дир” (аслида фирибгарларга шу оятнинг ўзи етарли бўлиши керак ўз кирдикорларини тўхтатишлари учун).
Фирибгарлик билан топилган молни оила аъзоларига сарфлагани учун ҳам гуноҳкор бўладилар ва ўз аҳли оилаларига ҳаром егизадилар. Ҳаром еб катта бўлган фарзандлардан келажакда солиҳ инсонлар чиқиши, ҳаромдан ризқланган аёл инсоф-диёнатли бўлиши эса даргумон.
Чунки Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимизни – покиза нарсалардан енглар…” (Бақара сураси, 172-оят).
Фирибгарлик қилган одам қандай тавба қилиши ҳақида қуйидаги ҳадисда айтилади: «Кимнинг зиммасида бир биродарининг обрўси ёки молига тегишли бирор ҳаққи бўлса, динор ва дирҳамлар ўтмайдиган (қиёмат) куни келишидан олдин ҳаққини адо қилсин. Чунки у кунда бунинг яхшиликлари ҳақдорга олиб берилади. Агар яхшиликлари бўлмаса, биродарининг гуноҳлари унинг гуноҳларига қўшиб қўйилади» (Муттафақун алайҳ).
Авваламбор, имкони бўлса, одамлардан ёлғон-яшиқ йўллар билан ундирган маблағларни ўз эгаларига ёки уларнинг меросхўрларига қайтаради. Агар қайтаришга имкони бўлмаса, улардан розилик сўрайди (албатта, рози бўлиш ёки бўлмаслик уларнинг ихтиёрида). Маблағ эгасини топа олмаса, унинг номидан садақа қилиши ва астойдил тавба қилиши лозим. Лекин бировнинг ҳақи шундайки, ўша одам кечмагунча Аллоҳ уни кечирмайди дейди уламолар, чунки бу унинг адолатидир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати томонидан қўйилган савол-жавоб асосида тайёрланди.