Фиқҳий қоидалар (القواعد الفقهية) фиқҳ илмининг умумий қоидалари тўплами бўлиб, турли ҳолларда умумий қонун-қоидаларга бўйсунган ҳолда қўлланилади. Ушбу фиқҳий қоидалар Ислом ҳуқуқининг шакланишида катта аҳамияти бор, чунки жуда кўп фиқҳий масалаларни ҳал қилишда бу қоидалардан муҳим тамойил сифатида фойдаланилади. Юзага келадиган кўп масалаларни ҳал қилишда ҳам ушбу фиқҳий қоидаларга мурожаат қилинади. Шунингдек, кўп ҳолатларда улар муайян хатти ҳаракатларни амалга ошириш асосли ёки асоссиз эканлигини белгилаш мезони бўлиб ҳам хизмат қилади.
Бу фиқҳий қоидалар маълум бир олим томонидан бирданига ёзилмаган, балки Фақиҳлар (Фиқҳ илми олимлари) томонидан фиқҳ илмининг шаклантирилиши жараёнида аста-секинлик билан ривожланиб келган. Ҳуқуқий тамойилларнинг ишлаб чиқилишида Ҳанафий мактаби олимларининг ҳизмати айниқса катта.
Фиқҳ илмининг бешта энг асосий қоидалари қуйидагилардир:
- Амаллар мақсадларга/ниятларга қараб баҳоланади – الأمور بمقاصدها
- Аниқликни шубҳа-гумон кетказмайди (яъни аниқ нарса шубҳа-гумон сабабли тарк қилинмайди) – اليقين لا يزول بالشكّ
- Қийинчилик имкониятлар келтириб чиқаради – المشقة تجلب التيسير
- Зарар бартараф қилиниши керак – الضرر يزال
- Урф – ҳукм учун асос ҳисобланади – العادة مُحَكّمة
Фиқҳ уламоларининг фикрига кўра, қолган барча фиқҳий қоидалар юқорида зикр қилинган бешта асосий қоидадан келиб чиқадиган хулоса ёки шарҳлар ҳисобланиб, турли хил фиқҳий масалаларни қамраб олади. Шундай қилиб, қуйида биз сизларни (a) бешта асосий фиқҳий қоидалар ва (б) ислом банк-молия тизимида қўлланиладиган яна бир нечта фиқҳий қоидалар мазмуни билан таништирамиз.
Амаллар мақсадларга/ниятларга қараб баҳоланади
الأمور بمقاصدها
Matters are determined according to intentions
Дела оцениваются по преследуемым ими целям
Мазкур қоида барча ниятга боғлиқ фиқҳ масалаларини, жумладан ибодат, битимлар, амаллар ва муносабатларни қамраб олади. Инсоннинг амаллари унинг ният-мақсадига қараб баҳоланди. Яъни, муайян бир амалнинг ёки келишувнинг натижаси ўша амал нияти ёки келишув мақсадига мувофиқ бўлиши керак. Хусусан, шартномаларда ҳам асосий эътибор сўзлар ва уларнинг ташқи тузилишига эмас, балки мақсад-моҳиятига қаратилади.
Турли масалаларда ҳукм чиқаришда ушбу қоиданинг ўта муҳимлигини ҳисобга олиб, мазкур қоиданинг ўзига хос жиҳатлари, хусусан ният ва унинг амал билан боғлиқлиги борасида бир нечта мисоллар келтирамиз.
Инсоннинг бажарадиган барча амалларида ниятнинг ўрни жуда катта. Ниятнинг хусусиятлари қуйида қисқача баён қилинган.
Агар бир одам кўчада ёки бирор бошқа жойда бир нарса топиб олса ва ўша нарсани эгасига қайтариш нияти билан олса, бу қилган иш тўғри ва бу одам шу нарсанинг сақловчисига (امين) айланади. Лекин бу одам шу нарсани ўзиники қилиб олиш ниятида олган бўлса, у мулкни ботил йўл билан ўзлаштириб олувчи (غاصب) ҳисобланади. Ҳар икки ҳолатда ҳам зоҳиран бир хил иш қилинди. Лекин ҳукми ниятга қараб фарқланади.
Шунингдек, бу қоида ибодат (عبادة) билан одатни (عادة) фарқлаб беради. Мисол учун, инсон саҳардан то кун ботгунга қадар рўза тутиш ниятисиз ўзини еб-ичишдан тийса, бу одам рўза тутган ҳисобланмайди. Бу шунчаки бир одат бўлиб, бу ишига савоб ёзилмайди. Агар ҳудди шу амал рўза тутиш нияти билан қилинса, бу энди ибодат ҳисобланади ва унга савоб ёзилади.
Мазкур қоида, ният (ният қалбда туғилади) ва унинг амалдаги кўриниши ўртасидаги фарқ борасида савол туғилишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда, агар ҳукм чиқарувчига асл ният аён бўлса, ҳукм ўша ният асосида чиқарилади (яъни амалнинг зоҳирий кўринишига эътибор берилмайди).
Ниятни аниқ билишнинг имкони бўлмаса, ҳукм амалнинг зоҳирий кўринишига қараб чиқарилади.
Агар ният ва амал (яъни унинг зоҳирий кўриниши) ўртасида тафовут бўлиб, бунда ниятни аниқлаш қийин бўлса, ҳукм амалнинг кўринишига қараб чиқарилади. Бу борада қуйидаги маънодаги ҳадис бор: «Биз амалларнинг ташқи кўринишига қараб ҳукм чиқарамиз, қалбдаги ниятларни Аллоҳ билгувчи» (Саҳиҳ Бухорий).
Демак, ҳақиқатни/хақни билиш қийин бўлган ҳолатларда, амаллар зоҳирига қараб баҳоланади ва шу асосда ҳукм чиқарилади.
Юқорида ёзилганлардан келиб чиқадики, тўғри ҳукм чиқариш учун асл ниятни аниқлаш жуда муҳим, акс ҳолда ҳукм чиқаришда адолатсизликка йўл қўйилиши мумкин.
Ушбу қоидага мисоллар:
• Одам ўзи яшаш мақсадида ёки сотиш мақсадида янги уй сотиб олиши закот миқдорига таъсир қилади;
• Қимматли қоғозларни сармоя киритиш ниятида (тадбиркорлик) ёки чайқов учун сотиб олиш (таъқиқланган амалиёт);
• Молини нисобдан кам миқдорда ушлаб туриш учун (бир қисмини) садақа қилиш;
• Совға бериш: совға-салом билан бировни қувонтириш (савоб) ёки пора таклиф қилиш (жиноят).
Аниқликни шубҳа-гумон кетказмайди
اليقين لا يزول بالشك
Certainty shall not be warded off by doubt
Определенность (обобснованная уверенность) не отвергается сомнением
Бу асосий беш фиқҳий қоиданинг иккинчиси ҳисобланади. Унинг маъноси шундаки, аниқ нарса шубҳа-гумон туфайли тарк қилинмайди/бекорга чиқарилмайди. Содда қилиб айтганда, мустаҳкам ишонч бирор шубҳа сабабли бекор бўлмайди. Ёки исботланган нарса унинг акси исботланмагунча шундайлигича қолади.
Қўшимча қилиб айтиш мумкинки, аниқлик шубҳадан устун туради, чунки бу бошланғич ҳолат, шубҳа-гумон эса кейин пайдо бўлади. Бошланғич ҳолат асосий бўлиб иккиламчи ҳолатдан устун туради ва бу ишончлироқ мавқе (الاصل بقى ما كان على ما كان) ҳисобланади.
Ушбу қоидага мисоллар:
• Aгар бирор ким бошқа бир одамдан қарз олса, лекин қарзни қайтарганлигида шубҳаланса, унда у қарздор ҳисобланади ва бу ҳолат қарз қайтарилганлиги ҳақида аниқ маълумот пайдо бўлмагунга қадар давом этади.
• Қарздор қарзини узганини, харидор махсулотнинг пулини тўлаганини, ижарачи ижара пулини берганини даъво қилса, лекин буни қарз берувчи, сотувчи, ижарадор инкор қилса, қарз берувчи, сотувчи ва ижарадорларнинг гапи инобатга олинади. Чунки, аслида қарз, маҳсулот пули, ижара ҳақи зиммадаги нарса хисобланади ва унинг берилганлигини ҳужжат-далил билан аниқ исботлаш керак бўлади.
Қийинчилик енгиллик туғдиради (тақозо этади)
المشقة تجلب التيسير
Hardship begets ease
Тяжесть порождает облегчение
Бу қоидаларнинг маъноси шуки, қийинчилик ўзидан сўнг енгилликлар туғилишига сабаб бўлади. Ёки танглик ҳолатида у (қийинчилик) якун топгунига қадар енгиллик берилади. Динимизда берилган рухсат ва енгилликларнинг жуда кўпи ушбу шаръий қоидага асосланган.
Ушбу қоидада кўзда тутилаётган қийинчилик, инсон учун одатдаги меъёрдан ортиқ бўлган қийинчиликдир. Аммо бажарилиши шарт бўлган кундалик вазифалар (мас. намоз, рўза ва ҳ.к.з.) доирасида дуч келинадиган одатий қийинчиликлар, ушбу қоидада кўзда тутилган қийинчиликлар сирасига кирмайди.
Аллоҳ таоло: “Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва қийинчиликни хоҳламас”, – дейди (Бақара, 185).
Ушбу қоидага мисоллар:
Фавқулодда ҳолатларда баъзи нарсаларга шаръий рухсат берилиши – уларни қонунийлаштирилиши, ушбу қоида қўлланиши мумкинлигининг исботи бўла олади. Масалан, узоқ сафар пайтида намознинг қисқартирилиши (қаср қилиниши), бирлаштириб ўқилиши, сафар ёки касаллик сабаб фарз рўзаларни (қазосини кейинчалик тутиш шарти билан) тутмаслик мумкинлиги, оғир бемор ва жуда қари кимсаларнинг рўза тутмасдан унинг ўрнига маълум бир тўлов-фидя (садақанинг бир тури) тўлаши ва ҳ.к.з.
Зарар бартараф қилиниши керак
الضرر يزال او لا ضرر و لا ضرار
Harm shall be warded off
Вред должен быть отвращен
Ушбу қоидага кўра зиён бартараф қилиниши зарур, чунки зарар етказиш ғайриқонуний амал ҳисобланади. Шундай экан, зарар катталашиб кетмаслиги учун уни бартараф қилиш керак.
Бу қоида иккита қисмга бўлинади. Қоиданинг биринчи қисмида, зарарга йўл қўйилмаслиги кераклиги (لا ضرر), яъни зарарнинг ҳар қандай тури, хоҳ у шахсга нисбатан бўлсин, хоҳ жамиятга нисбатан бўлсин, хоҳ атроф муҳитга нисбатан бўлсин олди олиниши зарурлиги қайд этилади. Бу қоидадаги зарар (ضرر) сўзи умумий бўлиб, зарарнинг барча турларини ўз ичига олади. Зарарнинг ҳеч бир кўриниши юзага келмаслиги учун барча зарур чоралар кўрилиши керак.
Қоиданинг иккинчи қисмига асосан содир бўлган зарарга жавобан (қасос тариқасида) зарар етказиш мумкин эмас (لا ضرار), чунки бу йўл қўйилган зарарни катталашишига (кўпайишига) ёки қўшимча зарарнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда зарар кўрган томон ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиши керак бўлади.
Ушбу қоидага мисоллар:
А томон Б томоннинг мулкига қасддан зиён етказиб қўйса Б томон қасос олиш мақсадида А томоннинг мулкига зарар етказиши мумкин эмас. Балки у кўрган зарарини қоплаб берилишини қонун доирасида талаб қилиши керак.
Урф ҳукм учун асос ҳисобланади
العادة محكمة
Custom is an arbitrator
Решение на основе традиции
Урф-одат, у хоҳ умумий, хоҳ хусусий бўлсин, диний фатво учун (ёки фатвони тасдиқлаш учун) асос бўла олади. Урф – ҳукм чиқариш учун муҳим манба ҳисобланади ва қонун устиворлигини таъминлашда жуда катта аҳамиятга эга. Урф, бирор бир нарсанинг қайта-қайта такрорланиши натижасида инсоннинг қалбида чуқур илдиз отиши ва инсон учун одатга айланишидир. Урф-одатга алоқадор нарса анъана ҳисобланади, аммо ёзма шартнома мавжуд бўлган ҳолатда, шартнома урф фойдасига тарк қилинмаслиги керак.
Одатда инсонлар бир-бирлари билан турли амалий алоқаларда урфдан фойдаланади, ҳатто ҳуқуқшунослар урф-одатни шартномаларга киритишни, (улар шартномада аниқ ифодаланмаса-да), маъқуллашади. Фақат бунда урф-одат шариатга зид бўлмаслиги керак.
Ушбу қоидага мисоллар:
Агар шартномада маҳсулотни етказиб бериш харидорнинг ёки сотувчининг масъулияти эканлиги аниқ кўрсатилмаган бўлса, унда шундай ҳолатларда маҳаллий урф-одат бўйича нима қилинса, ўша урф-одатга кўра иш тутилади. Урф деганда маълум бир жойдаги маҳаллий аҳолининг кундалик ҳаётлари давомида доимо қилиб юрадиган, кенг тарқалган ва ўша жойда барча учун одатий бўлган ишлар тушунилади. Шу сабабли, амалий муносабатлар/тадбиркорлик фаолияти давомида томонлар ўртасида бирор бир баҳсли вазият юзага келса, унда шу муаммо ўша жойнинг урф-одатига кўра ҳал қилинади. Аммо урф-одат имзоланган шартномага хилоф бўлса, унда шартномага асосан иш қилинади ва урфга эътибор қилинмайди, чунки амалдаги қонун доирасида тузилган шартнома урфдан устун туради.
Эслатма: ушбу фиқҳий қоидалар фақат танишиб чиқишингиз учундир. Булардан фатво-ҳукм чиқаришда ёки улар асосида бирор муҳим масала юзасидан қарор қабул қилишда фойдаланманг. Ушбу қоидалар бўйича қўшимча саволларингиз бўлса ўзингиз яшаётган шаҳарнинг зикр аҳлидан ёки масжид имомларидан сўрашингиз мумкин.
Ушбу фиқҳий қоидалар асосан қуйидаги манбалардан олинди:
https://iei.kau.edu.sa/Files/121/Files/153873_29-02-12-Buerhan.pdf
http://citeseerx.ist.psu.edu/viewdoc/download?doi=10.1.1.378.2717&rep=rep1&type=pdf
Фиқҳий қоидалар. Ўзбек тилида.
https://ahlisunna.uz/fiqhiy-qoidalar-1/
Фиқҳий қоидалар назмига шарҳ. Саъдий. Араб тилида. PDF
https://www.dropbox.com/s/0xsb6htlzh1gh6y/ar_Explanation_of_the_Fundamentals_of_Fiqh_Poem.pdf?dl=0
1 comment
[…] жарима ундиришни талаб қилиш зулм ҳисобланади ва “Зарар бартараф қилиниши керак” деган фиқҳий қоидага зид бўлади. Агар жарима ундирган […]