Филиппин қонунчилигига ислом молияси амалиётлари ва анъанавий молия амалиётларини солиққа тортишда тенглик тамойилини жорий қилувчи ҳуқуқий меъёр киритилди. Қабул қилинган 11439 рақамли қонун ислом банклари ва анъанавий банклар учун “ўйин қоидаларини” тенглаштириб, соғлом рақобат муҳитини яратишга хизмат қилади.
Ҳужжатга кўра “солиқ бетарафлигини” таъминлаш қуйидаги асосий қоидалар негизида амалга оширилади:
- Ислом банклари амалиётлари шакли жиҳатидан эмас, иқтисодий моҳиятига кўра солиққа тортилиши зарур;
- Ислом банклари кўрган даромад ёки фойда ва харажатлар анъанавий банкларнинг фоиз даромадлари ва харажатларига тенглаштирилади;
- Анъанавий банкларда зарурий ҳисобланган, аммо ислом молияси жиҳатдан ёрдамчи воситалар ҳисобланувчи шартномалар солиққа тортишдан озод қилинади.
Қабул қилинган меъёрий ҳужжат билан бирга ислом ҳуқуқшунослигига оид бир қатор тушунчалар ҳам қонунчиликка киритилмоқда, жумладан, муробаҳа, таварруқ, салам, ижара, мудораба, вакала, истиснаъ, мушорака ва сукук каби тушунчалар. Ушбу ҳуқуқий меъёрлар ислом банклари ва ислом молияси бўлимлари мавжуд бўлган муассасалар томонидан қўлланилиши талаб этилади. Ислом молияси билан шуғулланувчи анъанавий банклар Ислом молиясига оид фаолияти учун алоҳида бухгалтерия юритиши зарур бўлади.
Айтиш керакки, Филиппиннинг 100 миллиондан зиёдроқ аҳолисининг 90% дан кўпини насронийлар ва атиги 10% га яқинини мусулмонлар ташкил қилади. Ислом банклари учун қонунчиликнинг яратилиши мамлакатнинг жанубий қисми бўлган Бангсаморо вилоятида яшовчи мусулмонларга молиявий хизматларни таклиф қилиш жихатдан кенг имкониятлар яратади деб ҳисобланмоқда.