«Дия» сўзи луғатда бир нарсанинг эвазига мол беришга айтилади. Ҳанафий мазҳабига кўра, дия – жон бадалига берилган молдир.
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 92 оятида «…Кимки мўминни билмасдан ўлдириб қўйса, бас, унга мўмин қулни озод қилиш ва (ўлганнинг) аҳли кечирмасалар, хун бериш вожиб бўлур…», дейди.
Ушбу оятда бировни билмасдан-хато туфайли ўлдириб қўйган кишининг жазоси қандоқ бўлиши баён этилмоқда. Хато йўли билан ўлдириш деганда, бировни ўлдириш нияти мутлақо йўқ бўла туриб, ўлимига сабаб бўлишга айтилади. Мисол учун, ҳайвон овлаш ниятида отилган ўқ ўша томондан юрган инсонга тегиб, уни ўлдириб қўйса, хато ўлдириш ҳисобланади. Ана шундоқ ҳолатда, айбдор бир мўмин қул озод қилади ва ўликнинг эгаларига хун тўлайди.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хато туфайли одам ўлдиришнинг хунига йигирмата ҳиққа (уч ёшли урғочи туя), йигирмата жазуа (беш ёшли урғочи туя), йигирмата Бинти Мухоз (бир ёшли урғочи туя), йигирмата Бинти Лабун (икки ёшли урғочи туя) ва йигирмата Бани Мухоз (бир ёшли эркак туя)», дедилар». Суннат эгалари ривоят қилганлар.
Табиийки, қасддан одам ўлдириш билан хато туфайли ноқасддан одам ўлдиришнинг фарқи бор. Шунинг учун уларнинг хун тўлашларида ҳам фарқ бўлади. Агар иккиси ҳам юзтадан туя тўласа ҳам, туяларнинг сифати ва ёшида фарқ бор. Қасддан ўлдирганники оғир, ноқасддан ўлдирганники енгил.
Бир мўмин кишини қасддан ўлдирган қотилнинг жазоси қандоқ бўлишини келгуси ҳадиси шарифда айтилади.
Амр Ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан, розияллоҳу анҳу, ривоят қилди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, уни ўлганнинг яқинларига топширилади. Улар хоҳласалар, уни қатл қиладилар, хоҳласалар, хун оладилар: у эса, ўттизта ҳиққа (уч ёшли урғочи туя), ўттизта жазуа (беш ёшли урғочи туя) ва қирқта халуфа (бўғоз туя)дан иборатдир. Яна нимага сулҳ қилсалар, у ўзларигадир. Бу хунни оғирлаштириш учундир», дедилар». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Қасддан одам ўлдирган кишига икки хил жазодан бири жорий қилинган. Қайси бир жазони танлаш эса, ўлдирилган шахснинг аҳли ихтиёрида бўлган. Қотил уларга топширилган. Агар маййитнинг аҳли қотилдан қасос оламиз, у ҳам қатл этилсин, деб талаб қилсалар, қотилдан қасос олиниб, ўлдирилган. Мабодо, ўлган ўлиб кетди, биз қотилни афв этамиз, у бизга хун берсин, десалар ҳам ўз ихтиёрларида бўлган. У пайтда улар қотилдан хунга юз дона туя олишган. Лекин, тўғри келган туяни эмас, қандоқ туядан, неча адад бўлишини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари белгилаб берганлар. Мазкур ҳолатда хунга уч хил туя олиниши айтилган:
- Ўттиз дона уч ёшли урғочи туя.
- Ўттиз дона беш ёшли урғочи туя.
- Қирқ дона бўғоз туя.
Бу қотилга нисбатан оғирлаштирилган ҳолдир. Чунки, мазкур урғочи ва бўғоз туялар энг қадрли ва қимматбаҳо туялар ҳисобланган.
Шу билан бирга икки тараф ўзаро келишиб сулҳ қилсалар ҳам бўлган. Фақат чин кўнгилдан рози бўлишлари керак бўлган.
Шу билан бирга, мақтул (ўлдирилган)нинг хуни фақат туя билан эмас, балки, пул бирлиги ила ҳам адо этилиши мумкин бўлган. Зеро, ислом воқеъийлик динидир. Унинг ҳукмларида кишилар яшаб турган шарт-шароитлар, албатта, эътиборга олинади. Баъзи жойларда катта миқдордаги молиявий олди-бердилар туя билан бўлиши одат тусига кирган бўлса, хун тўлаш ҳам туя билан бўлган. Бошқа жойларда, олди-бердилар дирҳам-кумуш пул билан бўлса, хун тўлаш ҳам ўша билан бўлган. Агар бошқа ҳолатлар бўлса, улар ҳам эътиборга олинган.
Лекин, қасддан мусулмон инсонни ўлдириш ниҳоятда оғир гуноҳ бўлиб, қотил хун-дия тўлаш билан қутулар экан деган фикрга келиб бунга оддий гуноҳга, қотилга эса оддий жиноятчига қарагандек қараб бўлмайди, чунки Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 93 оятида шундай огоҳлантиради: “Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир”.
АЪЗОЛАРНИНГ ХУНИ
Бунда инсонга етказилган тан жароҳатлари кўзда тутилиб, эшитиш, кўриш, ҳидлаш, эслаш каби хусусиятлар ҳам шу жумлага киради.
Ибн
Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Манави
ва манави тенгдир, деб синчалоқ ва бош бармоқни кўрсатдилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Хун тўлаш маъносига келганда икки қўлнинг ҳар бир панжаси тенг қийматга эга эканлиги ушбу ҳадиси шарифдан билиб олинади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки қўл ва икки оёқнинг панжаларининг хуни баробардир. Ҳар бир бармоққа ўнтадан туя», дедилар». Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилдилар.
Инсоннинг икки қўл ва оёқ панжаларининг хуни баробар. Ҳар бир панжа учун ўнта туя хун сифатида берилади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хато қатлнинг хуни қийматини туянинг баҳосига қараб қиймат белгилаганлар. Қачон туянинг нархи ортиб кетса, хуннинг қийматини ҳам кўтарар эканлар. Агар туянинг нархи тушиб кетса, хуннинг қийматини ҳам камайтирар эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида хуннинг қийматини тўрт юздан то саккиз юз диноргача ёки ўшанинг баробаридаги кумуш, саккиз минг дирҳамгача етган бўлган. У зот қорамол эгаларига хун икки юз бош қорамол, қўй эгаларига икки минг бош қўй бўлиши ҳақида ҳукм чиқарганлар. Хун ўлганнинг меросхўрлари томонидан яқинларига қараб мерос этиб, бўлиб олинган. Ортиб қолгани асаба-ота томонидан эркак қариндошларига. У зот, агар бурун кесиб ташланса, тўлиқ хун берилишига, бир қўл кесилса, ярим хун, бир оёқ кесилса, ҳам ярим хун берилишига ҳукм чиқарганлар. Бош миянинг қобиғигача ёки бўлиқ бир жой ёрилса, хуннинг учдан бирига ҳукм қилган эканлар. Панжаларда бўлса, ҳар бир панжага ўн туя, тишларда бўлса, ҳар бир тишга беш туя ҳукм қилганлар.
Кўриб турганимиздек, исломда инсоннинг жони ва ҳатто унинг аъзолари ҳам динимизда қаттиқ ҳимоя қилинади ва шунга кўра жуда юқори баҳоланади.
Манба: https://islom.uz/maqola/579 асосида тайёрланди.