Савол:
Бирор буюмни сотиб бериш учун комиссия (ҳақ) бериш ёки олиш жоизми? Мисол учун, баъзи онлайн аукцион платформалар ва онлайн дўконлар уларнинг веб-сайти орқали реклама қилган маҳсулотингизни сотишдан тушган пулнинг маълум фоизини ўзларида олиб қолишади.
Жавоб:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Бирон бир буюмни сотиб бериш учун комиссия бериш ёки олишга шариатда рухсат берилади. Ҳадис илми олимлари (муҳаддислар) ҳам, фиқҳ бўйича олимлар ҳам ўз асарларида воситачилик/ даллоллик (араб тилида “самсара” дейилади) масаласига жуда батафсил тўхталиб ўтганлар.
Имом ал-Бухорий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Саҳиҳ”ларидаги “Даллоллик ҳақидаги боб” деб номланган бобда шундай деганлар:
“Ибн Сирин, Ато, Иброҳим ва Ҳасанлар даллолнинг комиссия олишида танглик кўрмаганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Бир кишининг (бошқа бировга) “Мана бу кийимни сотиб бер, фалон миқдордан ортиққа сотолсанг, ўша зиёда қисми сенга бўлади”, дейишида айб йўқ”, деганлар. Ибн Сирин ҳам: “Бу (нарса)ни фалон пулга сот, зиёдаси сенга бўлади ёки иккимизнинг орамизда тақсимланади”, дейишнинг зарари йўқ, деб айтганлар. (Саҳиҳ ал-Бухорий 4/569).
Яна Қайс ибн Абу Ғарозо роҳматуллоҳи алайҳ ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (бозорда) устимизга келиб қолдилар, биз даллоллик қилар эдик. У зот: “Эй савдогарлар жамоаси! Албатта, савдо-сотиқда шайтон ва гуноҳ бор / мавжуддир, шунинг учун савдоларингизни садақа билан поклаб туринг” дедилар. (Сунани Термизий: 1208, Сунани Абу Довуд №: 3326 ва Муснади Аҳмад 4/6)
Мазкур ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даллол бўлиб ишлаш ва у орқали ҳақ олиш жоиз эканлиги ҳақида иқрорлари (сўзсиз розиликлари) келтирилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даллоллик қилган бу саҳобаларни садақа қилишга буюрдилар, лекин уларни ўз ишларини давом эттиришдан қайтармадилар. Агар даллоллик қилиш ҳаром бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни бундан қайтарган бўлар эдилар.
Демак, шариатда рухсат этилган битимда воситачи бўлиш шарти билан даллоллик қилиш ва бунинг учун ҳақ олиш жоиздир. Агар битим, масалан, рибога асосланган ёки спиртли ичимликлар олди-сотдиси каби шариатга хилоф маҳсулот тепасида бўлса, шубҳасиз, бундай ишда даллол бўлишга рухсат берилмайди.
Юқоридаги ҳукм даллол оладиган комиссияси ёки иш ҳақи белгилаб қўйилган ҳолатда, масалан, даллол: бу машинани сен учун сотиб бераман, эвазига менга 50 доллар берасан, деб ўзига оладиган пулини аниқ баён этадиган ҳолатлар учундир. Даллол томонидан олинадиган комиссия ёки тўловнинг бундай тури, шубҳасиз, жоиздир.
Даллолнинг сотилган нарсанинг баҳосидан муайян фоиз / улуш кўринишида ҳақ олишига келсак, фуқаҳолар унинг жоизлиги борасида ихтилоф қилишган.
Баъзи фақиҳлар бундай битимларга рухсат бермайдилар, улар айтишадики, ижара (бирор кишини ёллаш) битимининг тўғри бўлиш шартларидан бири бу – иш ҳақи (ужра) ҳар икки томонга ҳам маълум бўлиш керак. Агар даллол нарса-буюмни сотган пулидан муайян фоиз оладиган бўлса, бу комиссия далоллик келишуви тузилаётган пайтда номаълум (мажҳул) бўлади. Битим тузувчи томонлар маҳсулотнинг ҳақиқий сотув баҳосини билишмайди ва кейинчалик даллолнинг аниқ қанча комиссия олиши ҳам номаълум бўлади. Бу эса шариатда ман қилинган битимда ноаниқлик бўлишига олиб келади.
Бироқ, Ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан Имом Ибн Обидин ва бошқа фақиҳлар буюмнинг сотилган баҳосининг муайян фоизи кўринишида ҳақ олиш ёки тўлаш жоиз, деган фикр билдиришган. Уларнинг таъкидлашича, даллолнинг комиссияси (ужраси) дастлаб номаълум бўлса-да, лекин буюм ҳақиқатда сотилганда, у автоматик равишда аниқ бўлади. Шундай қилиб, келишувдаги дастлабки ноаниқлик (жаҳала) кейинчалик аниқлик билан жой алмашади ва шунинг учун бу низога олиб келадиган нарса сифатида баҳоланмайди. (Манба: Радд ал-Мухтор 6/57, 6/63 ва Тақрири Термизий 1/59)
Ушбу масала юзасидан фуқаҳоларнинг иккинчи нуқтаи назари (позицияси) ҳозирги иқтисодий шароит ва инсонларнинг даллоллар билан ишлашга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Имом Ибн Обидин роҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Муҳаммад ибн Саламадан даллол оладиган хизмат ҳақи ҳақида сўралганда, у шундай деб жавоб берди: “Умид қиламанки, гарчи бундай битим яроқсиз бўлса-да, лекин унинг амалиётда жуда кенг тарқалганлиги (таъамул) сабабли унинг ҳеч қандай зарари йўқ… Фақиҳлар инсонларнинг даллоллар билан муомала қилиш зарурати борлиги туфайли бундай битимларга рухсат берганлар…” (Радд ал-Мухтор, Матлаб фи ужрат ад-даллал 6/63).
Хулоса қилиб айтганда, даллол томонидан таклиф этилаётган брокерлик хизматлари эвазига комиссия/ хизмат ҳақи тўлашга рухсат этилади. Бундай тўлов қатъий белгиланган бир марталик сумма ёки буюмни сотишдан тушган пулнинг келишилган фоизи кўринишида бўлиши мумкин. Шундай қилиб, улар орқали сотиладиган буюм-маҳсулотнинг сотувидан фоиз оладиган онлайн аукцион платформалар ва дўконлар ёрдамида маҳсулотни реклама қилиш ва сотишга рухсат берилади.
Валлоҳу аълам.
Манба: Муфтий Муҳаммад ибн Адам
Дарул Ифтаа
Лестер, Буюк Британия
#: 5238 рақамли савол
14/11/2007 да нашр этилган.