Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳга яхши қарз берадиган ким борки, У унга бир неча мартага кўпайтириб берса. Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) тор қилур ва кенг қилур. Ва Унгагина қайтариласизлар. (“Бақара” сураси, 220-оят)
Яхшилик йўлида, савоб касб қилиш мақсадида сарф қилинадиган маблағ, мол-мулк «Аллоҳ таолога қарз бериш» деб аталмоқда.
«Аллоҳга яхши қарз берадиган ким борки…»
Аллоҳнинг дини йўлига ким пул сарфласа, Аллоҳга яхши қарз берган бўлар экан. Аллоҳнинг йўлида пул-мол сарфлаган одамнинг маблағи камаймас ҳам экан. Балки:
«…У унга бир неча мартага кўпайтириб берса».
Яъни Аллоҳ таоло унинг яхшилик йўлида сарфлаган молини бир неча баробар кўпайтириб беради. Бу дунёда молига мол қўшади, барака беради, бахт-саодат ва роҳат-фароғатга эриштиради. У дунёда эса жаннатга киритиб, битмас-туганмас неъматлар ато этиб, Ўзининг розилигини эълон қилади.
Ўлим ва ҳаёт Аллоҳнинг қўлида бўлганидек, ризқ ҳам Аллоҳнинг қўлидадир:
«Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) тор қилур ва кенг қилур».
Аллоҳ ризқни тор қиламан деса, нафақа қилмаган, Аллоҳнинг йўлида ҳеч нарса сарфламаган, ҳар тангани етти еридан тукканларникини ҳам тор қилиб қўяверади. Кенг қиламан деса, топганини Аллоҳнинг йўлида сарфлаётганларникини янада кенг қилаверади. Ҳар не бўлганда ҳам, бориладиган жой бир:
«Ва Унгагина қайтариласизлар».
Ибн Аби Ҳотим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, «Аллоҳга яхши қарз берадиган ким бор» ояти нозил бўлганида, Абу Даҳдаҳ Ансорий:
– Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ азза ва жалла биздан қарз сўраяптими? – деди. Набий алайҳиссалом:
– Ҳа, эй Абу Даҳдаҳ, – дедилар. Абу Даҳдаҳ:
– Қўлингизни беринг, эй Аллоҳнинг Расули, – деди. У зоти бобаракот қўлларини бердилар. Абу Даҳдаҳ:
– Мен Роббимга қўрғонимни қарз бердим, – деди. Унинг қўрғонида олти юз туп хурмоси бор эди.
Жаннатдаги дуру ёқутдан бўлган хурмозорлар Абу Даҳдаҳники бўлди, – дедилар, Расули акрам солаллоҳу алайҳи васаллам.
Оятда яхшилик йўлида, савоб ҳосил қилиш мақсадида сарф қилинадиган маблағни, мол-мулкни Аллоҳ таолога қарз бериш деб аталмоқда. Ислом динида садақа беришдан кўра қарз беришнинг савоби кўпроқдир. Зеро, садақа ва эҳсонлар ихтиёрий равишда муҳтож ва номуҳтож кишиларга берилаверади. Аммо қарз фақат муҳтож кишиларгагина берилади ва қарз берганда аввало, бировнинг оғирини енгил қилиш билан Аллоҳнинг розилигини топишни мақсад қилиниши керак. Қарз бериш орқали даромад топишни кўзлаш зинҳор мумкин эмас, чунки қарз эвазига қарздордан фойда олиш судхўрликдир. Сўдхўрлик эса, гуноҳи кабиралар жумласига киради.
Шу билан бирга, бугунги кунда қарз олди-бердиси катта муаммолардан бирига айланди. Одамларни алдаб қарз олиб, шунинг эвазига яшайдиганлар, қарз олгач, имконияти туғилса ҳам, уни қайтармаётганлар кўпайди. Шундайлар сабаб муҳтож одам қарз сўраб келса ҳам, беришни истамайдиган бўлиб қолишди одамлар.
Ваҳоланки, Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилса, яна қатл қилинса ва тирилтирилса, сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, қарзи адо этилмагунча жаннатга кирмас”, деганлар.
Умуман олганда, қарз олди бердиси билан боғлиқ ҳолатларни ислоҳ қилиш ўзимизга ҳам боғлиқ. Инсон қарз берар экан, сўровчининг ростгўйлиги, асл ҳолати ҳақида маълумотга эга бўлган ҳолда қарор қабул қилиши мақсадга мувофиқ.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Эй, имон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг!”. (Бақара сураси, 282 оят).
Демак, ҳар икки томон ўртасида кейинчалик ихтилоф ва низо чиқмаслиги учун қарзни гувоҳлар ҳузурида ёзиб қўйиш мақсадга мувофиқ экан.
Қарз олганлар эса имконлари бўлиши билан уни қайтаришлари шарт. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг наздида Аллоҳ наҳий қилган кабийра гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга ҳеч нарса қолдирмай, ўлиб, У Зотга рўпара бўлишидир», дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган).
Манба: https://islom.uz, http://fitrat.uz ва https://azon.uz да берилган мақолалар асосида тайёрланди.