Бақара сураси, 240-оят
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
“Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганлар аёлларининг бир йилгача чиқарилмасдан, баҳраманд бўлишини васият қилсинлар. Агар улар чиқсалар, ўз хусусларида қилган маъруф ишларида сизга гуноҳ йўқ. Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир”.
Мерос ояти туширилиб, хотинларга ҳам мерос бериладиган бўлгач, уларнинг идда муддатлари тўрт ою ўн кун қилинди ва бу ояти карима ҳукми мансух (бекор) бўлди, дейишади уламолар. Бироқ, агар оятни диққат билан ўқисак, мусулмон эр ўз ўлими олдидан қариндошларига хотинини бир йил ичида моддий жиҳатдан таъминлаб туришларини васият қилиши фарз ёки вожиб, деган маъно йўқ. Балки бу маъно ўзаро марҳамат ва эҳтиром маъносида айтилгандир. Агар аёл киши ўзи хоҳласа, бир йил давомида эрига ва у билан бирга кечирган ҳаётига садоқат рамзи сифатида эрга тегмай ва уйидан чиқмай яшаши мумкин[1]. Ана шундай ҳолатда эрнинг қариндошлари уни таъминлаб туришлари тавсия қилинади.
«Агар улар чиқсалар, ўз хусусларида қилган маъруф ишларида сизга гуноҳ йўқ».
Яъни эри ўлганидан сўнг бир йилгача уйдан чиқмай ўтиришни ният қилган аёллар бирор сабабга кўра бир йил тўлмасдан аввал чиқсалар ва идда муддатлари тугаб, ўз хусусларида яхшилик билан, шариат қонунлари асосида иш қилиб кетсалар, ҳеч ким гуноҳкор бўлмас экан[2].
«Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир».
Унутманг, Аллоҳ азиздир, яъни ҳеч ким Унинг иродасига ғов бўла олмайдиган ғолиб Зотдир. Унинг амрига хилоф қилсангиз, иқобидан қочиб қутула олмайсиз. Аллоҳ ҳаким Зотдир, ҳар бир ҳукмни ҳикмат билан жорий қилади. Унинг ҳукмларига сўзсиз амал қилаверган одам ютади.
Манба: https://islom.uz да берилган мақола асосида тайёрланди.
[1] Бақара сурасининг 234-оятига кўра, эри вафот этган муслима 4 ою 10 кун идда сақлаши керак. Бу муддат тугаганидан кейин унинг ихтиёри ўзида, яъни пардоз-андоз қилиши ва бошқа турмуш қилиши мумкин. Демак, бу оят (Бақара, 240) эри вафот этган аёл сақлаши лозим бўлган идда муддатидан кейинги давр ҳақида экан.
[2] Эри вафот этган аёл вафот иддасини эр билан яшаган уйда ўтказиши лозим. Лекин баъзи узрлар сабабли, масалан, эрни уйи қулаб тушса ёки уйни қулаб кетиш хавфи бўлса ёки у ерда идда ўтириш аёлга хавфли бўлса ёки идда ўтириши керак бўлган уй меросхўрлар ўртасида тақсимланиб, у ерда идда ўтказишни иложи бўлмаса ёки бирор зарурат туфайли бошқа уйга чиқишга мажбур бўлиб қолса, ўзига маъқул топган жойга кўчиб ўтиб идда сақлаши мумкин.