“Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ ила ейишингиз учун уни ҳокимларга ташламанг“ (“Бақара” сураси, 188-оят)
Бу ояти карима Абдон Ҳадрамий ҳақида нозил бўлган. У Имрул Қайс Киндийдан бир парча ерни даъво қилди. Ўрталарида хусумат чиқди. Иккови ажрим қилишларини сўраб, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларига борди. Имрул Қайс ўша ерни Абдонга беришдан бош тортиб, қасам ичмоқчи бўлганида ушбу оят нозил бўлди ва у қасам ичишдан воз кечиб, ҳукм Абдон фойдасига ҳал бўлди.
Бу оят бир ҳодиса туфайли нозил бўлган эса-да, ундаги хитоб барча умматга қаратилгандир. “Молларни ноҳақ ейиш” дейилганининг маъноси ўғирлик қилиш, омонатга хиёнат этиш, фириб-алдов билан ўзлаштириш, фоиз олиш, қарзга нарса олиб, ундан тониш, пора бериш ва олиш, зўрлик билан тортиб олиш, қиморда ютиб кетиш, ўлчов ва тарозидан уриш, одам савдоси, сеҳр ва фолбинлик билан пул топиш, ножоиз тижорат билан молни қўлга киритишдир. Бу усуллар билан мол топиш шариатда ҳаром қилинган.
“Билатуриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейиш мақсадида гуноҳ йўл билан уни ҳокимларга узатманглар” ояти матнидаги “тудлу” сўзи “адла”дан олинган бўлиб, одатда қудуққа челак ташлаш маъносини билдиради. Бу ўринда эса “молни пора сифатида ҳокимларга узатиш” маъносида қўлланган. Албатта, адолатсиз ва золим ҳокимларга пора бериш ё улар билан бирга ҳаром ишлар қилиш ҳаром амалдир. Собуний ушбу оятни қуйидагича изоҳлаган: “Яъни, билатуриб ўзгалар молини ноҳақ ўзлаштириб олишингизда сизнинг фойдангизга ҳал қилишлари учун ундан бир қисмини пора сифатида ҳокимларга узатманг”. Қози ёки ҳокимга ҳақни тўхтатиш ё ноҳақ ишни юргазиб юбориш мақсадида пора бериш оғир гуноҳ ишдир. Бу иш адолатсиз ҳукмга, зулмнинг қарор топишига ва фасод ишларнинг кенг тарқалишига олиб боради.
Адолатсиз ва золим ҳокимларга пора бериш орқали ишни хал қилиш ҳаром амал эканлигини билдик, энди эса ҳалол ва адолатли ҳоким/қозиларни чалғитиб ишни ноҳақ равишда ўз фойдасига хал қилувчиларнинг масаласини ушбу оят юзасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган ҳадислари ҳамда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг тафсир ва шарҳлари орқали тушуниб оламиз:
Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Мен ҳам бир инсонман, ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Сўзга усталик қилиб, ўзгалар ҳақини ноҳақ ўзлаштириб олсангиз, билиб қўйинглар, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу оятни шарҳлаб:
«Бу дегани – бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши ҳужжат йўқлигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади. Бировнинг молини ҳаромдан еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади», – деган эканлар.
Ҳоким ҳукм қилса, гуноҳ гуноҳликдан тушиб, ҳаром мол ҳалолга айланиб қолмайди ва шу каби ҳалол (нарса/иш) ҳокимнинг ҳукми ила ҳаром бўлиб қолмайди. Ҳоким ҳамма нарсани кўра олмайди, била олмайди, у талашаётганларнинг гапига, уларнинг ҳужжатларига қараб ҳукм чиқаради ва зоҳирга қараб ҳукм чиқаргани учун гуноҳкор бўлмайди. Гуноҳ ҳоким ва қозиларни алдаб/чалғитиб ишни ноҳақ равишда ўз фойдасига хал қилганлар зиммасида қолаверади.
Манба: http://old.muslim.uz ва https://islom.uz сайтларида қўйилган мақолалар асосида тайёрланди.