“Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар. Сен: «Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинглар», деб айт”.
Бадр ғазоти ҳақидаги аввал келтирилган маълумотларда таъкидланганидек, «Анфол» сурасининг кўпгина оятлари мазкур уруш сабабидан нозил бўлгандир. Хусусан, дастлабки оятлар жангдан кейин ўлжа устида мусулмонлар орасида жанжал чиққани сабабли тушгандир.
Аллоҳнинг ёрдами билан ғолиб бўлган мусулмонлар ғалаба нашидасида маст эканлар, ўлжа хусусида ўзаро ихтилофга тушиб қолдилар. Бу эса инсон табиати ниҳоятда мураккаб эканини яна бир бор кўрсатади. Кофирлардан тушган ўлжани талашаётган инсонлар аслида бутун мол-мулкидан кечиб, Исломни танлаган зотлар эди. Бошқалари эса ҳижрат қилиб келган биродарларига ҳамма нарсаларни бориб уларни ўзларидан устун кўрган ансорийлар эди. Бошқалари эса ҳижрат қилиб келган биродарларига ҳамма нарсаларни бериб, уларни ўзларидан устун кўрган ансорийлар эди. Улар Бадр урушига кираётиб, «ўлжа» деган нарсани хаёлларига ҳам келтирган эмаслар. Аммо жанг тугаб, кўп йиллик машаққат ва қийинчиликлардан кейин дастлабки ғалаба қўлга киргач, дарҳол дунёга қизиқиш бошланди. Орада низо чиқди. Бу жуда ҳам хатарли ҳол эди.
Аллох таоло саҳобалар авлодини ҳар хил ишларни бошларига солиб, тарбиялаб борган. Бадр урушидан кейин ўлжа талашиш ҳам шунга ўхшаш масалалардан биридир. Аллоҳ уларни амалий хато устида тарбиялади. Ўша ҳодисанинг бевосита иштирокчиси бўлмиш Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан шундай ривоят бор:
«Бу оятлар биз ҳақимизда – Бадр соҳиблари ҳақида, ўлжа талашиб, ихтилоф қилганимизда, ахлоқларимиз бузилганида нозил бўлган. Аллоҳ ўлжани бизнинг қўлимиздан тортиб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берди».
Аллоҳ таоло ояти кариманинг аввалида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилмоқда:
«Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар».
Яъни ўлжа устида талашиб, ҳар қайсиси ўзини бошқалардан кўра ҳақлироқ билиб, соҳиблик даъвосини қилганидан сўнг, сўрайдилар. «Ўлжалар кимники», дейдилар.
«Ўлжалар Аллоҳ ва Расулникидир».
Ўлжалар сизники эмас. Сиз шошилиб, уни ўзингизники қилиб олмоқчисиз. Ҳаққингиз бўлмаган нарсани талашиб, бир-бирингизни хафа қилиб, ўртадаги дўстликка футур етказяпсиз. Бундай қилиш сизларга ҳеч муносиб эмас.
«Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар».
Қалбда тақво бўлгандагина инсон дунёнинг ўткинчи матоҳини талашиб юрмайди. Молу дунё деб ўз биродарлари билан орани бузмайди.
«Агар мўмин бўлсангиз Аллоҳга ва Унинг расулига итоат қилинглар», деб айт».
Демак, мўминликнинг шарти ҳар бир нарсада Аллоҳга ва Унинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишдир. Иймон амалда кўринади. Иймонни кўрсатадиган амал эса Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилишда зоҳир бўлади.
Кейинги оятда (Анфол 2) ҳақиқий мўминлар кимлар экани баён қилинади:
«Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир».
Оятда мўминларнинг бир неча сифати зикр қилинган. Оят «Албатта» деган таъкид билан бошланаётгани диққатни тортади.
«Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи»лар… мўминлардир.
Демак, мўминни ажратиш учун Аллоҳни зикр қилиш керак экан. Аллоҳ зикр қилинганда, қалбини титроқ босиб, ундан қўрқиб турган одам мўмин бўлади.
«оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи»лар мўминлардир.
Яъни Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинганда, иймони зиёда бўладиган инсон мўминдир. Қалбига Қуръон таъсир этадиган инсон мўминдир.
«…ва Роббларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир».
Яъни фақат Аллоҳ таологагина қайтадиган, Унигина кўзлайдиган, Ундангина паноҳ тилайдиган, Ундангина ҳожатларини раво қилишни сўрайдиган, Унгагина рағбат қиладиган, У хоҳласа, бўлади, хоҳламаса, бўлмайди, деб эътиқод қиладиган кишиларгина мўминлардир. Бу дегани, дунёдаги ишларга аралашмай, сабабини қидирмай туравериш керак, дегани эмас. Мўмин ҳар бир ишни режага солиб, пухта ўйлаб, турли сабабларни қилади. Лекин ўша тадбирларнинг ўзигагина суяниб қолмайди. Фикр, режа ва тадбирлар натижа берди, ҳам демайди. Балки Аллоҳга суянади. Натижани Аллоҳдан деб билади. Мўмин одам ана шундай тушунчага эга бўлади.
Кейинги оятда (Анфол, 3) мўминларнинг сифатларини зикр қилиш давом этади:
«Улар намозни тўкис адо этадиганлар ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладиганлардир».
Аввалги оятдаги сифатлар ҳаракатга, амалга чорловчи қалбдаги ҳис-туйғулар бўлса, бу ояти каримадаги сифатлар бевосита амалнинг ўзи билан боғлиқ ибодатлардир. Ўша сифатлардан бири:
«…инфоқ қиладиганлар»дир.
Манба: “Тафсири ҳилол” китоби