Ассалому алайкум!
Маълумки, Рибо/ ربأ , Ғарар /غرر ва Майсир/ميس шариатдаги асосий тақиқлардан бўлиб, турли (савдо/молия ва ҳоказо) битимларда улардан сақланиш талаб қилинади. Қуйида ушбу тақиқлардан бири бўлган ғарарга оид баъзи масалаларни эслаб оламиз.
Ғарар тушунчаси ва турлари
Ғарар арабча сўз бўлиб кенг маъноли тушунча ҳисобланади. Сўзма-сўз таржима қилинганда алдов, ҳаддан ошиқ таваккалчилик, товламачилик / қаллоблик, ноаниқлик / мавҳумлик ёки хавф-хатар маъноларини билдириб, ҳар қандай тадбиркорлик фаолияти ёки шартномада йўл қўйилиши томонлардан бирининг асоссиз йўқотишларига, бошқа томоннинг эса адолатсиз бойишига олиб боради.
Ғарарнинг битимга бўлган таъсирига келсак, ғарар шартномани йўққа чиқарадиган даражада катта бўлиши ҳам ёки шартномага таъсир қилмайдиган даражада оз (кам/кичик) бўлиши ҳам мумкин. Араб тилида бундай ғарар ясир (غرر يسير) деб аталади. Қуйида амалий мисоллар орқали шундай оз даражадаги ғарарни кўриб чиқамиз ва бу бизга уни яхшироқ тушуниб олишга ёрдам беради.
Кичик/оз ғарар — бу ноаниқликнинг энг кичик/оз даражаси. Бундай ноаниқлик кўпчилик савдо битимларида муқаррар равишда мавжуд бўлади. Ислом ҳуқуқи бундай арзимас ноаниқликка рухсат беради, чунки бундай ноаниқлик шартноманинг асосий жиҳатларига катта таъсир кўрсатмайди ва томонлар учун катта хатар туғдирмайди.
Рухсат этилган ғарарга мисоллар:
1. Уй сотиб олиш: одатда уй сотиб олишда унинг пойдеворини, аниқроғи, пойдевор учун ишлатилган қурилиш материалларини текшириб кўришни иложи бўлмайди (масалан, қандай цемент маркаси ишлатилганлигини). Бу ҳолатда фақат сотувчи берган маълумот билан қаноатланилади. Бу шундай ноаниқликки, амалда уни бутунлай олдини олиш деярли иложсиз ва шунинг учун бундай ғарар жоиз ҳисобланади.
2. Онлайн-дўкондан харид қилиш: Харидор товарни фақат суратларда кўради ва у ҳақиқатда қандай бўлишини аниқ била олмайди — экрандаги ранг ҳақиқатга мос келадими ёки ўлчам (агар кийим бўлса) тўғри келадими. Бу ноаниқлик онлайн-савдонинг табиати туфайли муқаррардир, аммо ғарар кичик, чунки маҳсулотнинг тавсифи, яъни ўлчами, ранги, материали ва ҳ.к.з аниқ кўрсатилган. Устига устак, кўпинча харидорда ўша маҳсулотни қайтариш ҳуқуқи мавжуд бўлади. Бу ҳам йўл қўйиладиган даражадаги ноаниқлик ҳисобланади.
3. Мева-сабзавот сотиб олиш: Бозордан қопда пиёз ёки шолғом сотиб олинганда, қоп ичидаги барча дона мевалар бир хил бўлмайди — баъзилари бир оз майда ёки бироз нуқсонли бўлиши табиий. Харидор қопнинг ичидаги ҳар бир донани алоҳида кузатиб чиқа олмайди. Бу муқаррар ноаниқлик бўлиб, маҳсулотнинг умумий сифати ва нархи аниқ бўлганлиги сабабли жоиз ҳисобланади (албатта, сотувчи атайин ёлғон ишлатган ҳолатлар бундан мустасно).
4. Емакхонада таом буюртма қилиш: Ресторанда меню орқали таом буюртма қилганда, харидор тайёр таомнинг аниқ вазни ёки порциянинг аниқ миқдорини олдиндан била олмайди. Аммо таомнинг асосий таркиби ва нархи маълум бўлганлиги учун бу арзимас ғарар ҳисобланади ва бунга рухсат этилади.
5. Йўловчи ташиш хизмати (такси): Такси чақирганда, йўл вақти йўлдаги ҳолатга боғлиқ бўлади — у 15 дақиқа ёки 30 дақиқа давом этиши мумкин. Бу ноаниқлик муқаррардир, аммо хизматнинг нархи ва йўналиши аниқ бўлганлиги учун жоиз ҳисобланади.
Хуллас, ислом фиқҳи ҳаётий зарурат ва замонавий битимлар табиати туфайли муқаррар бўлган кичик, арзимас ғарарга рухсат беради, агар:
- Шартноманинг асосий жиҳатлари (нарх, маҳсулот тури, миқдори..) аниқ бўлса;
- Харидорни ҳимоя қилиш механизмлари (қайтариш ҳуқуқи, кафолат..) мавжуд бўлса
- Ноаниқлик шартноманинг асосий мақсадига жиддий зарар етказмаса.
Валлоҳу аълам.