Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мол сўрадим. Бердилар. Яна сўрадим. Бердилар. Сўнг менга: “Эй Ҳаким, бу мол ёқимли, шириндир. Ким уни саховат билан олса, унга баракали бўлади. Ким очкўзлик билан олса, унга баракали бўлмайди. У еб тўймайдиган киши каби бўлиб қолади. Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшидир”, дедилар.*
Кўпчилик Абдураҳмон ибн Авф (р.а) ҳақида сўз кетганда у кишининг жуда бой инсон бўлганликларини эслашади, холос. Бироқ у киши бой бўлишларидан олдин ҳам исломга катта хизмат қилган пешқадам саҳобалардан бўлганлар. Келинг, ушбу пешқадам саҳоба ҳақидаги баъзи маълумотлар билан танишиб чиқамиз.
Пайғамбар алайҳиссалом ва асҳобларига Мадинага кўчишга изн берилганида уларнинг энг аввалги сафида Абдураҳмон ибн Авф ҳам бор эди. Мадинага келиб жойлашишганидан сўнг Сарвари олам маккаликлар билан мадиналикларни биродар тутинтириб қўйдилар. Абдураҳмон билан Саъд ибн Робиъ ал-Ансорийни бирордар, деб эълон қилдилар. Бу улуғ саҳоба олувчилар қаторида эмас, берувчилар қаторида бўлишга интилган, бошқа саҳобалар каби Аллоҳ йўлида уй-жойини, мол-мулкини Маккада қолдириб келган зотдир. Саъд ибн Робиъ унга мулкининг ярмини берганда, у шундай дейди: «Аллоҳ сенинг молингга ва аҳлингга барака берсин. Яхшиси, менга бозорни кўрсатиб қўйгин». Шундай қилиб, у қисқа вақт ичида Мадина бозорларида савдо билан машғул бўлиб жуда катта даромад орттиради.
Ҳофиз ибн Касир айтади: «У ўлим тўшагида ётганда Бадр ғазотида қатнашганларга тўрт юз динордан беришни васият қилган. Улардан юз киши қолган эди (400*100= 40.000 динор). Ибн Ҳажар Асқалоний шундай дейди: «Абдураҳмон ибн Авфнинг ортида тўрт аёли қолган. Уларнинг ҳар бири 100.000 динордан мерос олганлар. Аёлларнинг ҳаммаси Қуръон тақсимоти бўйича бутун мероснинг саккиздан бирини олишидан хабарингиз бор. Яъни саккиздан бир қисми 400.000 минг динор бўлганини кўрсатади. Ҳисоблаб чиқилса, 400.000*8 = 3.200.000 олтин динор (агар 1 динорнинг оғирлиги тахминан 4.25 граммга тенг эканлигини инобатга олсак, ҳамда бугунги кунда 1 гр. олтиннинг нархи тахминан 100 долларга тенг бўладиган бўлса, у ҳолда бу бойликнинг қиймати бугунги кунда 1,3 млрд.долларга тенг бўлган бўларди). Албатта, бу ҳисоб миллиардер саҳобани мусулмонларга қилган ҳисобсиз моддий ёрдамлари ва Аллоҳ йўлида ҳадя қилган карвонларидан ташқари».
АБДУРАҲМОН ибн АВФ розияллоҳу анҳу (тахм. 579-654) ҳақларида бошқа баъзи маълумотлар:
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илк саҳобаларидан, яъни Маккалик (Қурайший қабиласидан) илк саккиз мусулмоннинг бешинчиси;
- Жоҳилият даврида асл исмлари Абдулкаъба, бошқа манбаларга кўра Абду Амр бўлган. Маккада исломга кирганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам у кишига Абдураҳмон ибн Авф деб исм қўйганлар;
- Ҳам Ҳабашистонга, ҳам Мадинага кўчган, яъни икки маротаба ҳижрат қилган оз сонли муҳожирлардан (буни кўпчилик билмаса керак);
- Бадр, Уҳуд ва бошқа жангларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлган;
- Уҳуд жангида йигирма жойидан яраланган (буни кўпчилик билмайди);
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам иқтидо қилиб намоз ўқиган икки саҳобанинг бири (Табук юриши чоғида намоз вақти кириб қолган, лекин Пайғамбар алайҳиссалом ҳадеганда келавермаганлар. Шунда Абдураҳмон ибн Авф қавмга имом бўлиб намозни бошлаганлар. Ҳали биринчи ракат тугамай туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, намозхонлар сафига қўшилганлар ва Абдураҳмон ибн Авфга иқтидо қилиб намозни адо этганлар);
- Ашараи мубашшаралардан (яъни тириклигида жаннат башорати берилган 10 саҳобанинг бири);
- Дастлаб бой бўлмаган, сўнгра тижорат билан шуғулланиб бойиб кетган;
- Хайр-эҳсонни кўп қиладиган, бу ишни яхши кўрадиган инсон (бир кунда ўттиз қулни озод қилган. Мол-дунёсининг бир қисмини ҳаётлигида мусулмонларга тарқатган (мусулмон одам мол-дунёсининг 1/3 ни ўз меросхўрларидан бошқаларга васият қилиши мумкин, чунки меросхўрлар меросдан ўз улушларини оладилар);
- Умар (ра)дан сўнг халифа бўлишни истамаган (аксарият инсонлар ҳокимиятга интилишган ва интилиб келишмоқда, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу эса салоҳиятлари, қобилиятлари бунга имкон берса ҳам халифа – барча мўминларнинг амири бўлиш имкониятидан ўз ихтиёрлари билан воз кечганлар ва бу тарихда жуда кам учрайдиган нодир ҳолат), балки Усмон (ра)ни халифа этиб сайлашда фаол иштирок этганлар ва ҳаммадан олдин у кишига байъат берган.
Албатта, бойлик — Аллоҳ таоло берган ризқ. Кимдир илми билан, кимдир шижоати билан, кимдир бойлиги билан, саҳобалар эса шуларнинг барчаси билан дини исломга хизмат қилишган. Хадижа бинти Хувайлид, Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн Аффон, Абдураҳмон ибн Авф ва бошқа саҳобалар моллари-ю жонлари билан динга хизмат қилишган.
Аллоҳ барчаларимизни саховатли ва шижоатли мусулмонлардан бўлишимизни насиб этсин.
*Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳаким ибн Ҳизомга “Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир!”—деб айтганларидан кейин, у киши асло ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасликка қасам ичган ва умрининг охиригача шу қасамида содиқ қолган.