Сўнгги пайтларда, асосан, ижтимоий тармоқларда турли акция ва мусобақалар ўтказиш орқали маҳсулотлар савдосини жадаллаштириш энг кўп қўлланиладиган маркетинг воситаларидан бирига айланди. Бироқ, кўпчилик мусулмонлар уларда иштирок этишдан эҳтиёт бўлиб, уларни қимор ўйинларига тенглаштиришади. Аслида ҳам шундайми?
Ушбу масалани ҳал қилиш учун ислом молияси соҳасидаги энг нуфузли халқаро ташкилотлардан бири ҳисобланадиган Ислом молия муассасалари бухгалтерия ҳисоби ва аудити ташкилоти (AAOIFI) томонидан 55-сонли Шариат меъёри тайёрланган ва бу масалага аниқлик киритилган.
Ушбу меъёр “Мусобақалар, совринлар ва тижорат совғалари ва улардан фойдаланиш ёки муассаса томонидан ҳомийлик билан боғлиқ шариат меъёрлари”, деб аталади.
Эслатиб ўтамиз, AAOIFI ислом молия муассасалари учун шариат меъёрлари ишлаб чиқувчи ташкилот сифатида машҳурдир. Ушбу ташкилотнинг шариат қўмитаси раҳбари жаҳонга машҳур олим Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларидир. У киши урду, араб ва инглиз тилларида 80 дан ортиқ китоблар, жумладан, Қуръони Карим маъноларининг инглиз ва урду тилларидаги таржимаси ҳамда саҳиҳ ҳадислар тўпламига 6 жилдлик шарҳ муаллифидир (Саҳиҳ Муслим). Муҳаммад Тақий Усмоний, шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти* органи ҳисобланувчи, Жидда шаҳрида жойлашган Халқаро ислом фиқҳи академиясининг доимий аъзоси ҳисобланади.
Шундай қилиб, Ислом молия муассасаларининг бухгалтерия ҳисоби ва аудити ташкилотининг (ААОИФИ) 55-сонли “Танлов/мусобақалар ва совринлар” меъёри танловлар/мусобақалар, совринлар ва тижорат совғалари ҳамда уларни топшириш ёки муассаса томонидан ҳомийлик қилиш билан боғлиқ шариат меъёрларига қуйидаги таъриф ва тушунтиришларни беради:
Танлов/Мусобақалар
“Танлов/мусобақа” тушунчасининг таърифи:
- Танлов — икки ёки ундан ортиқ томонлар ўртасида энг кучлиси/яхшисини аниқлаш учун ўтказиладиган мусобақа.
- Танловлар бепул бўлиши ёки ҳақ асосида бўлиши мумкин. Агар танловда ҳақ тўлаш назарда тутилган бўлса, ҳақ тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган томон уни бажариши шарт.
- Мусобақа ўтказишга шариат томонидан қуйидаги шартлар асосида рухсат берилади:
- Мусобақалар шариатга зид бўлмаган соҳаларда ўтказилиши керак;
- Мусобақаларда шариат тақиқлаган нарсалар бўлмаслиги ёки шариатга зид бўлган ҳолатларга олиб бормаслиги керак;
- Мусобақа тури ва хусусиятлари, уни ўтказиш вақти, жойи, усули ва тартиби тўғрисидаги маълумотлар аниқ бўлиши ва ноаниқликни (жаҳала ёки ғарар) истисно қилиши керак.
- Мукофот [ғолибга] учинчи тараф томонидан ёки иштирокчилардан бири томонидан тақдим этилиши керак, агар мукофот икки ёки ундан ортиқ иштирокчилар томонидан тўланган бўлса, унда бундай мусобақага йўл қўйилмайди.
- Танлов ўтказиш бўйича харажатлар ташкилот/муассасанинг ўз маблағлари (эгалари/акциядорлари маблағлари) ҳисобидан амалга оширилиши керак.
- Танлов исрофга йўл қўйилмаган ҳолда амалга оширилиши керак.
Танлов натижасида қўлга киритиладиган маркетинг ютуғига оид шариат қоидалари:
Соврин – жисмоний ёки юридик шахсга маълум бир ҳаракатни амалга оширгани учун бериладиган совға.
Маркетинг ютуғи – муайян маҳсулот ёки хизматларни тарғиб қилиш ёки сармоядорларни маълум бозорлар ёки савдо майдонларига жалб қилиш учун ўтказиладиган танлов/мусобақага қўйиладиган совғадир. Бундай ютуқ қандайдир танловда қатнашиш ёки мукофот балларини ҳисоблаб бориш натижасида қўлга киритилади ёки бирор-бир маҳсулотни сотиб олганлиги учун совға сифатида олинади.
- Совринларни маҳсулот ёки хизматни сотиб олиш ёки сотиб олиш шартисиз, ғолибни тасодифий танлов-ўйин асосида аниқлаш йўли билан аниқлашга рухсат этилади;
- Танловда иштирок этиш учун сотиб олиш шарт бўлган маҳсулот ёки хизмат, шунингдек ютуқнинг ўзи ҳам шариат нуқтаи назаридан рухсат этилган бўлиши керак.
- Ўйинда қатнашиш шарти маҳсулот ёки хизматни сотиб олиш бўлган совринларни чиқаришга қуйидаги шартлар асосида йўл қўйилади:
3.1 танловда иштирок этиш учун сотиб олиш шарт бўлган маҳсулот ёки хизмат нархи ушбу маҳсулот ёки хизматнинг одатдаги нархидан юқори бўлмаслиги керак (яъни танлов ўтказиш муносабати билан ўша маҳсулотнинг нарҳи оширилиши мумкин эмас);
3.2 Агар бирор маҳсулот ёки хизматни сотиб олиш ўйинда иштирок этиш учун шарт бўлса, харидорнинг асосий мақсади ютуқ бор-йўқлигидан қатъий назар, маҳсулот ёки хизматни сотиб олиш бўлиши керак** ва танлов ўтказаётган ташкилот ёки корхона танлов эълон қилинган пайтда бу ҳақда харидорларга хабар бериши керак;
3.3 Танловда ғалаба қозониш имконияти барча иштирокчилар учун тенг бўлиши керак (яъни барча иштирокчилар учун тенг шарт-шароитлар яратилиши керак);
3.4. Танлов ва мукофотнинг мақсади бошқаларга зарар етказиш бўлмаслиги керак.
3.5. Совринли ўйинда иштирок этиш учун қандайдир тўлов қилишни шарт қилиш тақиқланади (масалан, танловда иштирок этиш учун сотиб олиниши кўзда тутилган маҳсулот нархига яна қандайдир қўшимча тўлов қилиш).
Ғолибни аниқлаш учун қуръа ташлаш:
Агар совринлар сонидан кўра шу совринга даъвогарлар кўпроқ бўлса, у ҳолда ғолибни аниқлаш учун қуръа ташлашга рухсат этилади.
Тижорий совға ва совринлар
- Тижорат совға ва совринлар қаторига қуйидагилар киради:
- сотувчи томонидан мижозлар/харидорларга олдиндан маълум қилинган совға. Бу ҳадя пул ёки мол-мулк шаклида бўлишидан қатъи назар, шариат нуқтаи назаридан рухсат этилади;
- сотувчи томонидан маҳсулот ёки хизмат билан бирга аввалроқ маълум қилинмаган совға. Лекин шу ҳадя туфайли маҳсулот нархи ошишига йўл қўйилмайди;
- сотувчи томонидан маҳсулотга қўшимча равишда ўша маҳсулотга ўхшаш совға бериш, масалан, одатдагидан каттароқ идишга кўпроқ маҳсулот солиб бериш. Бунга шариат рухсат берган, чунки бу мол нархининг пасайиши ҳисобланади.
Савдо чегирмалари кўринишидаги совғалар, уларнинг шакллари ва бунга тегишли шариат қоидалари
- Рағбатлантирувчи чегирмалар – бу маҳсулот ёки хизмат нархини сотувчи томонидан шу маҳсулотнинг бозор нархига нисбатан пасайтириш ёки харидорларни жалб қилиш ёки ушлаб туриш мақсадида ишлаб чиқарувчи томонидан шу маҳсулотга ўрнатиладиган чегирмадир.
Савдо чегирмалари кўринишидаги совға шаклларига қуйидагилар киради:
- маҳсулотни кўп сотиб олган (яъни катта партия) мижозларга маҳсулот нархини пасайтириш эвазига тақдим этиладиган чегирмалар;
- сотувчи томонидан маълум вақт/мавсумлар оралиғида, мол қолдиқларини ва/ёки эски бичим/шаклдаги маҳсулотларни тезроқ сотиб тугатиш, нақд пулга эга бўлиш учун мавсумий чегирмалар. Бундай совға-чегирмаларнинг барча шаклларига рухсат берилган, чунки бу турдаги чегирмалар маҳсулот ёки хизматни бозор нархидан паст нархда сотиш ҳисобланади.
- махсус (дисконт) карталар бўйича тақдим этиладиган чегирмалар – бу компаниянинг дўконларидан мол харид қилиш учун савдо компанияси томонидан ўз мижозларига чегирма (дисконт) карталарини тақдим этишидир. Чегирма карталари мижозларга ушбу компания билан чегирмалар бўйича келишувга эга бўлган учинчи компания томонидан берилиши ҳам мумкин. Бунда, чегирмалар келишувда кўрсатилган маълум дўконларда мол харид қилганлик учун тақдим қилинади.
[1] Ислом ҳамкорлик ташкилоти 1969 йилда ташкил этилган, аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат 57 мамлакатдан ташкил топган халқаро ташкилотдир. Ушбу ташкилот, “мусулмон дунёсининг умумий овози” эканлиги ва “мусулмон дунёси манфаатларини ҳимоя қилиш” учун фаолият юритаётганлиги айтилади.