Ассаламу алайкум!
Биз илгари хияр ал-айб, яъни молдаги айб туфайли савдони бекор қилиш ихтиёри ҳақида бир нечта кичик мақола ва маълумотлар ҳам савол-жавоблар қўйган эдик (https://t.me/Izohlar_IslomMoliyasi/6473, https://t.me/Izohlar_IslomMoliyasi/29079, https://t.me/Izohlar_IslomMoliyasi/29326, https://t.me/Izohlar_IslomMoliyasi/15288, https://t.me/Izohlar_IslomMoliyasi/6386). Шу мавзуда баъзи обуначиларимизда саволлар пайдо бўлганлигини эътиборга олиб “Хияр ал-айб” бағишланган мақолани эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик.
Аллоҳ олаётган билимларимизни ҳаётимиз ва охиратимиз учун хайрли ва манфаатли қилсин.
Хияр ал-айб
Ислом иқтисодий-молиявий муносабатларида Хияр ал-айб (ёки хиёр ал-айб) деб аталувчи тушунча бўлиб, ушбу тушунча сотилаётган нарсада бирор айб бўлса, ҳоҳласа уни шу айб/камчилиги билан олиш, истаса қайтариб бериш билан боғлиқдир.
Сотилаётган нарсада бирор айб бўлса, сотиш вақтида унинг ўша айби харидорга айтилиши/билдирилиши шарт. Айб айтилгандан кейин ҳам харидор уни сотиб олса, савдо дуруст бўлади ва кейинчалик харидор ўша айб сабабли савдони буза олмайди. Аммо сотувчи сотилаётган нарсанинг айбини харидорга айтмаса ва харидор бу нарсани билмасдан уни сотиб олса, сотувчи гуноҳкор бўлади. Ҳадисда зикр қилинишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким айбли нарсанинг айбини айтмасдан сотса, Аллоҳ таолонинг ғазабида бўлади ва фаришталар унга доимо лаънат айтиб туришади”, яъни, кимки бирор айби бор нарсани айбини айтмасдан сотса, Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди ва Фаришталар ҳам унга лаънат айтиб турадилар, деганлар. Яна бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кимки алдаса биздан эмас” яъни, кимки бизга (мусулмонларга) фириб бериб алдаса, у биздан эмас, деганлар.
Демак, харидор бирор нарсани сотиб олса ва урфда “айб ёки нуқсон” саналадиган бирор айб топилса, харидор ўша савдони бузиш ҳуқуқига эга бўлади. Харидор бу ҳуқуққа қуйидаги суратларда эга бўлади:
- Сотилаётган нарсанинг айби харид қилингандан кейин эмас, балки савдо пайтида бор бўлганда (яъни молдаги айб сотиб олинаётган пайтда бўлса);
- Харидор харид қилаётганда ёки ўша нарсани қабул қилиб олаётганда ўша нарсанинг айбидан бехабар бўлса;
- Сотувчи сотаётган нарсасидаги барча айбларга ёки маълум бир айбга алоқаси йўқлигини/масъуллигини билдирмаган бўлса. Масалан, сотаётган нарсаси ҳақида “Бу нарса қандай бўлса, шундайлигича сотаман кейинчалик айби чиқса ҳам қайтариб олмайман”, деб айтмаса. Демак, сотувчи мазкур сўзларни айтиб “Харидор ўзи ҳам кўрсин. Мени молдаги айбга (агар у мавжуд бўлса ҳам) ҳеч қандай алоқам йўқ”, деган маънони мақсад қилган бўлса, шундан сўнг бирор айб сабабли харидор савдони бузиш ҳуқуқига эга бўла олмайди (бироқ, юқорида айтиб ўтилганидек, сотувчи молнинг айбидан дарҳақиқат бехабар бўлиши керак);
- Сотилаётган нарсадаги айб осонликча йўқ бўлмайдиган (яъни жиддий) бўлганда (масалан тугмачаси тушиб қолган кийим бўлса ва худди ўша тугмачадан қўшимчаси бўлса ва уни осонгина жойига тикиб қўйиш мумкин бўлса, бу жиддий айб саналмайди);
- Харидор харид қилгандан кейин ўша нарсада сотувчи қайтариб ололмайдиган даражада бирор бир айб пайдо қилиб қўймаган бўлса;
- Харидор молдаги айбни билгандан сўнг уни харид қилишга розилигини изҳор қилмаган бўлса (яъни агар харидор молдаги айбни билса-ю шунда ҳам ўша нарсани сотиб олаверган бўлса, унда у савдони бузиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади).
Хиёри айбнинг ҳукми
Сотилган нарсада бирор айб бўлиб, харидор уни ҳоҳласа олиш ёки қайтариб бериш имкони бўлган савдода харидор сотувчидан ўша айбнинг эвазини тўлаб беришни талаб қилиши мумкин эмас. Яъни, харидор олган нарсасидаги айибнинг миқдоридаги пулни ундириш учун сотувчини тўлаб беришга мажбур қилиши мумкин эмас. Харидор сотилаётган нарсада айб бор бўлишига қарамай харид қилишни ҳоҳласа, унинг тўлиқ пулини беради ёки шундайлигича қайтариб беради. Агар сотувчи ўз ихтиёри билан ўша айб сабабидан харидордан олган пулни маълум бир миқдорини қайтариб берса ёки кейинчалик оладиган пулни (масалан насия савдода) маълум бир миқдорини кечса жоиз.
Хиёри айбнинг муддати
Сотилган нарсада бирор айб бўлиб, харидор уни ҳоҳласа олиш ёки қайтариб бериш имкони бўлган савдода савдони бекор қилиш учун бирор муддат таъйин қилинмаган. Бундай савдо мобайнида харидор вафот этиб қолса, савдони бекор қилиш ёки бекор қилмаслик ҳуқуқи унинг меросхўрларига ўтади. Яъни, меросхўрлар олинган нарсани сотувчига қайтариб, берилган пулни қайтариб олишлари мумкин.
Хиёри айб савдосида бирор бадалга келишиш
Сотувчи сотган нарсасида айб бор эканлигига иқрор бўлмаса ва харидор у билан келишишни ҳоҳлаб “Бу айбли нарсангизни қайтариб олсангиз ва мен берган пулдан озроғини олиб, қолганини қайтариб берсангиз”, деса, бундай келишувлари жоиз. Агар сотувчи сотган нарсасини айбли эканини тан олса ва қайтариб олаётганда харидордан олган пулдан маълум бир миқдорни (ўзига) олиб қолишни талаб қилиши жоиз эмас. Чунки, бундай қилиш судхўрлик ҳисобланади.
Харидор сотиб олган нарсасида айб борлиги учун сотувчига қайтариб бериши ўша нарсани қўлга киритишидан олдин бўлса, сотувчининг розилигисиз ҳам қайтариб бераверади. Агар уни қўлга киритгандан кейин қайтариб бермоқчи бўлса, сотувчининг розилиги ёки маҳкаманинг ҳукми зарур бўлади.
Мазкур ҳолатдаги савдода харидор олган нарсасини сотувчининг олдига олиб келса ва сотувчи ҳам индамай уни олиб қолиб пулини қайтариб берса жоиз. Аммо, харидор қайтариб олиб келсаю, сотувчи пулини қайтариб бермаса, қайтариб берилди деган ҳукмда бўлмайди ва у сотувчининг ҳузурида омонат бўлиб туради.
Сотилаётган нарсадаги ҳолат тижоратчилар орасида айбли ёки айбсиз дейилишида ихтилоф бўлса, у нарса айбсиз ҳисобланади.
Агар сотувчи сотаётган нарсасидаги асосий айбни айтмасдан қандайдир арзимас айбини айтса ва харидор ўша арзимас айбга рози бўлиб олсаю, кейин ўша асосий/жиддий айбни кўрса савдони бекор қилиши мумкин.
Хиёри айб қачон тугайди?
Хўп, харид қилинган нарсада бирор айб бўлса, қачонгача уни олиш ёки қайтариб бериш мумкин?
Сотилаётган нарсада қачон бирор айб кўзга ташланса, харидор уни олиш ёки қайтариб бериш ҳуқуқига эга бўлади. Қуйидаги ҳолатлардан сўнг харидорга бундай ихтиёр қолмайди.
- Уни айбли бўлишига қарамай олишга розилигини билдирса;
- Айбини билганидан кейин ҳам уни (ўзининг нарсаси каби) ишлатиб юборса;
- Уни учинчи шахсга сотиб юборса ёки ижарага бериб юборса;
- Уни тузатса ёки у бирор жонивор бўлсаю уни даволаса;
- Уни гаровга қўйса (масалан қарз олиш учун);
- Уни бирор кишига совға қилиб юборса.
Манба: fiqh.uz да берилган мақола асосида тайёрланди