Ассалому алайкум!
Кеча пул ювиш деганда нимани тушунасиз, деган саволимизга аксарият обуначиларимиз тўғри жавоб беришди (баъзи истеҳзоли, ҳазилнамо жавоб берганлар ҳам бўлди). Алҳамдулиллаҳ, бу масалани кўпчилик тўғри тушунар экан.
“Пул ювиш” ибораси расман XX асрда АҚШда пайдо бўлган бўлса-да, аслида бундай амалиёт, яъни ноқонуний йўллар билан қўлга киритилган моддий маблағ/бойликлардан бемалол фойдаланиш учун уларга қонуний тус бериш иқтисодий жиноятлар билан шуғулланувчилар томонидан азалдан қўлланиб келинган.
Масалан, 30 йилларда АҚШда энг йирик мафия тузилмасининг каттаси бўлган Ал Капоне қўлга олингандан кейин мафиянинг ҳисобчиси, яҳудий миллатига мансуб Меир Лански (асли фамилияси Сухомлянский) гиёҳванд моддаларни сотишдан тушган пулларни Швейцариядаги банклардаги эгасининг номи кўрсатилмайдиган ҳисобрақамларга жойлаб (ўша даврда бу осон бўлган), кейин ўша банкларнинг ўзидан турли бизнес мақсадлар учун кредитлар олиб, сўнг эса уларни ўша банкларда ҳисобрақамларда турган “қора” пуллар билан ёпган ва шу орқали ўзининг асосий мақсадига етган, яъни ноқонуний пулларни “қонунийлаштириб” олган.
Хуллас, жиноий, шу жумладан порахўрлик орқали топилган пуллардан очиқчасига фойдаланиш қийин, шунинг учун шундай жиноятчилар ўз ҳаром пулларини турли йўллар билан “ювиб”, уларни норасмий иқтисодий тизимдан расмий иқтисодий тизимга олиб ўтишга ҳаракат қилишади. Бунинг ҳаммаси жиноятчилар давлатнинг тегишли хизматларидан қўрққанлиги учун ўйлаб топилади. Лекин улар бир нарсани тушунишмайди, давлатнинг қайсидир идораларини чалғитиши мумкин, лекин эртага ҳақиқий савол-жавоб куни келганда улар беркитган барча нарсалар чиқиб келади ва улар ҳеч нимани беркитмасдан (беркитолмасдан дейиш тўғрироқ бўлади) ўзлари ҳисоб беришади.
Хўш, бу гапларни ҳалол касб қилиб, ҳеч қандай “пул ювмасдан” тирикчилик қилаётганларга нима алоқаси бор? Очиқ саволга жавоб берганларнинг барчаси “ноқонуний” деган сўзни ишлатишди, лекин “ношаръий” деган сўзни ёдга олишмади. Аслида, биз мусулмонлар, биринчи навбатда, ҳар бир ишимизни Аллоҳ кўриб турганлигини (яъни қилаётган ишимиз шаръийми ёки ношаръийми) англаб турган ҳолда қилишимиз керак.
Саволга ва унинг ҳалол касб қилиб тирикчилик қилаётганларга алоқасига келадиган бўлсак, мусулмон одам нафақат ҳаром ишлардан, балки турли шубҳали ишлардан ҳам йироқ бўлиши керак. Бунинг учун ўта содда ҳам бўлмаслиги керак. Кимдир асли қиммат молни ўта арзон нархда таклиф қилса ҳам, осонгина катта даромадга эга бўлиш мумкин бўладиган “бизнес” таклиф қилса ҳам (битта кичкина халтани ёки кимнидир ҳужжатини чегарадан олиб ўтиб бериш, кредитни ўзининг номига 1-2 ойга расмийлаштириб туриш каби) лаққа тушмаслиги, ҳушёр бўлиб, таклиф қилинаётган даромадни эмас, бу ишнинг оқибатларини ўйлаши лозим, токи турли порахўрларнинг ҳаром пулларини қанчадир мукофот эвазига ювишга сабабчи бўлиб қолмасин. Акс ҳолда, ўша ўғирланган мол сотилишига, одам савдосига, наркобизнесга, рибога ва яна бошқа ифлос ишларга аралашиб, нафақат ўзининг ва оиласининг бошини балога тиқади, балки эртага Аллоҳнинг олдида ҳам жавобгар бўлади.
Пул ювишни ўйлаб топганлар эса ғазабга учраганлардир, ўзбекнинг мақоли билан айтганда, “қўй ҳам, эчки ҳам ўз оёғидан осилади”.