«Фароиз илмини ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. Мeн ҳам инсонман, бу дунёдан ўтаман. Илмлар йўқолади, фитналар пайдо бўлиб, ҳатто бир фариза ҳақида икки киши баҳс қилса, уларни ажрим қилувчи киши топилмай қолади».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис
Мерос бўйича қўйилган тест-савол бўйича жавобларни ҳамда бу масала юзасидан бўлган мунозара, мулоҳаза ва саволларни кўриб бу мавзу юзасидан бироз шарҳ беришга қарор қилдик.
Вафот этган инсондан қолган мерос меросхўрлар ўртасида динимиз буюргандек тақсимланади. Бунда асосий эътибор қилиниши керак бўлган нарса шундаки, мерос тақсимоти Аллоҳнинг оятлари асосида амалга ошириладиган жиддий масала.
Барчамизга маълумки, Аллоҳ таоло қатъий белгилаб қўйган, бажарилиши мажбурий бўлган амаллар, ҳақ-ҳуқуқлар фарз деб аталади. Фарз сўзининг кўплик шакли эса «фароиз» бўлади. Аллоҳ таоло вафот қилган кишининг мол-мулкини, яъни меросни тақсимлаш қонун-қоидалари шариатда фароиз деб юритилади. Фароиз илмининг асосий аҳкомлари, асосий қоидалари ояти карималар билан собит бўлган. Зеро, мерос – вафот этган кишининг мол-мулкидир, ворисларнинг ҳаққидир. Аллоҳ таоло мeрос тақсимотини шу қадар батафсил баён қилганки, Қуръони Каримда бошқа биронта масала бу қадар баён қилинмаган. Ҳадиси шарифларда айтилганидек, инсонни йўқдан бор қилган Аллоҳ таоло бандасига нисбатан ҳар қандай муомала қилишга мутлақ ҳақли бўла туриб, Ўз ҳаққидан кечиши мумкин, аммо банда билан банданинг ўртасидаги ҳақни кечмайди. Ҳатто шаҳид ҳам зиммасида бировнинг ҳақи бўлса жаннатдан тўсилиб туриши ҳақида саҳиҳ ҳадислар орқали бизга билдирилган.
Меросхўр – мерос қолдирувчининг вафотидан кейин меросга ҳақдор мусулмон киши. Шариатда белгиланган меросхўрларгина меросхўр ҳисобланади. Ҳеч ким, ҳатто, мерос қолдираётган инсон ҳам “фалончи меросхўр бўлсин” деб айта олмайди. Мерос қолдирувчининг васияти қолдирган молининг учдан бирига ўтади, холос, қолгани меросхўрларга шариатда белгилангандек тақсимланади.
Энди бевосита тест-саволига келадиган бўлсак, ота-онаси ҳаётлик пайтида уларнинг парвариши, рўзғор таъминоти, улар ва ўзи яшаб турган ота-онанинг уй-жойини таъмирлаш ишларини бир фарзанд ўз ихтиёри билан зиммасига олган бўлса, фарзандлик бурчини бажаргани учун у иншааллоҳ ажр-савоб олади. Агар бошқа фарзандлар хорижда истиқомат қилаётганлиги, ёки турмушга чиқиб кетганлиги учун ўзаро келишиб ўзларининг зиммаларидаги ота-онанинг парвариши ва таъминотини бирларининг зиммасига юкласалар, у ҳолда улар буни маълум ҳақ эвазига келишиб олишлари мумкин.
Шунингдек, ота-она ҳам ҳаётлик даврларида ўзларига қараётган фарзандларига ўз мол-мулкларини тўлиғича ёки қисман ҳадя қилишлари ёки олди-сотди шартномаси асосида сотишлари ҳам мумкин. Чунки улар мулк эгаси сифатида ўз мулкларини шариат доирасида ўзлари истагандек тасарруф қилишларида ҳеч қандай монеълик йўқ.
Ота-она мол-мулкларини 1/3 ни (учдан бирини) ўзлари истаган кишиларга васият қилишлари мумкин. Лекин меросхўрлардан бирига васият қилишлари мумкин эмас, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда: «Ҳақиқатда Аллоҳ ҳар бир ҳақдорга ўз ҳақини берган. Шу боис, меросхўрга васият қилинмайди», деганлар (Термизий ривояти). Васиятдан қолган мол-мулк улардан кейин меросхўрлар ўртасида шариатда белгилангандек тақсимланади.
Меросхўрлар ўзларига теккан улушдан воз кечиши масаласи ҳам бироз нозик масала, уламолар меросдан қолган улушлар аниқланиши ва эгаларига маълум қилиниши керак, шундан кейин улар ўзларига теккан улушдан воз кечиш-кечмаслик қарорини қабул қилиши керак дейишади. Тан олиш керак, айни шу жойи жуда нозик, чунки улуши аниқ маълум бўлмасдан олдин улушдан кечдим дейиш осон, лекин улуш аниқ бўлиб, қўлига тегиши керак бўлган қиймат маълум бўлганда меросдаги улушдан кечиб юбориш анча қийин масала бўлиб қолади. Валлоҳу аълам.
________________________________________________________________________
* қўшимча равишда мерос масаласида телеграм саҳифамизда ва сайтимизда қўйилган мақола ва маълумотлар билан танишиб чиқишингиз мумкин