Ассалому алайкум!
Кўпчилик одамлар оилада моддий етишмовчилик юзасидан нолишади ва ризқ кенгроқ бўлиши ва рўзғорга барака кириши учун нима қилиш, қайси оят ва дуоларни ўқиш кераклиги ҳақида сўраб қолишади.
Уламолар бу масала юзасидан жавоб қилиб, истиғфор айтишни маслаҳат беришади. Қуйида бу масалада юзасидан берилган жавоб-маслаҳатлардан бирини кўрамиз.
Кунида имкон қилсангиз беш ёки ўн минг бор истиғфор айтинг. Оила аъзоларингизни ҳаммаси айтишса янада яхши. Бир ҳафта ёки ўн кун айтдикку бўлмаяпти деб туриб олманг. “Астағфируллооҳа роббии мин кулли занбин ва атуубу илайҳ” деб дуо қилиш керак. Бу оят эмас, лекин қуйидаги оят асосида айтилган. Аллоҳ таоло “Нуҳ” сурасида марҳамат қилади:
«Роббингиздан мағфират сўранг, албатта, У кўплаб мағфират қилувчидир», – дедим». (10-оят)
«Истиғфор»нинг луғавий маъноси «мағфиратни (гуноҳнинг кечирилишини) сўраш»дир. Амалда банда тилида «астағфируллоҳ» ва шу маънодаги калималарни айтиб, дил билан тасдиқлашидир. Агар бу оятга амал қилсангиз…
«Шунда устингизга ёмғирни мўл кўл қилиб юборадир».
«Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар қилиб берур ҳамда анҳорлар қилиб берадир».
Имом Насафий ўзларининг «Мадорик» номли машҳур тафсирларида ушбу ояти карима тафсирига қуйидаги қиссани келтирадилар:
Ҳазрати имом Ҳасан Басрий ўз даврларида бир гуруҳ кишилар билан суҳбатлашиб ўтирганларида, бир одам келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилибди. Ҳазрати имом Ҳасан Басрий: «Истиғфор айтинглар», – дея маслаҳат берибдилар. Иккинчиси келиб, камбағалликдан, учинчиси фарзандсизликдан ва ҳоказо шикоятлар қилибдилар ва барчаларига «Истиғфор айтинглар», деган маслаҳатни айтибдилар. Шунда суҳбатдошлардан Робийъ ибн Субайҳ ҳазрати Ҳасан Басрийга мурожаат қилиб: «Эй Имом, сизга турли кишилар турли нарсалардан шикоят қилдилар, сиз эса ҳаммаларига бир хил жавоб бердингиз, бунинг боиси недур?» – дебди. Ҳазрати Имом бу саволнинг жавобига юқорида келтирилган оятларни ўқиб берган эканлар.
Мазкур оятда истиғфор билан ризқ бир-бирига боғлиқлигига ишора қилинмоқда. Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида қалб поклиги, диндорлик ва ҳидоятда юришдан ризқнинг мўллиги, фаровонлик ва серобчилик келиб чиқиши таъкидланган. Жумладан, «Аъроф» сурасининг 96-оятида: «Агар шаҳар-қишлоқ аҳли иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни касб қилган нарсалари туфайли тутдик», – дейилади. Шунга ўхшаш оятлар «Моида», «Ҳуд» ва бошқа сураларда ҳам бор.
Демакки, қайси халқ Аллоҳ таолодан қўрқса, яхши амалларни қилса, адолат ва омонликни жорий қилса, Аллоҳ таоло у халқни ер юзида пешқадам қилиб қўяди. У халқ фаровонлик, тараққиёт ва бахтли ҳаётга эришади. Гоҳида Аллоҳдан қўрқмайдиган, иймонсиз халқлар ҳам фаровонликка етишиши мумкин, лекин бу синов учун бўлади. Кейинроқ ҳақиқий ҳолат зоҳир бўлиб, кўзга кўриниб турган фаровонлик ортидаги муаммолар ошкор бўла бошлайди. Бу Аллоҳ таолонинг Ўзидан қайтган, бандаларига юборган азобининг бошланиши бўлади. Валлоҳу аълам!
Манба: https://savollar.islom.uz (“Тафсири Ҳилол” китоби асосида тайёрланган).