Набий солаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужраларининг эшиги олдида довлашаётганларнинг шовқинини эшитиб, уларнинг олдига чиқдилар ва шундай дедилар: “Мен ҳам оддий бир инсонман. Менга довлашганлар келади. Эҳтимол, бири бошқасидан сўзамолроқ бўлса, уни тўғрисўз деб ўйлаб, унинг фойдасига ҳукм чиқарарман. Кимнинг фойдасига бир мусулмоннинг ҳақини ҳукм қилсам, у дўзахдан бир парчадир. Хоҳласа уни олсин, хоҳласа тарк қилсин”.
(Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган).
Ислом молияси изоҳи:
Кўриб турганимиздек, ушбу ҳадис саҳиҳлик нуқтаи назаридан барча муҳаддислар талабларига жавоб беради ва шунинг учун уларнинг барчалари уни ўз ҳадислар тўпламларига киритишган.
Ушбу ҳадис ниҳоятда муҳим ва доимо (яъни барча замонларда) долзарб бўлган мавзу – тўғрисўзлик (тўғри гувоҳлик бериш) ҳақида экан;
Тўғрисўзлик / тўғри гувоҳлик беришнинг муҳимлиги эса одамлар доимо бир-бирлари билан муомалотда бўлишлари, яъни ижтимоий-иқтисодий муносабатларга киришишлари ва бундай муносабатлар доирасида турли тушунмовчилик ва зиддиятлар ҳам чиқиб туриши билан боғлиқ. Зеро, бундай муаммолар кўпинча тўғри бошланмаган муносабатлар оқибатида вужудга келади. Вужудга келган муаммоларни ҳал қилиш учун эса томонлар масъул шахслар (қози, муфтий, ҳуқуқшунос, ҳоким..) ёки масъул идоралар (суд)га мурожаат қилишади ва довлашишади (даъволашишади, тортишишади). Довлашув жараёнида эса улар ўз нуқтаи назарлари ва ҳолатларини изҳор қилишади, далил/исботлари ва гувоҳларини келтиришади… хуллас ўзларининг ҳақ эканликларини ва бошқа томон ноҳақ эканлигини исботлашга уринишади. Албатта, бундай уринишлар тўғрилик/тўғрисўзлик, адолат ва холислик асосида бўлса яхши, лекин бундай довлашув жараёнида инсонлар тўғрисўзлик, ҳалоллик, адолат ва холислик тамойилларини эсларидан чиқариб қўйишади, чунки тақвоси суст инсон манфаат илинжида ёлғон ишлатади ёки ҳеч бўлмаганда асл ҳақиқатни беркитишга уринади.
Шуларни билган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай кимсаларни огоҳлантириб, “…Кимнинг фойдасига бир мусулмоннинг ҳақини ҳукм қилсам, у дўзахдан бир парчадир. Хоҳласа уни олсин, хоҳласа тарк қилсин”, дедилар. Бу огоҳлантиришдан мурод, бир одам бошқасидан сўзамолроқ/“устароқ” бўлиб, ўзини гапига масъул шахсни ишонтириб, ҳукмни ўзини фойдасига ҳал қилиши ва бундан хурсанд бўлиши, фахрланиши мумкин, лекин бу унинг учун дўзахдан бир парча бўлади, холос. Дўзах аҳлининг энг енгил азоби эса, Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга кўра – оёғининг тагига иккита чўғ қўйилиб, ундан мияси қозон ва қумғон қайнагандек қайнайдиган кишидир ( ушбу ҳадис“Олтин силсила” китобида келтирилган). Валлоҳу аълам!
Манба: “Олти саҳиҳ имомлари иттифоқ қилган ҳадислар” китоби
Таржима қилиб, нашрга тайёрловчи: Анвар Аҳмад