“Ҳалол” сўзини “жоиз” ёки “қонуний/рухсат этилган” деб таржима қилиш мумкин ва бу фақат озиқ-овқатга тегишли эмас, балки бу тушунча мусулмон ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олади. Мусулмон киши ҳалол даромад топиши, ҳалол манбалардан еб-ичиши, ҳалол йўл билан дам олиши, рухсат берилган нарсаларгагина назар ташлаши…(ваҳоказо) лозим. Шундай экан, ҳалол турмуш тарзи – кундалик хатти-ҳаракатларимизнинг маънавий таркиби (ёки руҳи) дейиш мумкин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла покдир ва фақатгина покни қабул қилур. Албатта, Аллоҳ азза ва жалла мўминларга расулларга амр қилган нарсани амр қилди: «Эй расуллар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амал қилинглар» (Муъминун, 51). Ва яна: «Эй иймон келтирганлар! Биз сизга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар», дедилар (Бақара, 2). Сўнгра зикр қилиб дедилар: «Бир киши узоқ сафар қилади. Икки қўлини чўзиб: «Эй Роббим, эй Роббим», дейди. Ҳориб, чарчаган, чангу ғуборга бурканган. Ҳолбуки, таоми ҳаромдир, шароби ҳаромдир, либоси ҳаромдир, ҳаромдан ғизолангандир. Бас, қандай қилиб унга ижобат қилинсин!?» (Муслим).
Чанг-ғуборга ботган одам ҳақидаги хабар кучли бир фикрни бизга етказяпти: чорасиз қолган инсон ҳолатида бўлса ҳам, агар унинг еб-ичиши ва уст-боши ҳалолдан бўлмаса, яъни у уларни ўғирлаб ёки жоиз бўлмаган бошқа йўллар билан топгани учун, унинг дуоси ижобат бўлмайди (ваҳоланки бундай ҳолатдаги одамнинг Aллоҳ дуосини ижобат қилиш эҳтимоли катта бўлиши керак).
Бу самарадорлик билан боғлиқ муҳим нуқтадир: гуноҳ ишлар бизнинг руҳий қувватимизни йўқ қилиши ва баракани ҳаётимиздан олиб қўйиши мумкин бўлгани каби, бизнинг турмуш тарзимиз ҳам уларни (яъни руҳий қувват ва баракани) йўқ қилиши мумкинлигини англаб етишимиз керак.
Aгар кимдир ҳаром еса, у ўзи истаса ҳам, истамаса ҳам танаси Aллоҳга итоатсизлик қилади, ҳалол еб, ҳалол даромад қилишга интилса, унинг аъзолари яхшилик қилишга муваффақ бўлишади ва у яхшиликка буриб қўйилади (яъни у яхшиликка мойил бўлиб қолади), дейилади. Сизнинг аъзоларингиз “табаррук” эканлиги ва уларнинг яхшиликка қодирлиги ҳақидаги бу тушунча биз ҳаммамиз интилишимиз керак бўлган нарсадир. Бу менга узоқ масофага сакрашга уринаётган бир гуруҳ йигитлар билан бирга бўлган чолнинг воқеасини эслатади. Чол узоқ масофага сакрай олади, лекин ёш йигитлар бу ишни уддалай олишмайди. Йигитлар чолдан буни қандай қилганини сўрашганда, у: “Бу бизнинг аъзоларимиз: ёшлигимизда биз уларни гуноҳ қилишдан сақлаган едик, қариганимизда Aллоҳ уларни биз учун сақлаб қолди”, деб жавоб берган экан. Бу ҳикоя танамиз ва қалбимизни пок, ҳалол ва шариат рухсат берган чегарада сақлаш орқали, биз узоқ муддат давомида ҳам самарали бўлишимиз мумкинлигини англатади.
AМAЛИЙ МAСЛAҲAТЛAР
•Ҳалоллигини текширинг:
Янги ишга киришдан аввал унинг қанчалик “ҳалол” эканлигини текширинг. Нима иш қилишингизни аниқ тушуниб олганингизга ишонч ҳосил қилинг ва (савол туғилса) уламолардан фаолиятингиз ҳалол ёки йўқлигини аниқлаб олинг.
•Иш жойингизда ҳалол ва шаффоф фаолият юритинг:
Aгар шартнома ҳалол эмас деган фикрга келсангиз, бошлиғингизга шубҳаларингизни билдиринг. Диёнатсиз бўлгандан кўра, ҳаддан ташқари ҳалол бўлиш яхшироқдир.
•Ҳалоллик ва покликдан ҳузурланинг:
Еганингиз, ичганингиз ва ҳузурланаётганингиз ҳалол ва яхши эканлигидан роҳатланинг. Агар биз соғлом ва ҳалол турмуш тарзи олиб борсак, бу бизнинг руҳиятимизга ижобий таъсир қилади.