Ассалому алайкум, ҳозир кўпчилик турли платформалар орқали инвестиция киритиш ва ҳалол даромад олиш юзасидан турли саволлар билан мурожаат қилиб туради. Бугунги кунда турли платформалар, сайтлар ва фирмалар инвестиция имкониятлари таклиф қилишади. Бу, айниқса, чет давлатларда кенг тарқалган. Масалан, фалон сайтга пул юбориб даромад олиш мумкин, фойда 10% дан 50% гача бўлиши мумкин, деб эълон берилган турли сайтлар учраб туради.
Хўш, бундай фойда олиш мумкинми ёки йўқми?
Ҳар қандай компанияга ёки сайтга сармоя киритилиши учун қуйидаги шартлар бажарилиши керак:
1. Инвестиция киритилаётган соҳа/бизнес лойиҳа шаръий жиҳатдан “ҳалол” бўлиши керак. Фаолияти маълум бўлмаган компанияга сармоя киритиб бўлмайди, чунки уларнинг амалиёти судхўрлик, турли ноқонуний амалиёт, қимор ёки ножоиз савдо битимлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бундай компанияларга сармоя киритиш орқали уларнинг ношаръий / ноқонуний фаолиятига аралашиб қолиш, уларни молиялаштириб қўйиш мумкин.
2. Бошланғич капитал (сармоя/дастмоя)нинг хавфсизлиги кафолатланиши мумкин эмас, яъни агар зарар компания ишидаги бепарволик, нотўғри хатти-ҳаракатлар туфайли кўрилганлиги аниқланса, у ҳолда бошланғич сармоя қайтарилиши лозим, лекин агар зарар “табиий” бизнес хатарлар оқибатида кўрилган бўлса, у ҳолда сармоя киритган тараф бизнесга киритган сармоясига мутаносиб равишда зарарга шерик бўлади.
Чунки, агар бошланғич сармоя кафолатланган бўлса, у қарзга тенг бўлиб қолади, олинган фойда эса судхўрлик фоизи ҳисобида бўлади.
3. Фойда муҳокама қилиниши ва у бошланғич сармоянинг эмас, балки умумий фойданинг улуши сифатида кўрсатилиши керак. Масалан, сармоядор фойданинг учдан бир қисми, ярми ёки 20 фоизига давогар бўлиши мумкин, лекин бошланғич сармоянинг бирор-бир фоизига/қисмига эмас.
Фойдадаги улуш номаълум бўлиши мумкин эмас, чунки бундай мавҳум молиявий муносабатлар шариатга зид деб ҳисобланади.
Ибн Қудома (роҳимаҳуллоҳ): “Музораба тўғрилигининг шарти – ишчининг фойдаси / даромаддаги улушини белгилашдир”, – деганлар (демак бусиз шартнома ботил бўлади).
Кейин ўша киши яна: “Музораба, улуш келишилган ва маълум бўлган тақдирдагина тўғри бўлади”, деб айтганлар.
Мушораканинг мавқеи музорабанинг мавқеи билан бир хил, яъни ушбу битимларнинг ҳар иккисида ҳам фойдадаги улушлар аниқлаб / келишиб олиниши зарур” (Ибн Қудома, Aл-Муғни).
Масалан, фойда миқдори 10% дан 50% гача, дейилган бўлса ва бунда бошланғич сармоядан улуш назарда тутилаётган бўлса, у ҳолда бундай амалиёт жоиз эмас, чунки бу ҳийла-найрангдир, яъни бу ҳақиқий шерикчилик / мушорака эмас, балки фоизли қарзнинг бир кўринишидир. Агар бунда фойдадан улуш назарда тутилаётган бўлса, бу ҳам етарли эмас, чунки бунда ҳали мавҳумлик бор, яъни фойдадан бериладиган аниқ улуш кўрсатилмаяпти.
Хулоса қилиб айтганда, турли платформалар орқали сармоя киритишда юқорида келтирилган шартларга риоя қилиш лозим.
Ва яна Aллоҳ билгувчидир.
Ушбу мақолани тайёрлашда islamqa.info сайти материалларидан фойдаланилди.