Бугунги кунда нафақат жисмоний шахслар ва савдогарлар, балки банк-молия тизимида ҳам кенг қўлланиладиган савдо фиқҳида раҳни соил деб аталувчи гаров тури бор бўлиб, ўзбек тилида “ўзгарувчан” гаров деб аталади. Ушбу гаров тури насия савдо битимида ҳам харидор тарафидан қарзни кафолатлаш мақсадида қўлланилади. Унда гаровга олувчи (сотувчи) гаровни қўлига олмайди ва мол гаровга берувчи (харидор)нинг қўлида қолаверади. Аммо агар харидор ўртадаги маҳсулот нархини тўламаса, сотувчи қарзни ёпиш учун гаровдаги нарсани сотишни талаб қилишга ҳақли бўлади. Масалан, харидор тақсит савдосига сотиб олган автомашинасини сотувчига гаровга беришга келишди лекин, сотувчи уни қўлига олмай, фойдаланиб туриши учун харидорда қолдирди. Аммо гаровдаги автомашинани, ўзида сақлаб қолган бўлса ҳам учинчи тарафга сота олмайди ёки номига ўтказиб бера олмайди. Қуйида, бу каби гаров шариат нуқтаи назаридан тўғри ҳисобланадими йўқми кўриб чиқамиз.
Ушбу турдаги гаровнинг жоизлигидаги муаммо фиқҳий жиҳатдан келиб чиқиши мумкин, сабаби аксарият фақиҳлар, гаров шартномаси тўғри бўлиши учун, сотувчи молни олдин қўлига олишини, яъни қабз қилишни шарт қилиб белгилаганлар. Улар бу ҳукмларига асос сифатида, Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолонинг мана бу оятини келтирганлар:
فَرِهَـٰنٌ مَّقْبُوضَةٌ
“Қўлга олинадиган гаров бўлсин”(Бақара сураси, 283-оят).
Ўзгарувчан гаровда эса харидор молни қабул қилиб олмайди, шу сабабдан юқоридаги фақиҳлар гапига кўра бу гаров тўғри бўлмайди. Воқеликда эса фақиҳлар гаровга берувчини молни гаровга топширишдан олдин уни қўлга киритган бўлишини шарт қилган бўлсаларда, шу билан бирга, харидор гаровга қўйишга келишилинган нарсани аввало сотувчига гаровга бериб, кейин ория (шариатда, ория текинга фойдаланиб туриш, деган нарсани ифода қилади. Масалан, қўшнининг болта ва арра каби нарсаларини фойдаланишга олиб туриш каби) сифатида уни қайтариб олишига ижозат беришган. Бу билан гаров келишуви бекор бўлмайди. Балки, сотувчида қачон хоҳласа, гаровга қўйилган нарсани талаб қилиш ҳуқуқи бўлади ва ҳаттоки келишилган тўлов муддати ўтиб кетган тақдирда уни сотиб ундан ўзининг ҳаққини чиқариб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳолатда гаровни сотишдан ортиб қолган маблағ харидорга қайтарилади. Харидор қўйган гаровидан фойдаланаётган вақтда, унинг ҳузурида мол ҳалок бўлса, харидор жавобгар бўлади. Агар харидор инқироз (банкрот) ҳолатига учраса ёки ҳалок бўлса, гаровда сотувчининг келишилган миқдордаги ҳаққи бўлади. Агар вафот этган ёки инқирозга учраган харидорнинг бошқа кишилардан ҳам қарзи бўлса, сотувчи гаровга қўйилган нарсага ҳақдор бўлиб, бошқа ҳақдорлар унга шерик бўла олмайдилар.
Албатта, ушбу гаров тури савдодаги икки тараф учун ҳам фойдалидир. Бир тарафдан гаровга берувчининг фоидаси очиқ-ойдиндир, яъни у гаровга бераётган мулкидан фойдаланиш ҳуқуқидан айрилмайди. Бошқа тарафдан эса гаровга олувчининг фойдаси шундаки, насия савдо бўйича пайдо бўлган қарзни гаров орқали кафолатлаган ҳолда, ўша гаровдаги молга талафот бўлган тақдирда ҳам у (яъни сотувчи) зарар кўрмайди, чунки берган гаровидан ўзи фойдаланиб турган томон (харидор) гаровдаги мулкни яроқли ҳолда сақлаш мажбуриятини ҳам ўз зиммасига олган ҳисобланади. Шу ҳолатда ҳаридорни турли кутилмаган ҳолатлардан ҳимоя қилиш мақсадида ислом суғуртаси – такафул орқали гаровдаги молни суғурталаши мақсадга мувофиқдир. Бундан ташқари, баъзи ҳолатларда тижорат халқаро ёки шахарлараро миқёсда амалга оширилади. Бу каби савдода ўртадаги маблағни кафолатлаш мақсадида қўйилаётган гаровни қабз қилиш, яъни уни қўлга олиш, ўша нарсани бир жойдан иккинчи жойга кўчириш каби ишларга катта маблағ керак бўлганлиги сабабли узрли, яъни иложи йўқ ҳисобланади. Бу суратда ўртадаги қарзни кафолатлашнинг энг самарали усулларидан бири бу ўзгарувчан гаров олишдир.
Fiqh.uz ва бошқа ишончли манбаларда берилган маълумотлар асосида тайёрланди.