Мисрнинг Шарм-ал-Шайх шаҳрида бўлиб ўтган Ислом тараққиёт банки гуруҳининг 47-йиллик йиғилиши доирасида Ўзбекистоннинг Asia Alliance Bank вакиллари ИТБ гуруҳига кирувчи икки ташкилот – Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ICD), Савдони молиялаштириш халқаро ислом корпорацияси (ITFC) раҳбарлари билан, шунингдек, бошқа хорижий молия ташкилотлари билан учрашувлар ўтказди.
Asia Аlliance Bank 2013 йилдан буён ИТБ гуруҳи ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бугунги кунгача ICD билан умумий қиймати 30 миллион АҚШ долларига тенг молия маблағлари жалб қилиш бўйича тўртта келишув имзоланган. Ушбу йиллик йиғилиш давомида Asia Аlliance Bank учун 20 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча молия маблағлари ажратиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, ICD вакиллари, Банк доирасида ташкил этилиши режалаштирилган “Ислом дарчаси” лойиҳасини молиялаштириш ва ишга туширишда Банкни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
2018-йилда Asia Alliance Bank Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб савдони молиялаштириш учун ITFC томонидан ажратилган 9 миллион АҚШ долларига тенг маблағларни муваффақиятли ўзлаштирган. Шу муносабат билан, томонлар Банк учун яна молия маблағлари ажратиш ва икки томонлама ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича келишувга эришдилар.
Бундан ташқари, мазкур халқаро тадбир давомида SaudiaExim Bank (Саудия Арабистони), The First Abu Dhabi Bank ва The Arab Investment Company (Баҳрайн) каби ташкилотлар раҳбарияти билан ҳам учрашувлар ўтказилди.
Музокаралар давомида SaudiExim Bank билан молиялаштириш бўйича келишув, шунингдек, савдони молиялаштириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ва “Ислом дарчаси” лойиҳаси доирасида молия маблағлари жалб қилиш бўйича келишувга эришилди.
Шу билан бирга, ликвидликни таъминлаш мақсадида Малайзиянинг Халқаро Ислом Ликвидликни Бошқариш Корпорацияси (International Islamic Liquidity Management Corporation) вакиллари билан онлайн конференция ўтказиш масаласида келишиб олинди.
Халқаро ислом молия ташкилотлари ҳамда хорижий ислом молия муассасалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, Банкка ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан манфаатли бўлган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ва шу орқали кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш имконини беради, шунингдек, Ўзбекистонда хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга кўмаклашади.
Манба: https://aab.uz/ru/press_center/news