Исломнинг самарадорликка бўлган нуқтаи назарини ва унинг замонавий дунё учун долзарблигини ўрганишимиз учун биз қуйидаги учта масалани кўриб чиқишимиз керак.
1. Замонавий самарадорлик назарияси қаердан келиб чиққанлиги ва унинг замонавий жамиятга таъсирини кўриб чиқишимиз керак.
2. Замонавий самарадорликнинг муаммоларини ҳал қилишда ислом динининг қандай ўзига хос имкониятлари борлигини билишимиз керак;
3. Мусулмонлар ўзларининг эътиқодлари туфайли илгари энг самарали жамиятлардан бўлишган бўлса, нима учун бугунга кунда самарасизлик зулматига ботдилар? Мана шу мураккаб саволга ҳам жавоб топишимиз керак.
ЗАМОНАВИЙ САМАРАДОРЛИК ИЛМИ ТАРИХИ ВА УНИНГ ЗАМОНАВИЙ ЖАМИЯТГА ТАЪСИРИ
Замонавий самарадорлик фанининг келиб чиқиши Ғарб тамаддунининг фалсафий асосларига бориб тақалади. Унинг негизи қуйидагиларга асосланади:
а) Маърифат ва Ақл-идрок даврида пайдо бўлган онг ва фаннинг устунлиги. | б) Черков ва давлатни бир-биридан ажратиш (секулярлик) масаласи ҳамда шу орқали динни жамият ҳаётидан узоқлаштиришга уриниш. | с) Саноат инқилоби билан бошланган ва капиталистик тизимда ўз ифодасини топган, бир вақтни ўзида восита ва мақсад сифатида моддийликка (материализм) интилиш. |
Ушбу илдиз ва пойдеворларни тушуниб/англаб олиш, бугунги кунда тарғиб қилинаётган замонавий самарадорлик фанининг асосларини тушунишимизни осонлаштиради.
XVII асрнинг ўрталарида ва XVIII асрнинг бошларида Маърифат ва Ақл-идрок даври бошланганда, унинг асосий вазифаси фан томонидан исботланмайдиган нарсаларни обрўсизлантириш эди. Бунга Ғарб дунёсининг черков ва умуман дин билан бўлган ноқулай муносабатлари ҳам қўшилган. Ғарб зиёлилари, инсоният тараққиётга эришиши учун дин ва маънавиятни бир четга суриб, инсон ўз ақл-идрокини иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт йўлида сарф қилиши кераклигига амин бўлганлар. Ушбу янги топилган “эркинлик” замонавий миллий давлатлар ва капитализмнинг ривожланишига олиб келди.
Тез орада Фредерик Винслоу Тейлор (Frederick Winslow Taylor) (1856-1915) дан бошлаб, самарадорлик ўз-ўзидан илм-фанга айланди. У илм-фан соҳасида инсон самарадорлигини ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш йўллари ҳамда усулларини ҳужжатлаштириш, шунингдек фабрика ишчилари ёрдамида кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаришни жорий қилган биринчи таниқли шахс бўлган. Шундан сўнг, ташкилий тузилмалар ва тизимлар самарадорликни яхшилашга қандай ёрдам бериши мумкинлигига эътибор қаратилди. 1980 – 2000 йилларда технологик самарадорликда улкан ютуқларга эришилди. Биз ҳозирда, инсонни жисмоний, ҳиссий ва ҳатто неврологик жиҳатдан тушуниш орқали инсон самарадорлигини оширишга қаратилган босқичда яшаяпмиз. Шунингдек, сунъий интеллект ва робототехника ёрдамида инсон салоҳияти ва самарадорлигини кенгайтириш йўллари ва усулларини ўрганмоқдамиз.
Ҳозирча, буларнинг барчаси инсоният учун ижобий ютуқларга ўхшайди. Шахслар, ташкилотлар ва ҳукуматлар ушбу самарадорликдан мос равишда шахсий иш ҳақи, ташкилот фойдаси ва миллатнинг иқтисодий фаровонлиги нуқтаи назаридан фойда кўришмоқда.
Шуни айтиш жоизки, ҳаётнинг кўплаб соҳаларида сезиларли ютуқларга эришган бўлсакда, бу ютуқларнинг ўз “нархи” борлигини инкор эта олмаймиз. Атроф-муҳитга таъсир, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут, замонавий турмуш тарзига боғлиқ бўлган бошқа ижтимоий-жисмоний касалликлар (масалан, оилаларни бузилиши, камҳаракат турмуш тарзи касалликлари ва бошқалар) каби салбий таъсирлар бизнинг самарадорлигимиз ва инсоният цивилизациясида эришган ютуқларимизни шубҳа остига қўяди. Бунинг учун, йўқ бўлиб кетаётган ўрмонларни ёки замонавий дунёнинг талабларини қондириш учун узоқ вақт давомида ўта хавфли шароитларда ишлаётган завод ишчиларини ёки хизмат кўрсатиш соҳасидаги одамлар дунёнинг турли бурчаларидаги мижозларини хурсанд қилиш учун ҳаддан ташқари кўп ишлаётганини кўз олдингизга келтиришингиз мумкин. Бу юқори самарадорликка бўлган интилиш, бизни ушлаб қолиш қийин бўлган ҳаёт пойгасига олиб келди. Ҳа, биз инсон сифатида ўз самарадорлигимизни оширдик, аммо шу билан бирга учта энг қимматбаҳо бўлган нарсаларни йўқотдик: мақсадимиз, қадриятларимиз ва қалбимиз. Инсон сифатида биз ўзимизга (ва бошқа инсонларга) мақсади фақат ишлашга қаратилган руҳсиз машиналар каби муносабатда бўламиз. Биз танамизнинг фаолиятини (фитнес) ва онгимизни (ижодкорлик) яхшилайдиган нарсаларга эътибор қаратдик, аммо қалбимизни озиқлантирадиган қадриятларни эътиборсиз қолдирдик.
Гарчи ушбу бўлим Ғарбнинг фалсафий ва интеллектуал тафаккурида замонавий самарадорлик илмини яратиш билан бошланган бўлсада, бу ҳеч шубҳасиз ҳозирги самарадорлик моделига кўр-кўрона эргашган дунёни қолган қисмини оқламайди. Биз ҳар қандай самарадорлик ва иқтисодий ўсишга интилишда Ғарбдан фарқ қилмай қолдик. Бизнинг, бугунги кундаги самарадорлик ва инсон фаровонлиги ҳақидаги тушунчаларимиз бизнинг эътиқодимиз ва қадриятларимиздан анча йироқ.
Муҳаммад Абдуллоҳ Фариснинг “Самарали мусулмон: иймон ва самарадорлик учрашганда” номли китоби асосида тайёрланди.
Таржимон: Мирзоҳид Низамиддинов
Муҳаррир: Жаҳонгир Имамназаров