AAOIFI Шаръий меъёри № 21:
ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР (АКЦИЯ ВА ОБЛИГАЦИЯЛАР)
Муқаддима
Ушбу меъёрнинг мақсади – акциядорлик жамиятлари акцияларига оид ҳукмларни ҳамда Ислом молия муассасалари акцияларни чиқариш (эмиссия) ва муомалага киритиш (сотиш) жароёнида риоя қилишлари лозим бўлган шариат мезонларини баён этишдан иборат. Шунингдек, ушбу меъёр риболи фоиз ставкаси асосида чиқариладиган облигацияларга оид ҳукмларни тушунтириб беришни мақсад қилади.
Меъёрнинг матни
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш/ қўлланиш доираси):
Ушбу меъёр акцияларни чиқариш (эмиссия) ва муомалага киритиш (олди-сотди) масалаларини, жумладан, акцияларга инвестиция қилиш, улар билан савдо қилиш, уларни ижарага бериш, қарзга бериш, гаровга қўйиш, акциялар бўйича Салам савдосини тузиш тартибини, акциялар бўйича фючерс, опцион ва своп шартномаларини тузишнинг шаръий ҳукмини қамраб олади.
Шунингдек, ушбу меъёр рибо асосида муомалага чиқариладиган облигацияларни уларни чиқариш (эмиссия) ва улар билан муомала қилиш (олди-сотди қилиш)га оид ҳукмларни шариат нуқтайи назаридан баён қилади. Ушбу меъёр инвестиция сукукини ўз ичига чиқмайди, чунки у учун алоҳида махсус меъёр мавжуд.
2. Акцияларни чиқариш (эмиссия қилиш) ҳукмлари:
2/1 Агар компания ташкил этилишидан кўзланган мақсад шаръан рухсат этилган бўлса, акциялар чиқариш жоиз ҳисобланади, яъни компаниянинг асосий фаолияти спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш, чўчқа маҳсулотлари савдоси ёки судхўрлик (рибо) билан шуғулланиш каби тақиқланган (ҳаром) ишлар билан шуғулланишга қаратилмаган бўлиши шарт. Агар компаниянинг мақсади шаръан рухсат этилмаган фаолият бўлса, у ҳолда бундай компанияни ташкил этиш ҳам, шундай компанияни шакллантирувчи акцияларни чиқариш ҳам ман этилади.
2/2 Акцияларга обуна бўлиш жараёнида, эмиссия харажатларини қоплаш мақсадида акция қийматига маълум бир нисбатда устама қўшиш мумкин, модомики ушбу нисбат (миқдор) мутаносиб равишда белгиланган бўлса. (“Ширкат (мушорака) ва замонавий ширкатлар” тўғрисидаги 12-сонли шаръий меъёрнинг 4/1/2/2 бандига қаралсин).
2/3 Компания устав капиталини ошириш мақсадида янги акциялар чиқариши, агар улар мавжуд (эски) акцияларнинг адолатли қийматида чиқариладиган бўлса, жоиз бўлади. Эски акцияларнинг адолатли қиймати экспертлар томонидан компания активларини баҳолаш натижасига кўра ёки бозор қиймати бўйича (эмиссия мукофоти – “ажио” ёки эмиссия чегирмаси – “дизажио” билан) белгиланади (“Ширкат (мушорака) ва замонавий ширкатлар” тўғрисидаги 12-сонли шаръий меъёрнинг 4/1/2/3 бандига қаралсин).
2/4 Акцияларни кафолатли жойлаштириш (андеррайтинг), агар бундай кафолат эвазига ҳеч қандай тўлов қилинмаса, жоиз ҳисобланади. Андеррайтинг – бу компания таъсис этилаётган вақтда барча чиқарилаётган акцияларни ёки ёки уларнинг бир қисмини сотиб олиш мажбуриятини олган томон билан тузиладиган келишувдир. Яъни у бошқалар томонидан сотиб олинмаган/обуна бўлинмаган барча қолган акцияларни номинал қийматда сотиб олиш/обуна бўлиш мажбуриятини олувчи шахснинг ваъдасидир. Шунингдек, тадқиқотлар тайёрлаш ёки акциялар маркетинги (сотувни ташкил қилиш) каби бажариладиган ишлар эвазига ҳақ олиш жоиздир; бу ишларни кафолат берувчи томон ёки бошқа шахс бажаришидан қатъи назар, олинган ҳақ кафолат берганлиги эвазига бўлмаслиги шарт (“Ширкат (мушорака) ва замонавий ширкатлар” тўғрисидаги 12-сонли шаръий меъёрнинг 4/1/2/4 бандига қаралсин).
2/5 Акцияларга обуна бўлиш вақтида дастлабки тўловни амалга ошириб, қолган тўловларни кечиктириш йўли билан акция қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш (тақсит қилиш) жоиз, бунда бўлиб тўлаш тартиби барча акциялар учун умумий бўлиши ва компаниянинг масъулияти/жавобгарлиги обуна бўлинган акциялар тўлиқ қиймати миқдорида сақланиб қолиши шарт (“Ширкат (мушорака) ва замонавий ширкатлар” тўғрисидаги 12-сонли шаръий меъёрнинг 4/1/2/5 бандига қаралсин).
2/6 Компанияни тугатиш (ликвидация қилиш) чоғида ёки фойда тақсимоти вақтида устунлик (приоритет) берувчи молиявий хусусиятларга эга бўлган имтиёзли акциялар (preference shares) чиқариш жоиз эмас. Бироқ, айрим акцияларга оддий акциялар эга бўлган ҳуқуқларга қўшимча овоз бериш ҳуқуқи каби процессуал ёки маъмурий масалалар билан боғлиқ имтиёзлар берилиши жоиз (“Ширкат (мушорака) ва замонавий ширкатлар” тўғрисидаги 12-сонли шаръий меъёрнинг 4/1/2/14 бандига қаралсин).
2/7 Таматтуъ[i] акцияларини чиқариш жоиз эмас. Бу шундай акцияларки, улар акциядорга (шерикка) акцияларининг эвазига берилади, яъни компания фаолияти давомида акциядорга унинг акциялари қиймати фойда ҳисобидан босқичма-босқич қайтарилади ва эвазига унга таматтуъ акцияси берилади. Ушбу акция ўз эгасига (капиталдаги улушни ифода қиладиган) оддий акция эгалари каби ҳуқуқларни беради, бироқ фойда тақсимоти ва компания тугатилганида унинг активларини бўлишишда оддий акциялардан фарқланади: яъни таматтуъ акцияси эгасига оддий акция эгасига нисбатан фойдадан камроқ улуш берилади. Шунингдек, компания тугатилганида (ликвидация қилинганида), таматтуъ акцияси эгаси оддий акция эгалари ўз акцияларининг қийматини тўлиқ олмагунларича, компания активларидан улуш олиш ҳуқуқига эга бўлмайди (“Ширкат (мушорака) ва замонавий ширкатлар” тўғрисидаги 12-сонли шаръий меъёрнинг 4/1/2/15 бандига қаралсин).
2/8 Акция сертификати (ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат) — акциядорнинг компания активларидаги умумий (яъни муайян бўлмаган) эгалик улушини () тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Ушбу ҳужжат – мулкдорнинг номига, унинг топшириғига кўра бошқа шахсга ёки тақдим этувчи номига тегишли равишда расмийлаштирилиши жоиз.
3. Акциялар муамаласига тегишли ҳукмлар:
3/1 Акция акциядорлик жамияти устав капиталидаги умумий (муайян бўлмаган) улушни ифодалайди. Шунингдек, у устав капитали моддий активлар, манфаатлар, қарзлар ва шунга ўхшаш кўринишларга айланганида, компания активларидаги ҳамда улардан келиб чиқадиган ҳуқуқлардаги муайянлаштирилмаган улушни англатади. Акциялар муомаласида шартнома объекти айнан мана шу муайянлаштирилмаган улуш ҳисобланади.[1]
3/2 Агар компаниянинг мақсади ва фаолияти мубоҳ (шариатда рухсат этилган) бўлса, акциядорлик жамиятларининг акцияларини нақд ёки (насия жоиз бўлган ўринларда) насияга сотиб олиш ва сотиш жоиз. Бунда мақсад инвестиция (яъни, дивиденд олиш ниятида акцияга эгалик қилиш) ёки савдо қилиш (яъни, олди-сотди қилиш орқали фойда кўриш) бўлишининг аҳамияти йўқ.
3/3 Компанияни ўзгартириш мақсадида акциядор бўлиш ёки битим тузиш:
Компания фаолиятини шаръий тамойилларга мувофиқ равишда ўзгартиришга қодир бўлган шахсларнинг, акциядорлар умумий йиғилишининг биринчи мажлисида ўзгартириш қарорини қабул қилиш ёки 3/4/6-бандга мувофиқ равишда ўзгартиришга интилиш шарти билан [тақиқланган] компаниялар акциядори бўлишлари ёки уларнинг акциялари билан олди-берди қилишлари жоиздир. (6-сонли “Анъанавий банкни Ислом банкига айлантириш” шаръий меъёрга қаралсин).
3/4 Асосий фаолияти ҳалол бўлган, бироқ фоиз асосида маблағ жойлаштирадиган ёки қарз оладиган компанияларда акциядор бўлиш ёки муомала қилиш (инвестиция ва савдо):
Асл қоидага кўра, асосий фаолияти мубоҳ [рухсат этилган] бўлса-да, вақти-вақти билан рибо ёки шунга ўхшаш ҳаром [тақиқланган] ишларни ҳам қиладиган компанияларнинг акцияларига шерик бўлиш ёки улар билан муомала қилиш (инвестиция ёки савдо) тақиқланади. Бироқ, қуйидаги шартлар асосида бундай компанияларда акциядор бўлиш ёки уларнинг акциялари билан муомала қилишга истисно тарзида рухсат берилади:
3/4/1 Компаниянинг уставида (таъсис ҳужжатларида) рибовий амалиётлар билан шуғулланиш ёки чўчқа маҳсулотлари савдоси каби ҳаром қилинган амаллар билан шуғулланиш компаниянинг мақсадларидан эканлиги ёзилмаган бўлиши керак.
3/4/2 Рибо асосида олинган жами қарзлар миқдори, улар хоҳ узоқ муддатли, хоҳ қисқа муддатли , компания акцияларининг умумий бозор қиймати (Market Cap)нинг 30 % идан ошмаслиги лозим. Шуни ёдда тутиш лозимки, рибо асосида қарз — унинг миқдоридан қатъи назар ҳаром ҳисобланади.
3/4/3 Фоизли депозитларнинг умумий миқдори, депозит муддати қисқа, ўрта ёки узоқ муддатли бўлишидан қатъий назар , компания акцияларининг умумий бозор қиймати (Market Cap)нинг 30% идан ошмаслиги лозим. Бунда шуни билиш лозимки, рибо асосидаги депозитлар, миқдори қанча бўлишидан қатъий назар, тақиқланади.
3/4/4 Тақиқланган унсурлардан (фаолият турларидан) келиб чиқадиган даромад миқдори компаниянинг жами даромадининг 5% идан ошмаслиги лозим. Бунда даромад ман қилинган иш билан шуғулланишдан ёки ҳаром мулкка эгалик қилишдан келиб чиққанлигининг аҳамияти йўқ. Агар айрим даромадлар (ҳисоботларда) очиқланмаган бўлса, уларни аниқлаш учун жидду-жаҳд қилинади (яъни астойдил ҳаракат қилинади) ва эҳтиёт томонини олиш керак бўлади.
3/4/5 Ушбу нисбатларни белгилашда компаниянинг охирги аудиторлик текширувидан ўтган бухгалтерия баланси ёки молиявий натижалари тўғрисидаги ҳисоботига таянилади.
3/4/6 Мазкур компаниялар даромадларига аралашган ҳаром даромадлардан акцияга тўғри келадиган қисмидан қуйидаги тартибда халос бўлиш (яъни даромадлар таркибини тозалаш) вожибдир (яъни бу мажбурийдир):
3/4/6/1 Тақиқланган (ҳаром) даромаддан — у хоҳ фаолиятдан, хоҳ тақиқланган (ҳаром) мулкдан ёки фоизлардан келиб чиққан бўлсин — молиявий давр якунида акцияларга эгалик қилган шахс (инвестор ёки трейдер бўлишидан қатъий назар) халос бўлиши шарт. Бу мажбурият якуний молиявий ҳисоботлар (чораклик, йиллик ёки бошқа) эълон қилинган вақтда юзага келади. Шунга кўра, молиявий давр якунланишидан олдин акцияларини сотиб юборган шахсга (ушбу акция бўйича) тозалаш мажбурияти юклатилмайди.
3/4/6/2 Тозаланиши лозим бўлган миқдор — ҳаром даромаднинг акцияга тегишли бўлган улушидир. Бунда фойда тақсимланган ёки тақсимланмаганлиги, шунингдек, компания фойда кўрган ёки зарар кўрганлигининг аҳамияти йўқ.
3/4/6/3 Брокер (воситачи), вакил ёки бошқарувчи (менежер) ўз комиссияси ёки хизмат ҳақларининг бир қисмидан халос бўлишлари шарт эмас, чунки бу уларнинг бажарган ишлари эвазига олган хизмати ҳақларидир.
3/4/6/4 Акция билан муомала қилувчи шахс тозалаши (халос бўлиши) лозим бўлган миқдор (сумма) қуйидагича ҳисобланади: акциялари билан муомала қилинган компаниянинг жами ҳаром даромади ушбу компаниянинг акциялари сонига бўлинади ва ҳар бир акцияга тўғри келадиган улуш аниқланади. Сўнгра чиққан натижа иштирокчига (жисмоний шахс, муассаса, жамғарма ва ҳ.к.) тегишли бўлган акциялар сонига кўпайтирилади. Ҳосил бўлган сумма тозаланиши лозим бўлган миқдордир.
3/4/6/5 Тозаланиши шарт бўлган даромадлардан ҳар қандай шаклда фойдаланиш ёки қанақа йўл билан бўлмасин уни айланиб ўтиш (ҳийла ишлатиш), жумладан солиқларни тўлаш учун ишлатиш ҳам жоиз эмас.
3/4/6/6 Ҳаром даромадлардан халос бўлиш ва уларни хайрияга йўналтириш (тозалаш) масъулияти, агар муассаса амалиётларни ўз номидан (ўзи учун) амалга оширган бўлса ёки бошқарувчи компания сифатида амалга оширган бўлса, ўша муассаса зиммасига юкланади.. Бироқ муассаса воситачи (брокер) сифатида ишлаган тақдирда, у мижозга ҳаром унсурни тозалаш (улардан халос бўлиш) тартибини тушунтириши шарт, токи мижоз буни мустақил бажарсин. Муассаса хоҳловчи мижозлар учун ушбу (ҳисоб-китоб ва тозалаш) хизматини ҳақ эвазига ёки бепул амалга оширишлари мумкин.
3/4/7 Муассаса юқорида қайд этилган қоида/мезонларга хоҳ мустақил равишда, хоҳ бошқа (учинчи) шахслар орқали риоя қилиши шарт, бунда у амалиётларни ўз номидан амалга оширганлигини ёки учинчи шахслар учун, воситачи, молиявий маблағларни бошқарувчи ёки вакил сифатида амалга оширганлигини аҳамияти йўқ.
3/4/8 Компанияда (акциядор сифатида) иштирок этиш ёки унинг акциялари билан муомала қилиш давомида ушбу мезонларга риоя қилиниши доимий назорат қилиниши шарт. Агар ушбу мезонлардан бирортаси бузилса, мазкур инвестиция фаолиятидан чиқиб кетиш (акцияларни сотиш) вожиб бўлади.
(давоми бор…)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFIнинг
CSАА сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси
[1] “Шаръий ҳукмларнинг асослари” шуни кўрсатадики, активлари моддий активлар ва манфаатлар билан бир қаторда, ушбу моддий актив ва манфаатлардан кўп бўлган қарзлар ҳамда нақд пулларни ҳам ифодаловчи компания акциялари муомаласи — моддий актив ва манфаатлар улуши умумий активларнинг камида учдан бир қисмини (1/3) ташкил этиши шарти билан жоиз. Бу қарз ва нақд пулларнинг моддий активларга нисбатан тобе (иккинчи даражали) деб ҳисобланиши учун зарурдир.
(Ушбу изоҳ, Худо хоҳласа, меъёр
матнини кейинчалик унга ўзгартириш киритиш тартиб-таомилларини амалга оширишга
тайёргарлик сифатида келтирилган.) шуни иншааллоҳ деб ўзгартирсак ёки олиб ташласак тўғри бўлармикин?
[i] “Таматту” сўзининг луғавий маъноси – “роҳатбахш”