Пулга эҳтиёжи бор бўлган мижоз ижара/лизинг билан шуғулланувчи молия муассасига келади ва ўзига тегишли бўлган бирор мулкни қайтарма ижара битими асосида (русчада “возвратный лизинг”, инглиз тилда “leaseback”) сотиб олишни таклиф қилади. Бу ҳолатдаги мақсад – ўз мулкини сотиш ва қайтариб ижарага олиш. Агар молия муассасаси таклифга рози бўлса мулкни сотиб олади ва уни қайтариб ўша мижозга ижарага беради. Бу ҳақда AAOIFI 9 рақамли шаръий меъёрининг 3.2 бандида шундай дейилган:
3/2 Муассаса, бирор шахс ёки ташкилотдан актив (мол-мулк)ни сотиб олиб, сўнгра уни айнан ўша сотувчига ижарага бериши мумкин. Лекин муассаса активга эгалик ҳуқуқини қўлга киритадиган савдо шартномасида ижарага беришни шарт сифатида (шартномага) киритиши жоиз эмас.
AAOIFI 9 рақамли шаръий меъёри
Демак, аслида молия муассасаси мижоз билан унга сотиб олинган мулкни ижарага бериш юзасидан расман (яъни шартнома орқали) келишиб олиши мумкин эмас экан. Бироқ, мижоз ҳам, молия муассасси ҳам мижоз нима мақсадда ўз мулкини сотиб олишни таклиф қилаётганлигини тушунишади ва бу борада норасмий равишда келишиб олишади. Шу билан бирга, мижознинг мулкини қайтариб ижарага олиш, олмаслиги аниқ кафолатланган эмас, яъни бу хатар қайсидир даражада сақланиб туради, чунки ваъдалашув шартномадан фарқли равишда қонуний кучга эга эмас.
Мана энди масаланинг яна бир нозик жиҳати очилади. Амалиётда, молия муассасаси сотиб олинган мулкни мижозга оддий ижара асосида эмас, балки эгалик билан якунланувчи ижара (яъни ижара мунтаҳия бит-тамлик) асосида беради. Ушбу ижара шартномасининг оддий ижарадан фарқи шундаки, бунда мижоз молия муассасасига келишилган давр ичида активнинг нархини ижара тўловлари билан бирга амалга ошириб боради, барча тўловлар қилиб бўлинганда мулкни қолдиқ қиймати бўйича (ёки бирор рамзий нархда) молия муассасидан сотиб олади. Бир қарашда ижара мунтаҳия бит-тамлик асосидаги ушбу қайтарма ижара битими аксарият ислом уламолари ножоиз деб тақиқлаган бай-ал-ъина битимига ўхшайди, чунки унда ҳам икки томон иштирок этади ва унда ҳам нақд пулга эхтиёжи бор бўлган томон савдо битими воситасида нақд пулга эга бўлади. Демак, ушбу икки битимдан мурод – ликвидликни таъминлаш.
Ушбу ўхшашликлар туфайли қайтарма ижара битимини ҳам ножоиз дейиш тўғри бўладими?
Келинг, қуйидаги таққослама жадвал ёрдамида ижара мунтахия бит-тамлик орқали амалга оширилувчи қайтарма ижара битими ва байъ ал-ъина битими (сохта шартнома)ни таққослашга ва улар ўртасидаги фарқларни кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.

Хулоса ўрнида:
Баъзи уламолар қайтарма ижарани маъқуллашмаган. Шу билан бирга AAOIFIнинг 9 меъёрида бу турдаги битимга маълум шартлар асосида (хусусан мижоздан сотиб олинган мулк унинг ўзига қайтариб ижарага бериш шарти ҳамда ижара шартномасида мулк ижара якунида мижозга сотилиши ҳақидаги шартлар битимга киритилмаслиги) рухсат берилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қайтарма ижара битимини фақат жиддий зарурат бўлиб, лекин эхтиёжга мос бўлган бошқа молиявий битим бўлмаганда, мулкни ижарага беришдан олдин уни ҳақиқатда олди-сотди қилиб ва у бўйича хатарларни зиммага олиб, турли сохта келишувлар қилмасдан (шариатимиздаги “Ал-умур би мақосидиҳа” – Ишлар мақсад-ниятларга боғлиқдир, қоидасини эсдан чиқармаган ҳолда) қўллаш мумкин бўлган шартнома дейиш мумкин. Демак, молия муассасалари ушбу битимни асосий молиялаштириш воситаларидан бирига айлантириб олишлари тўғри эмас.
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси