ШАРЪИЙ МЕЪЁР №12
ШИРКАТ (МУШОРАКА) ВА ЗАМОНАВИЙ ШИРКАТЛАР
Меъёрнинг матни
3/1/4 Ширкатдаги кафолатлар:
3/1/4/1 Шериклар ширкат капиталига нисбатан омонатдор мақомида бўлиб, ҳеч бир шерик тажовуз (таъаддий) ёки лоқайдлик/бепарволикдан бошқа ҳолатларда зарар учун зомин (жавобгар) бўлмайди. Бирор шерик бошқа бир шерикнинг сармоясини кафолатлашини шарт қилиш ҳам жоиз эмас.
3/1/4/2 Ширкатда шериклардан бири тажовуз, бепарволик ёки шартнома шартларини бузиш ҳолатларига қарши кафолат сифатида бошқа шеригидан кафиллик ёки гаров тақдим этишни талаб қилиши жоиз.
3/1/4/3 Юридик мақом ва молиявий жавобгарлик нуқтаи назаридан ширкат иштирокчиларидан мустақил бўлган, яъни бу жиҳатдан ширкатга алоқадор бўлмаган учинчи томон зарарни қоплаш мажбуриятини ўз зиммасига олиши жоиз. Бундай мажбурият Мушорака шартномасидан мустақил бўлиши, эвазсиз бўлиши ҳамда мажбурият/зоминликни зиммасига олган учинчи томон кафолат (кафиллик) берилаётган томоннинг 50%, яъни ярмидан кўпига эгалик қилмаслиги керак ёки унга тегишли муассаса бўлмаслиги шарт. Шунга кўра, кафиллик/кафолат тақдим қилинаётган (яъни кафолатдан манфаатдор) шерик кафолат (кафиллик) берган томон ўз ваъда (мажбурият)ини бажарилмагани сабабли ширкатни бекор деб ҳисоблаш ёки ширкат бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш ҳуқуқига эга эмас. Чунки бу кафиллик ҳужжати ширкат шартномасининг таркибий қисми ҳисобланмайди (яъни кафолатдан манфаатдор томоннинг кафиллик мушораканинг асосий шарти/таркибий қисми сифатида кўрилганлиги тўғрисидаги даъвоси кучга эга эмас).
Шунга кўра, кафиллик/кафолат тақдим қилинаётган (яъни кафолатдан манфаатдор) шерик хайр-эҳсон асосида кафолат берган томон ўз мажбуриятини бажармаслиги сабабли, ушбу мажбурият ширкат шартномасида эътиборга олинадиган банд, деган баҳона билан ширкатни бекор қилиш ёки ўз мажбуриятини бажаришдан бош тортиш ҳуқуқига эга эмас.
3/1/5 Ширкат (фаолияти) натижалари (фойда ёки зарар):
3/1/5/1 Мушорака шартномасида шериклар ўртасида фойдани тақсимлаш усули кўрсатилиши лозим, ва ушбу усул фойдадаги умумий нисбат кўринишида бўлиши мумкин, лекин қатъий белгиланган сумма ёки капиталнинг муайян фоизи шаклида бўлиши мумкин эмас.
3/1/5/2 Ширкат иштирокчиларининг фойдадаги улушини аниқлашни фойда олингунга қадар кечиктириш жоиз эмас, балки уни шерикчилик шартномаси тузилаётган вақтда белгилаб олиш лозим. Фойдани тақсимлаш вақтида фойдадаги улушларни ўзгартириш бўйича келишув қилиш ёки шериклардан бири ўз улушининг бир қисмидан бошқа шерикнинг фойдасига воз кечишига ҳеч қандай эътироз йўқ.
3/1/5/3 Фойда тақсимлаш нисбати (шерикларнинг) сармоядаги ҳиссалари нисбатига мутаносиб (пропорционал) бўлиши жоиз. Ширкат иштирокчилари фойдани бундан бошқача нисбатда тақсимлашга келишиб олиш ҳуқуқига ҳам эгалар. Лекин ширкатда ишламасликни шарт қилган шерик (фаол бўлмаган сармоядор)нинг фойдадаги улуши сармоядаги ҳиссаси нисбатидан ортиқ бўлмаслиги керак. Бироқ, ширкатда ишламасликни шарт қилмаган шерик гарчи ишламаса ҳам фойдадаги улуши сармоядаги улушидан кўпроқ бўлишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
3/1/5/4 Зарардаги улуш ширкат сармояси (капитали)даги ҳиссага мутаносиб (пропорционал) бўлиши лозим. Барча зарарни ширкатдаги иштирокчилардан бирининг зиммасига юклаш ёки ширкатдаги ҳиссадан фарқли нисбатда тақсимлашга келишиш жоиз эмас. Зарар кўрилган вазиятда томонлардан бири олдиндан шарт қилмаган ҳолда уни (яъни зарарни) ўз зиммасига олишига ҳеч қандай монелик йўқ.
3/1/5/5 Фойда тақсимлашнинг исталган усулидан: ўзгармас ёки вақт оралиғига қараб ўзгарувчан усулдан фойдаланишга келишиб олиш жоиз. Масалан, биринчи фойда тақсимоти учун фалон нисбат, иккинчиси учун эса даврдаги фарққа қараб ёки олинган фойда миқдорига қараб фалон нисбат каби. Фақат, бундай тақсимот шериклардан бирининг фойдадаги иштирокини чеклашга (ёки бутунлай маҳрум қилишга) олиб келмаслиги шарт.
3/1/5/6 Харажатлар, тўловлар, йиғимлар ва солиқлар чегириб ташланмасдан ва капитални қайтариб олиш имкониятига эга бўлмасдан олдин фойдани шериклар ўртасида якуний тақсимот кўринишида тақсимлаш жоиз эмас.
3/1/5/7 Ширкат шартномасидаги шартлар ёки унинг фойда тақсимоти асослари фойдада иштирок этишни чеклаш эҳтимолига олиб келадиган бирор бир банд ёки шартни ўз ичига олиши жоиз эмас. Мисол учун, шериклардан бирига муайян миқдордаги маблағ ёки сармоянинг маълум бир фоизини фойда сифатида белгилашни шарт қилиш каби. Агар шу каби шарт қўйилса — бундай шарт ботил (бекор) ҳисобланади. Агар фойда олинишидан олдин бундай (ножоиз) шарт тўғриланса/тузатилса, фойда шериклар ўртасида тузатиш киритилгандан кейинги нисбатга мувофиқ равишда тақсимланади. Агар фойда кўрилгунга қадар юқоридаги шарт тўғриланмаса, у ҳолда фойда шерикларнинг сармоядаги улушига мувофиқ тақсим қилинади.
3/1/5/8 Юқоридаги 3/1/5/3-банддаги қоидаларни ҳисобга олган ҳолда, агар фойда муайян кўрсаткичдан ошадиган бўлса, шериклардан бири мазкур кўрсаткичдан ошган фойдани олиши бўйича келишув қилиш жоиз. Агар фойда ўша чегарада ёки ундан паст бўлса, фойда тақсимоти шериклар ўртасидаги келишувга мувофиқ амалга оширилади.
3/1/5/9 Фойда якуний кўринишда, яъни ширкатнинг барча мавжуд активларини сотишдан тушган тушум асосида тақсим қилинади. Бу амалиёт (ширкатни) ҳақиқий тугатиш (ликвидация) сифатида маълум. Фойдани ҳукмий ликвидация асосида, яъни ширкат активларини адолатли қиймат бўйича баҳолаш асосида тақсимлаш ҳам жоиз. Дебиторлик қарзлари ундирилиши кутилаётган пул қийматида, яъни умумий дебитор қарздорлигидан шубҳали қарзлар улуши чегириб ташлангандан кейин ҳисобланади. Дебиторлик қарзларини ҳисоблашда қарзнинг вақт қиймати (фоиз ставкаси) деган тушунча йўқ. Шунингдек, қарзнинг жорий қийматига асосланган чегирма тамойили, яъни тўлашни тезлаштириш эвазига қарз миқдорини камайтириш амалиёти мавжуд эмас. Пул маблағлари ўз миқдорига кўра қайд этилади.
3/1/5/10 Фойдани кутилаётган фойда асосида якуний тақсимлаш жоиз эмас, балки фойда тақсимоти ҳақиқий ёки ҳукмий тугатиш (ликвидация) натижасига кўра олинган фойда асосида амалга оширилиши керак.
3/1/5/11 Маблағларни, ҳақиқий ёки ҳукмий тугатиш (баҳолаш)дан олдин, бирламчи ҳисоб-китоб асосида тақсимлаш жоиз. Фақат, ҳақиқий (реал) ҳисоб-китоб кейинчалик амалга оширилиш шарт. Бунда, томонлар ҳақиқий ёки ҳукмий тугатиш (баҳолаш)дан кейин ҳақиқатда тўланиши керак бўлган пул миқдоридан ортиқча олинган маблағни қайтариш мажбуриятини ўз зиммаларига олишади.
3/1/5/12 Агар ширкат даромад келтирадиган активларни ижарага бериш ёки даромад келтирадиган хизматлар кўрсатиш мақсадида тузилган бўлса, у ҳолда бундай фаолият давомида олинган даврий даромаддан шериклар олган улуш бирламчи ҳисоб-китоб асосида тақсимланган даромад ҳисобланади ва у ҳақиқий фойда ҳисобланган пайтда қайта ҳисоб-китоб қилиниши лозим.
3/1/5/13 Жамият низомига ёки шериклар қарорига таянган ҳолда, ширкат фойдасини тақсимламасдан уни сақлаб туриш, ёки ширкатнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида фойданинг маълум қисмини даврий равишда захира сифатида ажратиб бориш, ёки устав капитали йўқотилиши хатарини камайтириш учун махсус захира жамғармаси (резерв фонди) шакллантириш, шунингдек, фойда тақсимоти даражасини барқарор ушлаб туриш захираси яратиш мумкин.
3/1/5/14 Фойданинг маълум қисмини (фоизини) шериклардан бошқа (учинчи) шахсларга табарруъ (эҳсон) сифатида ажратиш тўғрисида келишув қилиш жоиз.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси