«5. Бас, кимки ато (закот ва садақотларни) берса ва (Аллоҳдан) қўрқса,
6. ҳамда гўзал (нарса)ни* тасдиқ этса,
7. бас, унга осон (йўл)ни муяссар қилурмиз.
8. Аммо, кимки бахиллик қилса ва (ўзини) беҳожат санаса,
9. ҳамда гўзал (нарса)ни ёлғонга чиқарса,
10. бас, унга оғир (йўл)ни “муяссар” қилурмиз.
11. (У) ҳалок бўлган вақтида бойлиги унга фойда бермас.
12. Албатта, ҳидоят (Тўғри йўлга йўллаш) фақат Бизнинг зиммамиздадир.»
Аллоҳ таоло берган молу дунёдан Аллоҳ таоло Ўзи кўрсатган жойларга сарфлаш, жумладан, муҳтож кишиларга ато бериш ҳам ибодатдир. Аллоҳ таоло кўрсатмаси бўйича пул-мол сарфлаш молиявий ибодат ҳисобланади. Молиявий ибодатни “садақа” ҳам дейилади. Садақанинг луғатдаги маъноси “тасдиқлаш”дир. Кишилар тиллари билан иймонли эканликларини даъво қилаверадилар. Улар баъзи баданий-жисмоний ибодатларни ҳам қилаверадилар. Аммо иймон тасдиғини кўрсатиш молу дунё сарфлашга келганда билинади. Ўзидан кечиб Аллоҳ таоло кўрсатган жойга молу дунё сарфлаган одамнинг иймони тасдиқланади. Ислом бундоқ ибодатга ўзининг биринчи кунларидан бошлаб даъват қилган. Мана шу ояти карималарда ҳам инсоннинг турли яхши ишлари қаторида биринчи бўлиб молиявий ибодат зикр қилинмоқда. Албатта, ҳар бир ибодат учун шарт бўлган тақво молиявий ибодатга ҳам шартдир. Тақвосиз қилинган молиявий ато нотўғри бўлиши, риё, миннат ёки бошқа номақбул омиллар аралашиб кетиши мумкин.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг берган куни канда қилмасдан икки фаришта ботаётган қуёшнинг икки тарафида туриб нидо қиладилар. Уларнинг нидосини одамлар ва жинлардан бошқа ҳамма махлуқот эшитади: “Аллоҳим! Нафақа берувчига (бергани ўрнига яна мол-дунё) бергин, мумсик (бахил)нинг (молини) йўқ қилгин”, деганлар.
* Муфассирлар гўзал нарса бу ислом дейишган.