“Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиринглар ҳамда сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан эҳсон қилинглар. Бас, сизлардан иймон келтирган ва эҳсон қилганларга улкан ажр бордир.”
Ушбу оятда барча инсонларга қарата:
“Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиринглар”, деб хитоб қилинмоқда. Иймонсизлар ҳам ўтган оятлардаги маъноларни мулоҳаза қилиб кўрсалар, бу гаплар бари беҳуда эмаслигини, бутун оламнинг тадбирини қилиб турган Зот борлигини тушунадилар. Шундай экан, иймон келтиришлари лозим. Аллоҳга иймон келтирса, унинг Расулига ҳам ўз-ўзидан иймон келтириш лозим бўлади. Аслида, иймони бор кимсалар мазкурларни фикрлаб кўрса, албатта, иймони янада мустаҳкам бўлади ва динда собитқадам бўлади. “Иймон келтиринг” деб хитоб қилиниши бежиз эмас, инсон доимо эслатмага муҳтож.
Иймонга қилинган даъватдан сўнг хайр-эҳсон қилишга даъват бўлмоқда.
“…ҳамда сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан эҳсон қилинглар”.
“Сизларни халифа қилиб қўйган нарсадан” жумласидан аён бўладики, инсонга берилган молу дунё Аллоҳнинг омонати, ҳақиқий эга эса Аллоҳнинг Ўзи. Қўлига мол-дунё берилган одам — вакил, халифа, холос. Агар у вафот этса ёки бирор бошқа сабаб чиқиб қолса, молу дунё бошқа вакилга ўтиб кетаверади. Шунинг учун қўлига Аллоҳнинг моли топширилган шахс унга хиёнат қилмаслиги ҳамда садақа қилиб, Аллоҳнинг ҳузурида ажру савобини кўпайтириши лозим.
Манба: “Тафсири ҳилол”