«Ҳой, сизлар. Анавилар. Аллоҳнинг йўлида нафақа қилишга чақирилсангиз, бас, баъзиларингиз бахиллик қилурсизлар. Ва ким бахиллик қилса, албатта, ўзига бахиллик қилур. Ва ҳолбуки, Аллоҳ бой, сизлар камбағалсизлар. Ва агар сиз юз ўгириб кетсангиз, сиздан бошқа қавмни ўрнингизга келтирур, улар эса сизларга ўхшаган бўлмаслар.»
Ояти каримада Аллоҳ таоло инсон табиатини қанчалик дақиқ билишини таъкидламоқда ҳамда воқелик ҳақида хабардор қилмоқда. Ҳақиқатан ҳам, ушбу ояти карималар нозил бўлиб турган вақтда инсоният тарихида олтин саҳифалар бўлиб қоладиган сахийлик, Аллоҳнинг йўлида холис мол сарфлашдек фазилатлар кўп мусулмонларга хос бўлиб, уларнинг бу борадаги ишлари мўъжиза даражасига бориб етгани тарих саҳифаларида боқий қолган. Шу билан бирга, баъзи бахиллар ҳам бўлганки, бу ҳам воқеликдир. Қуръони Карим ушбу оятда шу бахилликни муолажа қилмоқда. Содир этилган бахиллик муолажа қилинаётгани учун нидо ҳам ўшанга яраша бўлмоқда:
“Ҳой, сизлар. Анавилар”.
Нима учун молларингизни ортиқча яхши кўрасиз?
“Аллоҳнинг йўлида нафақа қилишга чақирилсангиз, бас, баъзиларингиз бахиллик қилурсизлар”.
Бу мўмин-мусулмон инсонга мутлақо тўғри келмайдиган иш. Наҳотки, молу дунёни ризқ қилиб берган Зот Ўзининг йўлида ўша молу дунёнинг баъзисини нафақа қилишга чақирганда бахиллик қилинса?!
“Ва ким бахиллик қилса, албатта, ўзига бахиллик қилур”.
Ким хайр-эҳсон қилса, Аллоҳнинг йўлида сарф-харажат қилса, ўзига захира тўплаган бўлади. Охиратда қачон хоҳласа, ундан олаверадилар. Ҳа, бу дунёда қилинган нафақа қиёмат куни учун тўплаб қўйилган эҳтиёт жамғарма ҳисобланади. Кимки бу дунёда Аллоҳнинг йўлида, дин йўлида сарф қилишдан қочса, бахиллик қилса, демак, ўзининг охиратдаги жамғармасининг кўпайишига қарши ҳаракат қилган бўлади. Сиртдан мол-пулни тежаб қолиб, ўзига, оиласига, бола-чақасига ишлатганга ўхшайдию, лекин аслини олганда, барчани охират савобидан маҳрум қилган бўлади. Чунки нафақа қилса, ўзига қилган бўлади. Аллоҳ эса ҳеч кимнинг нафақасига муҳтож эмас:
“Ва ҳолбуки, Аллоҳ бой, сизлар камбағалсизлар”.
Қўлларингиздаги мол-дунёни вақтинчалик, сизларни синаш учун Аллоҳнинг Ўзи берганку! Ўзи берган ўша молдан нафақа қилсангиз, уни сақлаб, кўпайтириб қайтарадиган ҳам Ўзику! Қайси тарафдан қаралганда ҳам, камбағалсизлар. Ҳожатманд сизлар, дейилмоқда. Қўлингиздаги молни Аллоҳ берган бўлса, улардан савоб ҳосил бўлса, савобни берувчи ҳам Аллоҳнинг Ўзи бўлса, унда нимага Аллоҳнинг дини йўлида бахиллик қиласиз?!
“Ва агар сиз юз ўгириб кетсангиз, сиздан бошқа қавмни ўрнингизга келтирур…”
Албатта, янги қавм аввалгисига ўхшаб қўрқоқ, дангаса ва бахил бўлмайди.
“…улар эса сизларга ўхшаган бўлмаслар”.
Ибн Абу Ҳотим қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадиларки: “Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом “…Ва агар сиз юз ўгириб кетсангиз, сиздан бошқа қавмни ўрнингизга келтиради, улар сизларга ўхшаган бўлмаслар”, деган оятни ўқиган эдилар, саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз юз ўгирсак, ўрнимизга келадиган, бизга ўхшамайдиганлар кимлар?» деб сўрашди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг елкаларига уриб: “Мана бу ва унинг қавми”, дедилар.